Бош саҳифа / Жамият / Оила кутубхонаси

Оила кутубхонаси

Ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол этиб тарбиялашда, аввало, оиланинг ўрни беқиёс. Бола дунёга келиши биланоқ она алласини эшитиб улғаяди.

Илк тарбиявий сўзларни она алласи орқали тинглайди. Бундан ташқари, ёшликдан болани эртак китобларга, турли хил ибратли воқеаларга асосланган ҳикоялар асосида тарбиялашга урғу бериш ҳам муҳимдир. Минг афсуски, бугунги кунда жажжигина болажонлар қўлида эртак китобларни эмас, асосан телефон, компьютерни кўрамиз. Ундаги ўйинларни бошдан охиригача ёд олган, усиз ҳаётини тасаввур қила олмаётган ёш авлоднинг эртасидан биз ота-оналар хавотирга тушиш ўрнига, болаларимизнинг хатти-ҳаракатларидан завқланмоқдамиз. Бунинг ўрнига ўзимиз ҳам уларга ўрнак бўлиб, аввало, оилавий кутубхона ташкил этсак, болаларимиз ёнида газета, журнал, романлар варақласак, уларнинг ҳам ёшига доир китобларни китоб жавонимизга жамласак мақсадга мувофиқ бўларди, назаримда.

Ўйлашимча, оилавий кутубхонамиздан Алишер Навоийнинг, Юсуф Хос Ҳожибнинг асарлари, Бобурдан дурдоналар, жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара эртакларию, ҳикоялари ҳамда машҳур асарлар ўрин олиши керак. Жамиятнинг энг кичик бўғинидан, яъни оиладан олинмаган тарбияни замон ҳам, ҳеч бир муаллим ҳам бера олмаслиги кундай равшан. Ёшликдан дийдаси қотган, фикру хаёли телефонда бўлган болани кейинчалик китобга ошно қилишнинг имкони бўлмай қолиши турган гап. Мен тарбияни китобга боғлаб қўймоқчи эмасман, аммо инсон тафаккурини кенгайтиришда, ички дунёсини эзгуликка буркашда, олдига мақсад қўйиб олға интилишга туртки берувчи энг муҳим воситалардан бири китоб эканлигини уқтирмоқчиман. Ахир, ҳар бир ўзбек оиласида миттигина бўлсада, маънавият ўчоғи бўлиши лозим эмасми? Зеро, китоб кирмаган хонадон — мисли зиндон, дея бежиз айтилмаган.

Фароғат ЖАҲОНГИРОВА,

Шўрчи тумани

36-мактаб ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE