Бош саҳифа / Маданият / Одами эрсанг демагил одами…

Одами эрсанг демагил одами…

Ўзбек халқининг улуғ мутафаккири А. Навоий жаҳон адабиётининг буюк санъаткорлари-дандир. Шоир бутун фаолияти ва ижодиётини инсоннинг бахт-саодати учун курашга, халқнинг осойишталигига, ўзаро феодал урушларнинг олдини олишга, ободончилик ишларига, илм-фан, санъат ва адабиётнинг тараққиётига бағишлади.

Ўзбек адабий тили ва мумтоз адабиётини янги тараққиёт поғонасига кўтарган Алишер Навоий айни чоғда йирик давлат арбоби, қомусий олим, ўз даври маданий ҳаётининг ҳомийси ва сарвари, кўплаб шогирдлар етиштирган устоз-мураббий ҳамдир. У ёшлигидан билимларни қунт билан эгаллади. Юксак ақл-заковат соҳиби бўлган Алишер ўқиган нарсаларини мукаммал хотирасида сақлади. Ўша даврнинг машҳур китоблари: Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон”, Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут тайр” асарларини севиб ўқиди. Ҳатто “Мантиқ ут тайр”ни бўлажак шоир тамоман ёд олгани тарихий китобларда зикр этилган.

Жуда ёшлигидан бошлаб шеърлар ижод қилган Навоий 10-12 ёшида етук шоир бўлиб етишди ва ўз даврининг буюк алломаси Лутфий қалбини забт этди. Ёш Алишернинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий унинг:

Оразин ёпғач, кўзумдин тўкулур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш,

матлали ғазалини тинглаб, юксак баҳолайди. “Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим”, дейди.

Бу шунчаки бир мақтов бўлиб қолмасдан, у ўзбек адабиётида буюк ва забардаст қалам соҳиби етишиб келаётганидан дарак берар эди. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлиб чиқди. Навоий ўз ҳаёти ва ижоди давомида жуда катта хазина яратиб қолдирди. Буни 45 минг мисра шеърларни ўз ичига олган “Хазойин ул маоний” ва 12 минг мисрадан зиёдроқ форс-тожик тилидаги шеърлари жамланган “Девони Фоний”, ўз она тилида яратилган “Хамса”, “Лисон ут тайр” фалсафий достони, ўзи яшаган давр нинг долзарб масалалари юзасидан баҳс юритувчи ўндан ортиқ насрий ва қатор мавзулардаги шеърий асарлари ташкил қилади.

Навоийнинг лирик поэзия тараққиётидаги улкан хизмати шундаки, у лириканинг тор тематик доирасини ёриб чиқиб, шеъриятнинг ғоявий мотивларини фалсафий, ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий-таълимий масалалар билан бойитди. Унинг лирик қаҳрамони табиат гўзалликлари, инсон ҳаёти ва фаолиятини тараннум этувчи, ҳаётни севувчи, севгига садоқатли, одамларга шафқат билан қаровчи хокисор бир инсон сифатида гавдаланади. Асарларида одамларга фойда келтирадиган кишиларни улуғлаш билан бирга, фақат ўз манфаатини кўзловчи шахсларни қоралайди:

Одами эрсанг демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами.

Ушбу байтда одамлар билан бирга яшаб, бирга фикрловчи, улар билан ёниб яшовчи инсонлар улуғланади. Аксинча, элу халқини ўйламайдиган кишиларга нисбатан одам сўзини ишлатишнинг ножойиз эканлигини баён қилади. Бинобарин, ҳақиқий инсон халққа оғирлик туширмайди. Ўзига қандай муносабатда бўлса, халққа ҳам шундай муносабатда бўлади. Шоир бир ғазалида:

Халойиққа кўрма, қилиб бенаво,
Ўзингга раво кўрмаганни раво.

Шоирнинг ўзи ҳам бу тамойилга қаттиқ амал қилади. Ўзига тегишли мол-мулкидан тез-тез эҳсон қилиб турди. “Ихлосия” мадрасаси қаршисида ҳар куни мингдан ошиқ заифу мискинлар ширин таомлар билан тўйдирилди. Бу ерда ҳар йили 2000га яқин пўстин, босма чакман, кўйлак-лозим, тақия ва ковуш тарқатилар эди.

Инсон ва унинг тақдири, ҳаёти, орзу-умидлари Навоий ижодининг марказида туради. Асарларининг қатида инсонни улуғлаш, унинг қадр-қимматини ўрнига қўйиш, эъзозлаш ҳамма нарсадан устун туради. Мусулмонларнинг энг муқаддас эҳроми Каъба ҳисобланади. Бу зиёратгоҳ, энг табаррук маскангина бўлиб қолмасдан, ҳақ, имон-эътиқод, поклик, комиллик рамзи ҳисобланади. Ана шундай табаррук тимсол инсонни улуғлашга хизмат қилади.

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Ўксикларни хотиржам қилиш, унинг кўнглини олиш, кўмаклашиш вайрон бўлган Каъбани обод қилиш билан таққосланишида улкан қалб соҳибининг инсонга бўлган чексиз меҳри ифодаланган.

А. Навоий деҳқонлар ва қишлоқ одамлари билан учрашар экан, аҳолининг сувга бўлган ташналигини билиб олади. Шоир ўзи ҳам сув муаммосини ҳал қилиш бўйича улкан режалар тузади. Уларнинг бир қисмини рўёбга чиқаради. “Макорим ул ахлоқ” китобининг муаллифи Хондамирнинг хабар беришича, Хуросоннинг турли жойларида 19 та ҳовуз қурдирган. Бу ҳовузлар халқнинг сувга бўлган эҳтиёжини маълум даражада қондириб турган. Шоир орзуларининг баъзиларини XV аср шароитида амалга ошириш имкони йўқ эди. Навоий асарларининг ҳар бир сўзи ва ҳаётининг ҳар бир дақиқаси инсонпарварликка хизмат қилган. Зеро, Навоий инсон бир-бирини парвариш қилиш учун туғилади, деб тушунган.

Айтиш мумкинки, Навоий амалий инсонпарварликнинг дунё адабиётидаги ёрқин намояндасидир. Шоир халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарликни олға суради. Аксинча, бир халқнинг иккинчи бир халққа, бир қабиланинг иккинчи қабилага душманликда бўлишини, ўзаро урушларни қаттиқ қоралайди. Ҳамма уруғ, қабила ва халқни тотувликда яшашга чақиради.Ўша даврларда ҳам баъзи бир қабила ўзини бошқа бир қабиладаги кишилардан устун қўйишга интилар эди. Навоий бундай аҳвол билан муроса қила олмасди. Шоир ўзининг лирик шеърларида қабилалар ўртасидаги фарқ уларнинг яқинлашувига тўсиқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлайди. Кишиларнинг қабила ва уруғларга бўлинишигина эмас, балки миллат ва ирқларга бўлиниши ҳам ошиқ туйғуларини ҳақоратлагандек бўлади. Шоир учун севги ҳар қандай миллий бўлинишлардан юқори туради:

Кўнгилни олса малоҳат билан тафовут йўқ
Хитойи ўлсун, армани ва ё ҳинду.

Навоийнинг лирик қаҳрамони гўзалликка ошно бўлади. Ошиқ йигит севган гўзал қайси миллатга мансуб бўлишининг, қайси динга эътиқод қилишининг аҳамияти йўқ. Буюк шоир ҳамиша эл ғамида яшади, шу мақсадда нафас олди.

Менга қилса минг жафо бир марта фарёд айламам,
Халққа қилса бир жафо, юз марта фарёд айларам,

дея халқни зулмлардан ҳимоя қилишни ўйлайди, юксак халқпарварлик намунасини кўрсатади.

Шоирнинг:

Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш, —

деган сатрлари эса дунё бўйлаб қуёш нурлари каби тинчликсеварлик ғояларини ҳамон сочиб турибди.

Шариф ЁҚУБОВ,
Болта ЁРИЕВ,
филология фанлари номзодлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мард ўғлонлар хотираси қалбимизда

Жанубий оператив қўмондонлик ҳарбий хизматчилари қўмондонлик бошлиғи, полковник Қодиржон Турсунов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan