Бош саҳифа / Маданият / Очиқ эшиклар куни

Очиқ эшиклар куни

Термиз халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш батальони ҳовлиси. Унинг тўрт бурчида ҳарбий хизматчиларнинг хизмат давомида фойдаланадиган қурол-аслаҳаларидан тортиб истеъмол қиладиган таомларию машғулотларда фойдаланадиган спорт анжомларигача териб қўйилган. Улар ҳарбий қисмга ташриф буюрадиган кичик меҳмонлар учун тайёрланган.

Фақат ҳарбий қисм хизматчилари учун очиладиган эшиклар эса бугунги “Очиқ эшиклар куни”га ташриф буюрадиган жажжи ўғил-қизларимиз учун ҳам очиб қўйилди.

Бир пасда ҳовлини болаларнинг чуғур-чуғури босиб кетди. Улар келиши биланоқ, намойиш қилинаётган турли қурол-аслаҳаларни кўриб, қўлларига олиб томоша қила бошлашди. Кимдир ҳарбий акалари кийган ҳимоя кийимини кийиш билан, бошқа бирови дурбинни қўлига олиб, узоқни кўзлаш билан овора. Стол устига териб қўйилган турли ўқ отар қуролларни кўтариб кўрганлари қанча.

— Бугун бу ерга боғчамиздаги ўртоқларим билан келдик, — дейди эндигина 5 ёшни тўлдирган Термиз туманидаги 13-МТТ тарбияланувчиси Рамазон. — Бу ерда ҳар хил автоматларни кўрдик. Дурбиндан қарадим. Ҳарбийларнинг каттакон қора машинасига чиқдим. Зўр экан. Катта бўлсам, мен ҳам ҳарбий бўламан. Кейин мана шу автоматни кўтариб, Ватанимни ёмон одамлардан ҳимоя қиламан.

         Бутун ҳарбий қисм бўйлаб уюштирилган ажойиб саёҳат Термиз туманидаги 6-умумтаълим мактаби ўқувчилари учун ҳам манзур бўлди. Улар ҳам ҳарбий хизматчиларнинг ётоқхонаси, навбатчилик олиб бориладиган хоналар, кутубхона, спорт секцияларини кўздан кечиришиб, хизматчиларнинг ҳақиқий ҳаёт тарзи билан танишишди.

— Албатта, ўсиб келаётган ўғил-қизларимизни чинакам ватанпарварэтиб тарбиялаш учун бундай тадбирлар натижа бермай қолмайди, — дейди  Термиз ҳарбий прокурори ёрдамчиси, адлия майори Ғиёсиддин Рахмонов. — Чунки, бола эшитганидан ҳам кўра, кўрганларига ишонади. Бугунги тадбирда ҳам иштирокчилар кўнглида ҳарбий акаларининг машаққатли, аммо шарафли касбига ҳавас уйғонган бўлса ажаб эмас.    

 Феруза Раҳмонқулова 

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan