Бош саҳифа / Жамият / Оила дарахти синмасин

Оила дарахти синмасин

Баъзан ёш оилаларнинг барбод бўлишини, вояга етмаган фарзандларнинг тирик етим қолиб, уларнинг ота ёки она меҳрига ташна бўлиб яшашини кўриб кўнглимиз оғрийди. Ҳаммасидан ҳам ўртада ота-онасига мўлтираб, умид билан боқаётган бегуноҳ фарзандларга, уларнинг тақдирига жонимиз ачийди.

Лекин катталарнинг бағритошлигию ҳаётга енгил қарашини кўриб, ёшларимизнинг оилага ҳар томонлама тайёр бўлгандан сўнг турмуш қуриши учун рухсат бериш лозимлигига, уларни оила ва фарзандлар олдидаги бурч, масъулиятни ҳис қилишга ўргатишимиз кераклигини англаймиз.

Кўпинча туманлараро фуқаролик судлари томонидан ёш оилаларни яраштириш учун муҳлат белгиланади. Бу ҳақидаги ажрим нусхалари эса улар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинига хулосани таҳлил қилиш, ёш оилаларни яраштириш учун насиҳатлар бериш ёки уларнинг ота-оналари ҳамда қўни-қўшнилари, яқин қариндошлари билан бир ёқадан бош чиқариб, оиланинг барбод бўлишини олдини олишга  астойдил ҳаракат қилишлари учун юборилади. Афсуски, барча маҳалла фуқаролари йиғинларидаги ҳолат бундай эмас. Аксарият маҳалла раиси ва фаоллари эса зиммасида шундай масъулият борлигини тушуниб етмаган.

Яна бир оғриқли нуқтамиз шуки, аслида ота-оналар фарзандига тўғри тарбия бериб, унга оилани муқаддас даргоҳ сифатида қадрлашни ўргатмоғи уларнинг жамият олдидаги бурчидир. Аммо  баъзи ҳолларда уларнинг ўзлари икки ёшнинг ўртасига тушиб, оиланинг дарз кетишига сабабчи бўлиб қолаётганига нима дейсиз?

Қумқўрғон туманлар- аро фуқаролик судининг 2018 йил 24 март кунидаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Турди Ҳасановнинг жавобгар Ҳабиба Тошевага (исм-фамилиялари ўзгартирилган) нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантирилган эди. Аммо апелляция инстанциясининг 2018 йил 24 апрель кунидаги ажримидан сўнг туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Аниқланишича, тарафлар 2007 йил сентябрь ойида турмуш қуришган бўлиб, ўзаро никоҳларидан икки нафар фарзанди туғилган. Эр-хотин ўртасида тасодифий ихтилофлар ҳамда келишмовчиликлар келиб чиққанлиги боис, 2016 йил апрель ойидан буён  умумий рўзғор юритишмайди. Бироқ суд буларни ҳамда Турди Ҳасановнинг жиддий важ келтирмаганини инобатга олиб, оилани сақлаб қолиш мумкинлиги ҳақида хулосага келди. Уларга ярашиш, узилган ришталарни қайта боғлаш учун яна бир имкон берилди.

Энг ёмони, бугун фуқаролик судларига бундай мазмундаги аризалар кўплаб келмоқда.

Агарда ҳар бир тумандаги хотин-қизлар масалалари бўйича ва маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари томонидан никоҳ тузиш жараёнида улар билан тегишли тушунтириш ишлари олиб борилса, ажримга оид даъво билан судга мурожаат этадиган ёш оилалар сони камайган бўларди.

Ш.ЭЛИЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича
вилоят суди судьяси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE