Бош саҳифа / Жамият / Огоҳ бўлинг, одамлар!

Огоҳ бўлинг, одамлар!

ХЎРАК ДОМИ
Оиладаги фарзандлар тарбиясига эътиборсизлик боши берк кўчага етаклаб кетиши, у ҳадсиз изтироб манзили эканлигини англаган инсонгина оиласи ва жамиятдаги соғлом турмуш тарзини қадрлаб яшайди.

Айрим тенгдошлари қатори хорижга бориб, мўмайгина даромад топиш мақсадида бўлган Марат (мақолада исми ўзгартирилган) эндигина 18 ёшни қаршилаганда, Сариосиё туманидаги жонажон Биллур қишлоғидан Россия давлатига кетади. Ўзига муносиб иш ҳам топади. Ишдан сўнг уни тергайдиган на ота-она, на қавму қариндош бор. Бўш вақтлари қўлидаги телефони ёлғиз эрмагига, овунчоғига айланиб, ижтимоий тармоқлардаги диний мавзудаги ёзишмалар, турли мавзудаги сайтлар уни батамом ўзига ипсиз боғлаб олади. Натижада, “Odnoklassniki.ru” ва “Youtube” сайтларида ўзининг “Қодир Раҳим”( исм ва шариф ўзгартирилган), “Дунёдаги энг ожиз банда”, “Халифа ал Муслим”, “Абу Умар Абдулло”, ”Мужоҳид Ансор” исмлари билан янги профиллар очиб, диний мавзудаги фикрларни кузатиб, мулоҳазалари ва қарашларини ёза бошлайди. Худди шу жойда у ижтимоий тармоқнинг қайсидир бурчагида энг хавфли ўргимчак доми пойлаб турганини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ўзига ром этувчи амру маъруфлар, диний қараш ва унинг тарғиботи билан катта пул топиш мавзуларига муккасидан кетади. Мана шу жойда Марат уларнинг домига, “хўраги”га осонгина илинади.

НАҲАНГ”лар тузоғи

Бола бола-да, ижтимоий тармоқда хуфёна ин қуриб олган “наҳанг”ларга ўралашиб, тузоққа тушиб қолган Марат ўзини гўёки улғайиб қолгандек, ислом динининг фазли-каломини, ақидасини ўзлаштирган катта одамдек сеза бошлайди. Бу даврга келиб, диний мавзуда мулоқот қиладиган “интернетдош”лари сафи кенгайиб бўлганди. Гўёки юксалиб бораётган бу ёш йигит аслида “қаро ерга” кириб кетаётганини мутлақо англамасди. Уни диний билимсизлик, ҳавойи обрў –эътибор, нафс карахт қилиб бўлганди. У 2016 йилнинг сўнгги ойлари ижтимоий тармоқнинг мавзусига айланган “Ислом давлати” халқаро террористик ҳаракати томонидан Россия давлатининг Туркиядаги элчисининг ўлдирилиши ва бу қотиллик атрофидаги воқеалар, тутуриқсиз шарҳларда фаоллик кўрсатади. “Бадном” ғояга чорловларнинг “ҳадиси”ни олган янги гуруҳдоши, яъни “Артур” профилида пайдо бўлган Аҳмаджон исмли шахс бу қотилликни “мужоҳид”ларнинг навбатдаги ғалабаси дея унинг онгига сингдиради ва Маратга Абдували қори, Тоҳир Йўлдош, Абу Салоҳиддинларнинг жиҳодга, ҳижратга ва оқибат шаҳидликка ундовчи маърузалари, суҳбатлари ёзилган видео ва аудио ёзувларни ташлаб туради. “Ал Бухорий котибаси” профилидаги “Абу Юсуф” гуруҳи орқали Қирғизистонда бўлган Абу Бакр билан танишиб қолади.

СЎНГГИ БЕКАТ

Ўзича диний “уламо”ларнинг даврасида сўзи ва фикрини билдириб келаётган Марат аврашлар, фириблар оқибатида “жиҳод ва шаҳид”лик бекатига етиб келганлигини сезмай қолганди. Қирғизистонда фаолият олиб бораётган Абу Бакр уни сўнгги манзилга тайёрлади. Марат Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик гуруҳининг таркиби ва уларнинг ҳаракатланиш қоидаларини пухта ўрганди. Шунингдек, бу қўпорувчи гуруҳдаги вазият ва ҳаракат, жанг амалиёти ҳамда эгаллаган ҳудудлари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлди. Бу гуруҳ сафини кенгайтириш учун гуруҳидаги сафдошларига “Ўзбекистон Исломий ҳаракати” террористик ҳаракат раҳбари Тоҳир Йўлдош, “Тажвид ва жиҳод” халқаро террористик ҳаракат раҳбари Абу Салоҳ, “Имом Ал Бухорий котибаси” халқаро террористик ҳаракати раҳбари Шайх Салоҳиддин, Абдували қори, Абдулло Зуфар, Абдуллоҳ домла, Абдулло Бухорий каби шахсларнинг жиҳодга ундовчи маърузаларини мунтазам етказиб турди. Бу макр ва ҳийла оқибатида Марат ва унинг қаттиқ адашган тенгдошлари ўзларининг ёш умрини хазон қиладиган аянчли, жиноий жиҳод ва шаҳидлик йўлини танлаб бўлишганди.

Аммо…

2018 йилнинг 13 июль куни халифалик давлатини қўмсаб келаётганлар ва “Тавҳид ва жиҳод”котибаси# халқаро террористик ҳаракати сафига қўшилиш учун жанговар тайёргарликни ўташ мақсадида Россия давлати орқали Туркияга, кейин Сурияга кетишга ҳозирланган Марат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан Сариосиё авто бекатида ушлаб қолинди.

Бизнинг фикратимизда доим бир савол чарх ураверади ва биз бу саволлар ҳар куни берилаётгандек бефарқ кетаверамиз. Нега бу мавзу шунчалик муҳим дея чуқурроқ мушоҳадага бормаймиз. “Яъни динимизга мутлақо ёт ғояларни ва тушунчаларни тарқатувчи” диндорлар пайдо бўлиб қолаётгани, ислом дини ақидаларига ёндошувларда турли ихтилофларни юзага келтираётган “ундовчи”ларга лоқайдлигимиз ўта ачинарлидир. Наҳотки, бу ундов дастлаб миллат фарзандларини, кейин бутун бир жамият турмушини издан чиқаришга асосланганини англаб етмасак. Тарғибот шунчалик қудратга эгаки, озгина сергак тортмасанг, бутун бир давлат, халқ ҳаловатини бузади. Аслида уларнинг асл аёвсиз мақсадлари шу. Буни биргина адашган Марат ва тенгдошлари мисолида ҳам уқиб олдингиз. Сергак бўлинг, одамлар!

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE