Бош саҳифа / Жамият / Одам савдоси

Одам савдоси

Маданиятлар, урф-одатлар, анъаналарнинг қоришуви ХXI асрда кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди. Ирқий камситишлар, диний қарама-қаршиликлар, турли хил гуруҳлар ўртасида кечаётган кескинликлар, уруш-жанжаллар, одам савдоси, булар барчаси бугунги куннинг энг оғриқли жиҳатларидир.

Статистик маълумотларга кўра, одам савдосидан азият чекаётганлар уруш ҳаракатлари кетаётган давлатларда сарсон-саргардон аҳоли сонидан кам эмас.

Куч билан таҳдид қилиш ёки бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, фирибгарлик, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш каби иллатлар коррупциянинг бир кўринишидир. Шу жумладан, одамлардан ўз шахсий манфаати йўлида фойдаланиш, фоҳишаликка мажбурлаш, мажбурий меҳнат каби иллатларнинг барчаси инсон ва унинг эркини чеклашга қаратилган хатти-ҳаракатлардир.

Бундай ҳолатларга дуч келган ҳар бир шахс онгли равишда ҳуқуқ-тартибот органларига ўз вақтида маълумот бериши, одам савдосининг жирканч қиёфасини очишда бевосита иштирокчи бўлиши муҳим саналади.

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида вилоятимизда одам савдоси билан боғлиқ 9450 та жиноят содир этилганлиги ачинарли, албатта. Шундан 1455 таси Термиз шаҳар ҳиссасига тўғри келаётганлиги кишини хавотирга солади. Йил бошидан бери муассасамизга турли масалаларда ёрдам сўраб мурожаат қилган 983 нафар фуқародан 674 нафари ишга жойлаштирилган бўлса, 92 нафари ижтимоий ҳимояга олинди.

Жамиятда учрайдиган бу сингари иллатларга қарши курашишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг роли жуда муҳим ўрин тутади. Табиийки, ҳар бир маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш тарзи, ижтимоий келиб чиқишидан ўша ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари яхши хабардор бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, чет элга ишлаш учун кетаётган фуқаролар ҳақида тўлароқ маълумотга эга бўлиш имкони бор. Онги уйғоқ, виждони тоза ҳар бир шахс жамиятнинг софлиги, тинчлик-осойишталиги учун астойдил ҳаракат қилиши зарур.

Жаҳонгир ЖОВЛИЕВ,
Термиз шаҳар бандликка кўмаклашиш
маркази шўъба бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE