Бош саҳифа / Жамият / Одамийлик саранжомликдан бошланади

Одамийлик саранжомликдан бошланади

Ўрни келганда шуни таъкидлаш керакки, ҳур диёримизнинг ҳар бир куни турфа байрамлар, ҳайитлар, фестиваллар, спорт, санъат, адабиёт, маданият анжуманлари, қисқача айтганда,улуғ халқимизга хос ва мос бўлган эзгу амалларга тўлиб бормоқда.

Юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам хайрия тадбирлари ўтказилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, бемор ва ногиронларнинг кўнглини кўтариш, уларни руҳий ва маънавий жиҳатдан қўллаб қувватлаш кундалик миллий қадриятларимизга айланиб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, муқаддас ва бетакрор  Ўзбекис- тонимиз улкан тўйхонага ўхшайди. Ҳар куни байрам, ҳар куни тадбир, ҳар куни шодиёна.

Буни қарангки, сароймонанд муҳташам бинолар, қад кўтараётган кўп қаватли иморатларнинг қурилишию, бир неча километрлик йўлларнинг таъмирланиши, камалак рангларини акс эттириб, кўкка бўй чўзаётган фавворалар, замонавий мураккаб технологияларнинг кўз ўнгимизда ишга туширилаётгани кейинги икки йил ичида ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Ҳаммаси оддийдек, ҳаммаси табиийдек.

Пиру бадавлат отахонларимизнинг дуоларию, Бибихонимдек буюк, Зулфияхонимдек суюк момоларимизнинг тилаклари, оналаримизнинг алласи, шоирларнинг шеърлари, муаллимларнинг сабоғи, азиз фарзандларимизнинг шодон қийқириғи, орзу истаклари, юртдошларимизнинг умид ва интилишлари Амударё соҳилларига Ҳумо қуши қўнганидан дарак эмасмикан?

Элнинг эрки, она юрт озодлиги йўлидаги курашларга бошчилик қилган мардлик ва жасорат тимсоли Тўмарис, Широқ, Маҳмуд Таробий, Муқанна ва Жалолиддин Мангубердию, халқимиз раҳномоси, миллатимиз қаҳрамони Ислом Каримовларнинг порлоқ руҳлари тарихимиз осмонида ёрқин юлдуздек порлаб турганини кўрмадим, деганлар борми?

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович «Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз», деб кимларга ишонч билдирдилар? Бу ишонч ҳар бир кишига тегишли, ҳар бир кишининг иштироки талаб этиладиган, ҳамма бир-бирига эътиборли ва мададкор бўлиши, ҳар бир киши ўз кучларини йиғиши, Ватан хизматига шай, сергак туриши керак бўлган жараён эканини ҳамма ҳам тушунадими? Буюк келажак ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг ўз олдига қўйган қатъий азму қароридан, бошланади.

АВВАЛ ЎЗИНГГА БОҚ…

Яқинда мухбирларимиз билан бир хат изидан чекка қишлоқлардан бирига  бордик. Қишлоққа кираверишда кайфиятимизга булут соя ташлагандек бўлди. Аҳоли зич яшайдиган кўча ва шу кўчадаги  хонадонлар кўчанинг ҳисобидан қурилиб, йўлнинг  торайиб қолгани майлику-я, уйларнинг орқасидаги уюм-уюм  ахлатлар ва   шох-шаббалар, сарғайган ўт-ўланни кўриб ажабландик. Аризачининг хонадонига кираверишда шундоққина ҳовли юзасида эшак боғлаб қўйилган, нарироқда эса молхона. Хунук манзарани кўриб хомуш тортдик. Биз кирган хонадоннинг қўшниси ҳам кўчага ахлат уйиб қўйибди. Ҳовлида тупроқ кўпчийди.  Назаримда  хонадон эгалари ўзига тўқ, барчаси ҳаётда ўз ўринларини топган инсонлар. Бироқ уларда маънавий уйғоқлик, бедорлик етишмайди. Қолаверса, аризабозлик қилгунча, аввало ҳовли жой, кириб чиқадиган кўчаларимиз, маҳаллаларимиз обод ва шинам бўлса, уни кўриб улғайган фарзандларимиз унданда гўзалликка, ободликка интилувчи бўлмайдиларми, деб мулоҳаза қилиш учун тафаккур йўқ.

Нима учун ободонлаштириш, саронжом-саришталик кўнгилдагидек эмас, деб сўраганимизда нима экишингиздан қатъий назар барибир фойда йўқ. Негаки, кечки пайт оёғининг чигалини ёзиш учун ҳайдаб чиқилган молларнинг оёқлари остида экилган экинлар пайҳон бўлиб қолаверади, деган жавобни олдик. Эҳ одамлар, одамлар, қачон халқ бўласиз, қачон гўзаликка ва ободликка интиласиз? Ҳақиқий гўзаллик аслида кишининг қалбида бўлади…

МИНГ НАСИҲАТДАН БИР ИБРАТ ЯХШИ

Ёдимда, бундан етти саккиз йиллар олдин Тошкентнинг сўлим гўшаларидан бирида барқ уриб турган сиренни кўриб, астойдил ҳавас билан айнан шу гул кўчатини Сариосиё ўрмон хўжалигидан топиб келиб, ўзимиз яшайдиган кўчага ўтказганимда бир кечада ўғирлаб кетишди. Кейинги йил яна худди шундай гулларни ўтказдим. Қўшниларим бекорга оввора бўласиз, барибир кўкариб ўсишига йўл қўйишмайди, дейишди.  Айтганларидек,  ўтган кетган кўзимизни пана қилиб мен эккан сирен гулларини синдириб, суғуриб ташлаб кетаверишди. Мен эса яна ва яна экавердим. Шу тахлит тўрт йил гулларни экдим. Натижага эриша олмадим. Охири сирен гул дарахтларини экиб, унинг атрофини атиргулнинг тиконли бандлари билан ўраб қўйдим.  Тиконга ўралиб  3 йил турган гуллар бўйимдан баланд бўлиб ўсди. Ҳозирги кунда сирен гуллари икки-уч  метрдан ошиб ўсган, эрта баҳордан кеч кузгача кўзни қувонтириб, гуллаб туради. Ўтган кетганлар эса ҳавас билан қарайди. Шундай чиройли гулларни қаердан олганимни сўрашдан эринмайди. Гўзалликка эришиш осон эмаслигини унинг учун мустаҳкам ирода ва тинимсиз ҳаракат қилиш лозимлигини англайман. Яна нимадир етишмаётганини сезаман. Бунинг учун кўчамизни таъмирлаш кераклигини, махсус техника билан текислаб шағал ётқизиш лозимлигини кўчадошларимга тушунтираман. Лекин ҳамма ерга қарайди. Нима керак, кўчани таъмирлаб, бу давлатнинг ишику, дейдиганлар ҳам топилади. Мен эса тинчимни тополмайман. Турмуш ўртоғимнинг кайфияти яхши пайтдан фойдланиб, кўчани ўзимиз таъмирлаб қўя қолсак-чи, савоб бўларди дейман. Менга индамай қўйгани билан дадамиз кўчанинг харажатларини ҳисоблаб чиққанини сезиб юраман. Пайтини топиб кўчани таъмирлайлик деявераман. Ҳовлимизда 5-10 та чорва молларининг бир иккитасининг баҳридан ўтиб, кўчани асфальт қилсак, бошқалар ҳам биздан кўриб бу анъанани давом эттирса, бизнинг обрўйимиз-ку, деб минғиллайверганимдан кейин кўчамизнинг 500 метрини асфальтлашга эришдик.

Лекин юрагимдаги  чигаллик ёзилмайди. Негаки, асфальт тўккан кунимиз бир иккита қўшнимиздан бошқа қўшниларимиз ҳатто ёрдамлашишга чиқмайдилар. Уч “ФОТОН” камазда келган асфалтьни ётқизиш осон кечмайди. Ҳашарга чиқмагани майлику-я, бизнинг уйгача асфальт етмади, деб аразлаганлари ҳам бўлади. Эҳ одамлар, одамлар, қачон халқ бўламиз, қачон ўзимиз яшаётган кўчалару қишлоқларимиз, бизни ўраб турган борлиқ учун жавобгарликни ҳис қилишни ўрганамиз, қачон ўз қобиғимизни ёриб чиқиб, фарзандларимизнинг кўзи тушадиган манзараларнинг гўзал бўлишига, уларда ҳам ана шундай гўзал муҳит яратишга ихлос қўйишга ўрнак бўламиз?

ҚОВУН-ҚОВУНДАН РАНГ ОЛАДИ

Хизмат юзасидан ташкилот мактаб, коллеж, боғча каби муассасаларни кузатаман. Баъзи ташкилотларда ободонлаштириш қўл учида ҳафсаласизлик билан бажарилганини кўриб юрагим ачишади. Атрофда чиқиндилар уюми, эшик ва дераза ромлари қийшайган. Ранги ўчиб кетган. Бинога кирсангиз, буғила бошлайсиз,  полнинг ёриғига ахлат тўлиб қолган. Дераза ойналари синган. Ахир ке- йинги пайтларда айниқса, таълим муассасаларига  давлатимиз томонидан сарфланаётган маблағнинг ҳисобини олиш қийин. Уни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, чарақлатиб қўйиш учун фақат ҳафсала етишмайди.  Баъзи ташкилотларга кириб кўнглингиз яйрайди. Ўша ташкилотнинг эгаси бир ерда ўтиролмайдиган, тиниб-тинчимайдиган, гўзалликдан баҳра оладиган  ихлосманд, фидойи, фаросатли инсон бўлади. Музработ туманининг 22- мактабидаги шундай манзарани кўриб, мактабнинг фидойи, ихлосманд раҳбари Муҳиддин Нурматовдай инсонлар кўпайса, эди дейман.

Улуғ ният, ҳафсала ва ихлос билан яшаш кайфиятга, бой ёки камбағалликка боғлиқ эмас, деб ўйлайман. Анвойи гулларни экишни  севадиган, соч лари ораста, арзонгина матодан тикилган кўйлакни ҳам қимматбаҳо кўйлакдай асраб киядиган,  ёз келса ҳовлисидан райҳонларнинг ҳиди келиб турадиган,  бир қулочгина ерга ўсма экиб, қизларию, келинларини ўсма қўйиб юришга ундайдиган аёли бор хонадонларда гўзаллик бўлади. Бундай хонадонлар атрофга нур таратиб, гўзалликдан баҳра улашиб туради. Ҳар қандай киши ана шундай хонадон билан қуда-анда бўлишни зимдан орзу қилади.

Райҳон РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE