Бош саҳифа / Жамият / Оила муқаддас, аёл мўътабар

Оила муқаддас, аёл мўътабар

Жамиятда оила мустаҳкамлигини таъминлаш  ҳамма даврлар учун долзарблик касб этган. Халққадриятлари ва маънавиятининг олтин бешиги саналмиш оила, унинг мангу ёниқ чироғи­­ бўлган аёлга эҳтиром бугун ҳар қачонгидан-да юқори.

Бундай  эъзознинг яна бир ифодаси Юртбошимиз томонидан 2 февралда имзоланган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бўлди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши фармоннинг устувор йўналишларидан саналади. Жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг ҳар қандай муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш, бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш хотин-қизлар қўмиталари фаолиятининг бош вазифалари этиб белгиланган.

Фармонда қайд этилганидек, хотин-қизлар қўмиталари раислари, энг аввало, учта масала бўйича шахсан жавобгардир дейилади. Булар жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, манзилли қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, фуқароларнинг ўзини ўзи  бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашдир.

Маҳаллаларда оилавий муносабатлар, айниқса, хотин-қизлар масалаларини ўрганиш, таҳлил этиш ва мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш самарадорлигини ошириш мақсадида 2018 йил 1 апрелдан эътиборан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари тузилмаси таркибида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис фаолият юритади ва  фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда ишлайди.Бунда мутахассис лавозими ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2 минг ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан жорий этилади. Шу боис 2018 йилнинг 1 апрелига қадар ҳар бир маҳалла маслаҳатчисининг фаолияти танқидий ўрганиб чиқилади ва янгидан киритилган мутахассис лавозимларига халқ- нинг дарду ташвишлари билан яшай оладиган, уйма-уй юришдан чарчамайдиган, аҳолини қийнаётган муаммоларнинг ечимини топишда ташаббус кўрсата оладиган муносиб номзодлар тайинланади.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Республика “Оила” илмий-амалий маркази негизида янгидан ташкил этилмоқда. Марказ оила институтини мустаҳкамлаш, соҳада норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, оилавий муносабатлар бўйича услубий тавсиялар тайёрлашади, тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади.

Эндиликда “Оила” марказининг вилоят бошқармаси ҳузурида, тиббиёт касб-ҳунар коллежлари негизида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий низоларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш, шунингдек, оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар бўйича кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилади.“Оила” маркази фаолиятини такомиллаштириш бўйича алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинади.

Бундан ташқари ФҲДЁ органи фаолияти, “Оила” марказининг туман, шаҳар бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман, шаҳар ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилади.

Яна бир янгилик. Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тузилмоқда. Шунингдек, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёллар учун “Аёллар маслаҳатхонаси” ташкил этиладиган бўлди.Мазкур маслаҳатхоналар оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, аҳолининг билим ва санитария маданиятини оширишга қаратилган тадбирларни ўтказиш каби вазифаларни амалга оширади.

Шунингдек, бундан буён Зулфия номидаги давлат мукофоти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ҳар йили икки нафар ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга   берилади. Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатганларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишонининг таъсис этилиши давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин ифодаси, дейишимиз мумкин.

Мавлуда ҚОБУЛОВА,
вилоят ҳокимининг ўринбосари, 
хотин-қизлар қўмитаси раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE