Бош саҳифа / Жамият / Оила қуриш осон, аммо…

Оила қуриш осон, аммо…

Шабнам олти ёшга тўлди. Ота-онаси тирик, лекин уларнинг меҳрини ҳеч ҳис қилмайди. Унга отасининг нўноқлиги-ю, онасининг қўлидан ҳеч иш келмаслигини пеша қиладилар. Шунданми, унинг назарида ота-онаси ёмон кимсалар. Уларнинг турмуш қурганига эса етти йил бўлган.

Ҳали оила қуришга тайёр бўлмаган келиннинг қўлидан телефон тушмасди. Оёқлари ишламай, ногирон бўлиб қолган қайнонага ғам- хўрлик қилиш ўрнига, қўшни келинлар билан “гап” сотиб ўтирарди. Буни кўрган ўғил, албатта, аёлини урарди. Бора-бора оддий ҳолга айланган жанжаллар, эрини тез-тез ичадиган қилиб қўйди. Қўшнилар ҳар куни бўладиган жанжаллар уларнинг тинчлигини бузаётгани учун маҳаллага шикоят қилди. Маҳалла раисининг танбеҳларига қарамасдан, ичкиликка ружу қўйган ота, сал баҳона топилди дегунча хотинини дўппосларди. Ҳар галги жанжалдан юрагини ҳовучлаб ўтирадиган Шабнам қўрқоқ бўлиб қолди. Ҳатто, тенгдош ўртоқларидан уялиб кўчага чиқолмади. Мурғак бола бу жанжалларнинг қачон тугаши ҳақида ўйларди. Онасининг қўшни аёлларга “Эрим билан ажрашаман”, деган сўзини эшитганда юраги аввалгидан-да қаттиқроқ титрарди. Ёш бўлса-да, бу сўзнинг маъносига тушуниб етганди. Онаси судга ариза топширди.

Суднинг қарори  билан уни онаси тарбия қиладиган бўлди. Шабнам мактабга боришда ҳам, қайтишда ҳам отасининг дўкон олдида ичиб ўтирганини кўрарди. Онаси “телефондаги яқинлар”и билан овора бўлиб, қизига мутлақо эътиборсиз бўлиб қолди. Шабнам ота-онасининг бирга яшаб, унга бироз меҳр беришларини истарди. Истардию, бироқ меҳр ошёнига дарз кетган эди…

Афсуски, орамизда мана шундай меҳрга зор инсонлар бор. Оила қураётганда ёшлар, албатта, кимнингдир маслаҳатини олади. Қиз онасининг, ўғил эса отасининг маслаҳатини. Бироқ ҳозирги ёшларнинг замонавий қарашлари туфайли баъзи ҳолларда оила қўрғонига дарз кетаётир. Ваҳоланки, шарқда қадимдан оила тарбия ўчоғи бўлиб келган. Ундан маънавият, маърифат уфуриб турган. Буюк файласуф Ж. Сантаяна бежиз “Оила табиатнинг шоҳ асарларидан биридир”, деб ёзмаган эди. Оила — бу кичик жамиятдир. Ўша жамиятда тарбияланаётган фарзанд эса барчамизнинг келажагимиз, эртанги кунимизга ярайдиган суянчиғимиз ҳисобланади. Уларнинг тирик етим бўлишига йўл қўяётган ота-оналар ўз келажагига путур етказаётганлигини қачон англайди? Назаримда, Президентимиз таъкидлаганларидек, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимларида махсус комиссиялар ташкил этилса, у ерда дин вакиллари, кўпни кўрган кекса фаоллар, ҳуқуқшунос ва руҳшуносларнинг бўлиши таъминланса, улар оила қуриш учун ариза бераётган ёшлар билан обдон суҳбатлашиб, ҳар икки ёшнинг ҳуқуқи ва бурчини ёки уларнинг руҳий тайёргарлигини синовдан ўтказишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу тажриба турли оилавий низоларнинг олдини олишга, Шабнам каби жабрдийда болаларнинг оила бағрида ўсиб камолга етишига ёрдам беради.

Дилдора АШУРОВА,
Термиз педагогика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan