Бош саҳифа / Жамият / Огоҳлик фалокатдан асрайди

Огоҳлик фалокатдан асрайди

Бир кун келиб сизни ногаҳон «Фарзандим ўзгариб қолаяпти, илгари бундай эмас эди-ку. Хатти-ҳаракати ғалати бўлиб қолди, бунинг сабаби нима?» деган фикр чулғаб олади. Ички бир ҳиссиёт сизни бир ёмон-ёмон хаёлга олиб келиши мумкин, лекин унга ишонгингиз келмайди.

«Мабодо жигарбандим гиёҳванд бўлиб қолмадимикин?» деган шуб ҳа сизга тинчлик бермайди. Шундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун, аввало, фарзандингиз хулқ-атворидан доимо огоҳ бўлиб туринг. Наркотик модда истеъмол қилиши кўпинча 15-19 ёшларда бошланади. Ўсмир фарзандингиз наркотик модда олаётганини қандай билиш мумкин? Аввало, унинг хулқ-атворига эътибор беринг.

Фарзандингиз кўп нарсаларга лоқайд бўлиб қолади, оила ташвишлари уни қизиқтирмай қўяди, ёлғон гапира бошлайди. У турли баҳоналар билан кўчага кўп чиқиб кетади, кеч қайтади, мактаб (коллежи)га бормай қўяди ҳамда хаёлчан бўлиб қолади, фикрини аниқ ифода қила олмайди. Болангизга сизнинг маслаҳатларингиз ёқмай, танбеҳ берсангиз, жеркиб ташлайди, тез ғазабланади, баъзан ичи суриб, ҳожатхонага кўп қатнайди. Ўсмирнинг кайфияти ўзгарувчан, гоҳ хушчақчақ, гоҳо тушкун ҳолатда бўлади, баъзан ўзи билан ўзи гаплашади. Жигарбандингиз турли баҳоналар билан тез-тез пул сўрайди. Баъзан унда катта миқдорда пул пайдо бўлиб қолади. Уйингиздан пул, қимматбаҳо буюмлар, кийим-кечаклар йўқолиб туради.

Ўғлингиз ёки қизингиз янги «ошна»лар орттиради . Улар сўзлашаётганда, сиз тушунмайдиган турли қофияли ибораларни ишлатади. Фарзандингиз қиёфасида наркотик модда истеъмол қилаётганидан далолат берувчи қуйидаги ташқи белгиларни ҳам аниқлаш мумкин. Кўз қорачиғи кескин торайган ёки кенгайган бўлади. Баъзан фарзандингизнинг кайфи бору лекин оғзидан ароқ ҳиди келмайди, бежо ҳаракатлар қилиб, гандираклайди. Айрим ҳолларда у хаёлчан, ўзи билан ўзи овора ёки тиниб-тинчимас бўлиб қолади.

Гиёҳвандликнинг яққол белгилари: қўлоёқларида игна излари, кесилган, кўкарган ва сигарета куйдирган жойлари бўлади. Ёнидан найча қилиб ўралган қоғоз ёки зар қоғоз, хонасидан майда қошиқча, ғалати идишлар, нималигини тушуниб бўлмайдиган таблеткалар, порошоклар топилади.

Гиёҳвандликнинг яна бир хавфли томони, томир орқали наркотик модда оладиганлар, кўпинча умумий шприцдан фойдаланилганда уларга ОИВ/ОИТС ва вирусли гепатитнинг В ва С турлари юқиш хавфи юқори бўлади.

Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни асраш ҳамда уларни моддий ва маънавий баркамоллик сари йўналтириш барчамизнинг бурчимиздир.

Г.ХОЛНИЯЗОВА,

вилоят наркология диспансери

врач наркологи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE