Бош саҳифа / Жамият / “Оила” маркази оилаларга қандай кўмак бермоқда

“Оила” маркази оилаларга қандай кўмак бермоқда

СУҲБАТДОШ ҲАҚИДА:
Дилфуза ЖЎРАЕВА — 1971 йилда Жарқўрғон туманида таваллуд топган. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) журналистика факультетида таҳсил олган. Журналистик фаолиятини Сурхондарё радиосида бошлаган. Кейинчалик Сурхондарё телевидениесида муҳаррир, бўлим мудири, радиоэшиттиришлар бош муҳаррири, СТРК раиси муовини вазифаларида ишлаган. Республика “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг Сурхондарё вилояти бўйича мухбири. Айни пайтда, “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасида ишламоқда. Оилали, икки нафар фарзанди бор.

— Халқимиз учун оила азал-азалдан ёш авлод қалбида миллий анъаналар қарор топтириладиган, фарзандлар ҳар жиҳатдан тўкис камолга етадиган мустаҳкам қўрғон ҳисобланади. Яъни ҳамиша оилага жамиятнинг энг муҳим бўғини сифатида қаралади. Юртимизда “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ташкил этилиши ҳам ана шундай ғамхўрлик белгисидир. Хўш, марказ бугун қандай ишларни амалга оширмоқда? Жорий йил 2 апрелидан буён фаолият юритиб келаётган марказнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси оилаларга қандай кўмак бермоқда? Бошқарма бошлиғи Дилфуза Жўраева билан суҳбатимиз ана шу хусусида бўлди.

— Республика “Оила” марказининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳам Республика маркази олиб борадиган асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш борасида, энг аввало, “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, бу соҳада норматив ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқишдир.

Шунингдек, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлигини таъминлашни комплекс ўрганишни ташкил этиш, мазкур йўналишлар бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш масалалари билан шуғулланади. Бу вазифаларни тўлалигича бажариш учун эса замонавий оилани шакллантириш, оилавий шахслараро муносабатлар, бой маданий, тарихий мерос ва анъанавий қадриятлар ҳар томонлама чуқур ўрганилиб, тадқиқ этиб борилиши зарур. Янгидан ташкил этилган “Оила” маркази ва унинг вилоят бошқармаси бу масалалар бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказади ҳамда шу асосда оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш билан шуғулланади.

— Бошқарма олдига қўйилган вазифаларни бажаришда қайси ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият юритади?

 — Зиммамизга юклатилган масъулиятли вазифаларни тўлақонли бажариш ва яхши самарага эришиш учун, албатта, биз қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ҳамда уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, миллий менталитетимизга ёт бўлган хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида биргаликда, яъни ҳамкор сифатида фаолият юритамиз. Масалан, ҳозирги кунда 21 нафар мутахассисимиз 1 та шаҳар, 13 та туман ҳудудидаги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда фаолият олиб бормоқда. Жумладан, 7 та туманда 2 нафардан мутахассис, қолган туманларда эса 1 нафардан мутахассисимиз ишлаб турибди.

— Сиз раҳбарлик қилаётган бошқарма “илмий-амалий тадқиқот маркази” мақомига эга. Илмий тадқиқотлар узоқ бўлмаса-да, хийлагина вақт талаб этадиган жараён. Лекин амалий ишлар тезкорликни талаб этади. Бошқарма ходимлари ҳозирга қадар қандай амалий ишларни қилиб улгурди?

— Ўтган етти ой мобайнида вилоятимиз бўйича 1437 та нотинч оила, 890 дан ортиқ ажрим ёқасидаги оилалар аниқланиб, 737 та оила яраштирилди. Масалан, Денов туман “Оила” маркази томонидан тумандаги “Истиқбол”, “Жаматак”, “Тотувлик” каби маҳаллаларда истиқомат қилаётган 22 та оила назоратга олинди. Шунингдек, ушбу тумандаги жами 166 та нотинч оиланинг 144 таси ажрим ёқасига келиб қолганлиги аниқланиб, бу оилаларнинг 61 таси яраштирилди. Таҳлиллар Шўрчи туманида 197 та нотинч оила мавжудлигини, шундан 164 таси ажралиш арафасида эканлигини кўрсатди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли бугунги кунга келиб, ушбу тумандаги 100 та оила яраштириб қўйилди. Термиз шаҳрида ажрим ёқасига келиб қолган 62 оиладан 57 таси, Жарқўрғон туманида худди шундай ҳолатга келиб қолган 56 та оиланинг 34 таси, Музработ туманидаги 78 та оиланинг 61 таси, Сариосиё туманида эса 58 та, Қизириқ туманидаги ажрим ёқасида турган 85 та оиланинг 67 таси, Шеробод туманида ажралишга тайёр турган 41 оиланинг 37 таси ўз вақтида яраштириб қўйилди. Мен бундай мисолларни ҳар бир туман миқёсида келтириб ўтишим мумкин.

Бундан ташқари, ўтган етти ой давомида 1000 дан ортиқ маънавий-маърифий учрашувлар ташкил этишга улгурдик. Намунали ҳаёт кечираётган оилаларнинг хонадонларига 234 нафар ёш оила аъзоларининг ташрифларини ташкил этдик. Ўрни келганда айтиб ўтай, оиланинг ички муносабатларига, шахслараро муносабатларга, бой маданий, тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш бўйича жами 719 та тадбир ўтказишга муваффақ бўлдик. Шунингдек, комил фарзандлар тайёрлаган кекса отахон ва онахонларни улуғлаш, улар билан юзма-юз мулоқотлар уюштириш мақсадида 896 нафар ёшлар билан учрашувлар ташкил этдик. Музработ туманида эса ночор оилаларда ўсаётган 6 нафар боланинг суннат тўйини ўтказиб бердик. Шу билан бирга, жойларда “Биз оилавий ажримларга қаршимиз» мавзусида давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этдик. Ушбу тадбирларимизда 200 дан ортиқ оилалар ва маҳалла фаоллари ҳамда зиёлилар иштирок этишди. Бундан ташқари, биз турли йўналишлар бўйича мунтазам равишда “Маҳалламизни жиноятсиз ҳудудга айлантирайлик”, “Мен, оилам ва жамият”, “Соғлом оила-соғлом жамият”, “Соғлом бўлай десанг, югур” каби тадбирларни, “Ибратли қайнота”, “Энг яхши қайнона-келин” танловларини ўтказиб келаяпмиз.

— Дастлабки ўрганишлар, таҳлиллар натижаларига таянган ҳолда бугунги кунда оилаларнинг бузилиб кетишига кўпроқ нима сабаб бўлаяпти, деб ўйлайсиз?

— Бу борада бошқармамизда махсус мониторинг олиб борилади. Кейинги бир ойлик мониторинг натижаларига таяниб айтадиган бўлсам, вилоятимиз бўйича 571 та нотинч, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар бор. Бундай ҳолатнинг юзага келишига сабаб турлича бўлиб, таҳлил учун олинган 571 та оилага нисбатан олиб қараганда, 189 ҳолатда — эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилиги, 188 ҳолатда — учинчи шахснинг аралашуви, 50 ҳолатда — фарзандсизлик, 20 ҳолатда — хиёнат, 18 ҳолатда — моддий таъминот ва ишсизлик, 30 ҳолатда — ичкиликбозлик ва бошқа зарарли иллатлар, 9 ҳолатда — ички ва ташқи миграция, 6 ҳолатда ўзи ва фарзандлари касаллиги, 21 ҳолатда — уй-жой танқислиги ва бошқа сабабларга кўра, ажралишлар содир бўлаётганини кўрсатмоқда. Кўриб турганингиздек, вилоятимизда биринчи ва иккинчи ўринда эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилиги ҳамда оилага учинчи шахснинг аралашуви оилавий можаро ҳамда ажралишларга сабаб бўлмоқда.

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА
суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE