Бош саҳифа / Жамият / Одатга айланаётган иллатлар

Одатга айланаётган иллатлар

Энг яхши кунларимиз доимо тўю тантаналарга, шодиёналарга уланиб кетади. Эзгу ниятлар билан тўй бошлаб қўйдикми, албатта, уни яқинларимиз, ёру дўстларимизнинг иштирокисиз ўтказмаймиз. Тўй-ҳашамлар дабдабаларсиз, ортиқча сарф-харажатсиз ўтгани хонадон эгасига, унинг ҳамёнига фойда бўлса, иккинчи томондан ким ўзарга исрофгарчилик қилишнинг олдини ҳам олган бўлар эдик. Тўй бошлаш – харажатларни ҳам бошлаш дегани. Нега энди халқимиз дабдаба ва ноз-неъматларга, ичкилигу шунга ўхшаш нарсаларга маблағ сарфлашнинг мусобақасини уюштиришади-ю, тўйнинг мазмунан бой, ҳеч кимнинг шодиёнасига ўхшамаган жиҳатлар, урф-одатлар ва анъаналар, удумларимизнинг бойлигини ҳисобга олиб, улардан фойдаланишмайди. Ахир, ўзбек халқи ҳеч бир халқлардан қолишмайдиган қадриятларга эга бўлса…

Биргина Ўзбекистон ҳудудидаги вилоятларни оладиган бўлсак, ҳар бирида бир-бирини такрорламайдиган одат ва анъаналарни учратишингиз мумкин.
ХХХ
—Бир кўчада турадиган қўшнимиз тўй қилди. Ўамма тўйлардек тўй-да, деб ўйлагандим. Аммо адашган эканман. Келинни водийдан олиб келишган экан, тўй икки вилоят удумларининг уйғунлигида ўтди. Ҳозир тўйларда энг олди машиналар шодаси қаторлашиб келади. Водийча тўйда акси бўлди. Меҳмонлар автобусда келди. Автобуснинг ичида келин ҳам бор эди. Кайвони аёлларнинг чилдирма чалиб келиши, келиннинг бошидаги паранжисидан тортиб, оёғидаги маҳси-ковушларни кўриб ҳамма ҳайратда қолди. Чунки, Отабек ва Кумуш даврига тушиб қолгандек бўлгандик. Биз учун бу томошалар, удумлар тамомила янгилик эди. Келинни куёв кутиб олди ва таомилларимизни бажо келтирдилар. Бу тўй анча пайтгача қўни-қўшни, маҳалла-куйнинг оғзида юрди.
Ш. НИЁЗАЛИЕВА, Термиз шаҳри

Тўйларимизда келинни европача услубдаги оқ либосда кўрамиз. Кўйлакнинг энг ҳашамдор ва қимматбаҳолиги келин ва унинг оиласи обрўйига тенглаштирилади. Бир марталик тўй учун ўзига ярашса-ярашмаса энг қиммат соч турмаги ва бўёқларни юзига чаплашадилар. Аслида гўзаллик – сиполик ва оддийликда эмасми? Айниқса, “кўрпангга қараб оёқ узат”, деганларидек, қурби етмайдиган харажатларни ота-она зиммасига қолдириб кетадиган қизларимиз, боражак янги уйларида қандай оила бекаси бўлар экан?!

Юқорида айтганимиздек, тўйларимизда амалга оширадиган одат ва удумларимиз бисёр бўла туриб, ғарбча тўйларга ҳавас қиламиз. Нега энди япон, корейс, хитой, ҳинд, рус, инглиз, немис халқларининг тўйларида ўзларининг миллий либосларини ғурур билан кийишиб, анъаналарини жой-жойига қўйишларини кўрамизу, улардек собитқадам бўла олмаймиз. Ахир, халқимиз улардан қадимийликда ортда қолмайдику! Айниқса, юқорида номлари келтирилган халқларда тўй эгаларининг ўзлари ҳам миллий кийимда меҳмонларни зўр тавозе билан кутиб олишади. Бизда эса…
ХХХ
—Яқинда бир танишимнинг тўйига боргандим. Тўйда серобгарчилик, ўзиям йиққанини дастурхонга сочганга ўхшайди. Спиртли ичимликлар ҳам сероб эди. Шерга айлантириб қўядиган бу ичимлик барчани ўз кўйига солмай қўймади. Тантана авжига етганда нима бўлди, билмадиму, раққосадек кийиниб олган 35-40 ёшлардаги аёл даврага чиқиб барчани ўзига қаратиб, бақира кетди. Ширакайф ҳолатда шайтонлаётган аёлга бир эркак тарсаки тортиб юборди. Яна бири келди-да (балки турмуш ўртоғидир), сочидан тортиб, судраганча даврадан олиб чиқиб кетди. Барчанинг кўнгли хира бўлиб, тўй эгалари ҳам тантанани якунлаб қўя қолишди.                                                                                   Д. ҚУРБОНОВ, Ангор тумани

Хўш, ўзбилармонлик ва дабдаба кимга фойда-ю, кимга зарар бўлди. Ўзини кўрсатмоқчи бўлганлар меъёрни унутишмаганда эди, мана шундай кўнгилсизликлар содир бўлмаган бўлармиди…

Аёлларнинг ҳушини йўқотадиган даражада маст қилувчи ичимлик ичиши ҳеч бир одоб қоидасига тўғри келмайди.
Яна бир янги одат пайдо бўлган. Санъаткорлар тўйларининг диски тар- қалиб, улар нима қилишса, тўйларимизда шу анъанага айланиб бораётир. Унда тўй куни келинни олиб кетиш учун уйига келган куёвга ош олиб келинади. У беш панжасини лагандаги ошга ботиради (қўлидаги ёғ ва гуруч доналарини таом устига силкитиб тўкади ва ош қайта сузиб келинади) ва ўзи билан келган жўраларига қўлидан таом едиради. Ёши улуғ отахонларимиздан сўраганимизда ҳеч қачон бундай одат бўлмаганлигини, бу исрофгарлик эканини айтишди, холос…

Бу каби одатга айланаётган иллатларни сўзласак, адоғи кўринмайди. Обрў-эътибордек кўринаётган бунақа дабдабабозлик, четдан қараганда жуда хунук кўринишини, бошқаларнинг бундай дабдабага имконияти етмай, оқибат қарз кўтариб, ўз оиласини қийин аҳволга солиб қўяётганлар, қош қўяман деб кўз чиқаришмаган бўлар эди.

Сайёра АЛЛАЕВА,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan