Бош саҳифа / Жамият / Одамларни шоширган ёмғир

Одамларни шоширган ёмғир

Тўсатдан шимолий-ғарбий томондан кириб келган совуқ ҳаво оқими натижасида ёққан шаррос ёмғир кўпчиликни гангитиб қўйди. Ҳатто, юртимизнинг тоғли ҳудудларига қор тушгани тамомила кутилмаган воқеа бўлди десак, адашмаймиз.

Негаки, ҳали далаларда пахта мўл, деҳқонлар эса такрорий экин хирмонини йиғиштириб улгурмаган эди. Кимдир бошлаб қўйган иморатининг томини ёпмаган бўлса, яна кимдир ҳали совуқ тушишига бор, дея бемалол оёқ узатиб ўтирган бир палла эди-да.

Нега бирданига ҳаво ҳарорати пасайиб кетганлигини ва яқин кунларда об-ҳаво қандай бўлишини билиш мақсадида мутахассислар фикри билан қизиқдик.

—    7-8 октябрь кунлари вилоятимиз ҳудудларида 5 миллиметрдан 26 миллиметргача ёмғир ёғиб ўтди, — дейди вилоят гидрометеорология бошқармаси бошлиғи Анвар Холиқов. — Жорий йил октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида кузатилган ҳаво ҳарорати 2017 йилнинг шу давридаги ҳаво ҳароратига нисбатан 1,5 даражага паст келгани, ўтган ҳафтада кузатилган ёмғир эса, ўтган йилги бир ойда кузатилган ёғин миқдорига тенг бўлганлиги шундан далолат берадики, бу йил кузги мавсум серёғин бўлади. Нима бўлганда ҳам ҳаво ҳароратининг совиб кетиши табиий ҳол. Негаки, куз кузлигини қилади-да.

Тўғри, кутилмаганда ёмғир ёғиб одамларни шошириб қўйди. Айни йиғим-терим мавсумида ишнинг белига тепди, экинлар ҳосилининг сифатига ҳам салбий таъсир этгани турган гап. Назаримда, ҳароратнинг бу тарзда совиб кетиши одамлар учун бир туртки бўлди. Бундан кўринадики, об-ҳаво ҳам қишки тараддудни ҳозирданоқ кўр, керакли заҳирани вақтида тўпла, кунлар бирдан совиб кетса, қийналиб қоласан, дея ундаётгандек.

Яна бир нарсани таъкидлаш жоизки, Анвар Холиқовнинг берган маълумотларига қараганда, 13 октябрда баъзи жойларда қисқа муддатли ҳамда 16-17 октябрь кунлари эса воҳа бўйлаб ёмғир ёғиш эҳтимоли бор.

А. CАФАРОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan