Бош саҳифа / Жамият / Оила маркази: тадқиқот ва изланишлар самараси

Оила маркази: тадқиқот ва изланишлар самараси

Оила — муқаддас қўрғон. Уни асраш, оилавий муносабатларда ўзаро ҳурмат, миллий қадриятларни қарор топтириш ҳар бир оила аъзоларининг муқаддас бурчи саналади.

Шу билан бирга оила инс титутини мустаҳкамлаш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ташкил этилиши бу борада қилинаётган ишларни яна бир поғонага силжитди. Республика “Оила” илмий-амалий тад қиқот маркази ва унинг вилоят бўлимлари, вилоят аҳолиси ўртасида “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга изчил татбиқ этишга йўналтирилган давлат сиёсатини амалга оширишга бел боғлаган. Шу мақсадда замонавий оилаларни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ажримларнинг олдини олиш, оиланинг ички муносабатлари, бой маданий, тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича тадқиқотлар ўтказиш асосида оила институтини мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда.

— Илгарилари “Оила маркази” учун “Аёллар маркази”да битта хона ажратилган бўлиб, нодавлат нотижорат ташкилот сифатида ўз фаолиятини олиб борарди, — дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси раҳбари Дилфуза Жўраева. — Жорий йилнинг 2 февралида Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида жойларда оила марказларининг ташкил этилиши, юридик мақомга эга бўлган давлат ташкилоти сифатида фаолият юритиши соҳа ходимлари учун катта эътибор бўлди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан фаолиятимиз белгилаб берилди.

Ҳар бир туманнинг ўзига хос анъанавий қадриятлари, удумлари бор. “Оила маркази”нинг вакиллари ҳар бир ҳудудни ўрганиб, олиб бораётган тадқиқотларида айни шу жиҳатларга эътибор қаратади. Келиб чиқаётган низоларнинг, ажралиш ёқасида турган оилаларнинг дарз кетиш сабаблари ўрганилиб, барчаси жамланади. Ҳисобот республика “Оила маркази”га жўнатилгач, улар муаммони ўрганишади ва низоли ҳолатлар, муаммоларнинг олдини олиш бўйича пилот лойиҳа тузилади. Психолог мутахассислар жалб этилиб, муаммо бартараф этилади.

Ҳудудлардаги оилаларда келиб чиқадиган низоли ҳолатларнинг илдизини ўрганишимиз натижасида билдикки, жуда кўп оилаларда оилабошининг ичкиликбозликка ружу қўйгани, эрта турмуш қуриш натижасида оилавий муносабатларга кириша олмаслик, ўзаро келишмовчиликлар, арзимаган сабаблар ҳам ажримлар ортишига сабаб бўлмоқда. Навбатдаги ташаббус эса ҳақиқатдан ҳам мазкур институтни мустаҳкамлаш йўлидаги хайрли қадамлардан бири бўлди. Синов тариқасида илк бор амалга оширилган ўқув курслари ёшларни турмушга тайёрлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олишда самарали лойиҳа сифатида йўлга қўйилмоқда. Эндиликда никоҳланувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўтиш билан биргаликда 16 соатлик оилавий ҳаётга тайёрлаш курс ларида ўқишлари лозим. Ўқув курсларида оила маънавияти ва маданияти, этика, иқтисодиёт, психология ҳақида дарс ўтилади. ФҲДЁ бўлимларида ёшларнинг курсларда ўқигани ҳақидаги сертификат тақдим этилмаса, никоҳдан ўтиш ҳақидаги ариза қабул қилинмайдиган бўлди.

Ўзбек хонадонларида оилада отанинг ўрни ва мавқеи жуда баланд ҳисобланади. Бироқ шундай оилалар борки, қиз бола тарбиясида, юриш-туриши, кийинишига фикр билдиргудек бўлса, она ўртага тушади. “Нима бўпти калта кийса?”, “Кеч келса келибди-да, яқин дугонасининг туғилган куни эди-да!”, деган баҳона ва важлар билан қизларнинг ихтиёри ўзида қолмоқда. Натижада, бундай қизлар хулқида салбий ўзгаришлар, ҳаётининг издан чиқиш ҳолатлари кўп учраяпти. Ана шундай ҳолатнинг олдини олиш мақсадида оилада оталарнинг роли кучайтирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада марказ томонидан кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир.

— Тадқиқотларимиз натижасида ҳар бир оила назоратимиз остида, — дейди марказ раҳбари Д. Жўраева. — Марказ ўз фаолиятини бошлаганига эндигина 5 ой бўлди. Тажрибали психолог, социолог ва ҳуқуқшуносларни, репродуктив марказ мутахассислари, имом-хатиблар ва отинойиларни жалб этиб, оилаларни мустаҳкамлашдек савобли ишга ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз.

Марказ томонидан ночор аҳволда яшаётган оилалар ҳам ўрганилиб, уларнинг шароитини яхшилаш мақсадида махсус ўқув курслари ташкил этиш режалаштирилган. Уларнинг бандлигини ошириш мақсадида тадбиркорлик, фермерлик, деҳқончилик ва ҳунармандчиликка йўналтириш учун мутахассислар жалб этилиши, банкдан кредит олишларида ва уни тўғри сарфлашда ёрдам беришни мақсад қилган “Оила маркази” очиқ мулоқот, сайёр қабул ва давра суҳбатлари ўтказиб келаётир.

Дарвоқе, айни пайтда марказ ўз фаолиятини янги бинода давом эттираяпти. Янги бинодаги ўқув ва фаоллар заллари, фуқароларни қабул қилувчи махсус хоналар, оила кутубхоналарида барча шарт-шароит яратилган бўлиб, юмшоқ ва қаттиқ мебеллар билан жиҳозланган. Шаҳримиз кўркига кўрк қўшаётган муҳташам бинонинг ташқи кўриниши замонавий қиёфада қад ростлаб турибди. Яқинда бўлиб ўтган марказ биносининг очилиш маросимида Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг директори Дилором Тошмуҳамедова иштирок этди ва сўзга чиқиб, марказ ходимларини янги бинога ўтганликлари билан қутлади. Вилоятда олиб боражак тадқиқот ишларида муваффақиятлар тилади.

Оила аталмиш кичик Ватан гуллаб-яшнаши учун унда ҳар томонлама юксалиш бўлиши зарур. Никоҳ деб аталган ришта нафақат икки инсон ҳаёти билан боғлиқ, балки бутун бир миллат тақдирига дахлдор масала эканини унутмаслик даркор.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Сурхондарё вилояти бошқармасининг дастлабки таҳлилларига кўра, вилоятда 700 мингдан ортиқ оила мавжуд. 500 дан ортиқ нотинч оила, шунингдек, 4 минг 912 та ночор, 372 оила ажрим ёқасида тургани маълум бўлди. 987 оила марказ томонидан яраштиришга эришилган.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan