Тан олиш керакки, вилоятда оилавий ажримлар, эрта никоҳ, ёлғиз онадан туғилиш, оталикни белгилаш, қизларнинг чет эл фуқаролари билан сунъий никоҳ тузиши каби салбий ҳолатлар кўпайиб бормоқда.
Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда Президентимизнинг 2018 йил 12 июндаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўрсатиб ўтилган вазифалар ижросини таъминлаш воҳада қониқарли эмаслиги айтиб ўтилди.
Бунинг учун хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий маркази, ҚФЙ, ФҲДЁ бўлимлари ва масъул ташкилотлар ҳамкорликдаги ишларини янада жонлантириши лозим.
Йиғилишда соҳа ходимларига тегишли кўрсатмалар берилиб, вазифалар юклатилди. Ўз фаолиятида масъулиятсизликка йўл қўйган айрим ФҲДЁ бўлими мудиралари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Ўз мухбиримиз