Бош саҳифа / Жамият / Одамлар орасида

Одамлар орасида

Пулҳоким Бойсун тоғларининг пойида ястанган қишлоқ. Бир томони қирлар, иккинчи томони бийдай адирларга туташиб кетган бу гўшанинг табиати мафтункор, одамлари дилкаш ва меҳмондўст. Қолаверса, қишлоқ марказида жойлашган 28-умумий ўрта таълим мактаби ўз бағридан учирма бўлган қалдирғочлари билан тилга тушган ўқув даргоҳларидан саналади.

Қишлоқдаги Тошбоевлар сулоласини бугунги кунда воҳада танимайдиганлар камдан-кам топилса керак. Улар одамохунлиги, элга эш бўлиб яшашлиги билан кишилар қалбидан чуқур жой олган. Эшдавлат Тошбоев ҳам ана шу сулоладан. Отаси Чори бобо хайр-саховатли, одамлар дарди билан яшайдиган эл оқсоқолларидан бири эди.

Оиладаги маънавий муҳит, тўғри тарбия қаҳрамонимизнинг мазмунли
ҳаёт йўлини белгилаб берган бўлса ажаб эмас. У ёшлигидан зукколиги билан оилада ҳам, ўз сафдошлари орасида ҳам алоҳида ажралиб турарди. Шундан бўлса керакки, қишлоқ мактабини эндигина тугатган ёш Эшдавлатни «Бойсун» қишлоқ шўросига иш юритувчиликка сўрашди. 1975 йил эди ўшанда. Кечагина мактаб партасида ўтирган бола учун дастлабки иш осон кечмаганлиги ойдай равшан. Негаки, юзлаб ҳужжатлар билан муомала қилиш муайян соҳадаги чуқур билим, қолаверса, катта тажриба талаб этади. Унинг ўткир зеҳни, тиришқоқлиги асқотди. «Бола бошидан», деган нақл бежизга айтилмаган. Ҳар бир ишни қойиллатиб бажариши билан тезгина кўзга ташланди.

Тошкент халқ хўжалиги институтида сиртдан таҳсил олган Эшдавлат Тошбоев йигирма икки ёшида қишлоқ шўросининг котиблигига, 2002 йилда эса «Бойсун» қишлоқ фуқаролар йиғини раислигига сайланди. Бу эса у учун катта ишонч намунаси эди. Ана шундан буён у эл билан, унинг қувонч ва ташвишлари билан бирга. Kўп йиллардан буён эса туман Кенгаши депутати сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиш, қишлоқларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатлари эл фаровонлиги, кишилар турмуш даражасининг юксалиши учун хизмат қилаётир.

Қишлоқ аҳли борки, яхши одамларни ўзига эш билади, яқин кўради, унинг маслаҳатига суянади. Ҳудудда ҳам кимдир тўй ёинки хайрли иш бошламоқчи бўлса Эшдавлат Тошбоевдай эл оқсоқолларидан маслаҳат сўрайди, уларнинг гапига қулоқ тутади. Кимдир меҳрга муҳтож бўлса уларга суянади, дардини айтади.

Инсонлар қалбига қулоқ тутиб яшаш иймондандир. Қаҳрамонимиз ҳам элда иззат топган ана шундай обрўли инсонлардан. Бу йил ўзининг олтмиш баҳорини қаршилаётган Эшдавлатбой оилада ҳам меҳрибон ота. Етти фарзанднинг тўрт нафари олий маълумотли, турли соҳаларда самарали фаолият кўрсатишмоқда. Набиралар эса бир этак.

Болалик инсон умрининг ортга қайтмас лаҳзаларидир. Эшдавлат Тошбоевнинг ҳам болалиги пулҳокимлик шоир Исроил Шомировнинг бир шеърида айтилганидек, «хивич от ўйнатиб юрган» тупроқ кўчалардан, «марварид тутларнинг бутоқларида»н садо беради гўё…

Сафар ОМОН,
«Сурхон тонги» мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan