«Очиқ жануб» халқаро бизнес-форуми

0
128

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР ВА САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИККА КЕНГ ЙЎЛ ОЧДИ

Айтиш керакки, йиллар давомида Сурхон воҳасига ташриф буюрадиган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар, тадбиркор, ишбилармонлар сонини юқори деб бўлмасди.

Жумладан, сайёҳлик бирозгина жонланган. Ўтган йилда 8 мингдан ортиқ хорижлик сайёҳ ва 40 мингга яқин маҳаллий сайёҳ келган. Жорий йилда эса бу кўрсаткичнинг анчагина юқорилаганлигини ўтган беш ой мисолида ҳам яққол англаш мумкин. 28-29 апрель кунлари ўтказилган “Бойсун баҳори” халқаро фестивалидан сўнг, Сурхон воҳаси яна бир бор халқаро тадбирга мезбонлик қилди. 2-3 июнь кунлари вилоятнинг инвестицион, экспорт ва туризм салоҳиятини кенг намойиш этишга бағишланган “Open South International Business Forum” халқаро бизнес-форуми ташкил этилди.

Тадбирнинг биринчи куни “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов меҳмонларни, анжуман иштирокчиларини табриклаб, воҳада хорижий ишбилармонлар, сайёҳлар учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилганлигини воҳанинг бой табиий бойликлари, қулай иқлими, иқтисодий имкониятлари ҳақида алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ш.Шораҳметов, инвестиция бўйича давлат қўмитаси департаменти мудири ўринбосари А. Сим, вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Орипов, Австриянинг “Haslinger Stahlbau GmbH” компанияси директори Арно Соргер, Россиянинг АПХ “Эко Культура” компанияси вакили С. Шеинлар сўзга чиқишди.

Куннинг иккинчи яримида форум иштирокчилари, хорижий компания лар вакиллари ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида В2В шаклида ўзаро музокаралар олиб борилди, тақдимотлар ўтказилди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов томонидан форум давомида Бангладеш, Словакия, Украина, Тожикистон, Афғонистон, Қувайт элчилари, хорижий ва маҳаллий ишбилармон доира вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва инвестицияларни жалб этиш юзасидан учрашувлар ўтказилди.

Форумнинг иккинчи куни вилоят марказидаги “Алпомиш” кураш мажмуасида “Афросиёб”, “Султон шарбати”, “Савб”, “Денов вино – ароқ”, “Шўрчи дон маҳсулотлари”, “Хўжаикон туз”, “Gold dried fruits export”, “Денов равнақ камоли”, “Дашнабод умид чарос”, “Perilla food”, “Сурхон-Термиз-Чинни”, “Чароғон текс- тил”, “Сурхон саноат қурилиш” каби воҳамизнинг бир қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари ўз маҳсулотларини, хизматларини намойиш этди. Жаҳоннинг йигирмадан ортиқ давлатидан 174 нафар ишбилармонлар, 11 та чет эл элчихоналари вакиллари ҳамда 300 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар иштирок этган анжуман ўзига хос кўтаринкиликда ўтди. Шунингдек, вилоятнинг инвестиция ва сайёҳлик салоҳияти ҳам тақдим этилди, миллий ҳунармандчилик ва либослар кўргазмалари ҳам ташкил этилди.

— Паррандачилик билан шуғулланаман,— дейди афғонистонлик Диана Ҳошимзода. — Ҳозирда ўн мингга яқин товуғим бор. Уларни боқиш учун эса махсус озуқасини ҳамда айрим дори воситаларини Покистон орқали олиб келтираман. Аммо бу менга икки баравар қимматга тушаяпти. Бу маҳсулотларни Ўзбекистон орқали арзон нархларда олиб келтиришим, шунингдек, юртингиз орқали бошқа қўшни давлатларга ҳам парранда гўштини экспорт қилишим қулай. Шу боис, бу ердаги тадбиркорлар билан шартнома туздим.

— Бизнес-форум натижаси бўйича озиқ-овқат, текстиль, қурилиш, чарм маҳсулотларини ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, замонавий иссиқхона, интенсив боғ ташкил этиш, шунингдек, чинни буюмлар, текстиль, “Akfa” ромлар, музқаймоқ, мева-сабзавот маҳсулотларини экс- порт қилиш бўйича жами қиймати 365,5 миллион долларга тенг 60 та келишувларга эришдик, — дейди вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш бўйича ўринбосари Анвар Орипов. — Шу жумладан, 251,7 миллион долларлик хорижий инвистицияларни жалб қилиш ва 113,8 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича ҳужжатлар имзоланди.

Кўргазмада хусусан, афғонистонлик ишбилармонларни кўпроқ ҳўл мева, қуритилган дуккакли маҳсулотлар, чинни буюмлар қизиқтирган бўлса, тожикистонлик тадбиркорлар паррандачилик корхоналари, тухум ва чинни маҳсулотлари бўйича ўзаро келишувлар ўтказишди. Ҳиндистонлик меҳмонлар эса юртимиздаги табиий, доривор ўсимликлар, хусусан, коврак ўсимлигига кўпроқ қизиқиш билдирди.

— Ўзбекистон, хусусан Сурхондарё бой ўтмишга эга, — дейди Ипак йўли археологияси маркази директори Ванг Жиансин. — Бу ҳудуд Буюк ипак йўли чорраҳасидан жой олган. Шу боис ҳам юртингиз археологлари, тарихчилари билан ҳамжиҳатликда ишлашимиз муҳим аҳамиятга эга. Бу тадбир нафақат иқтисодий, балки маданий-маърифий, археология соҳаларида ҳам ўзаро ҳамкорликка чорлади.

Шу куни хорижий меҳмонларни қизиқтирган соҳалар бўйича вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари, завод ва фабрикаларга, вилоятнинг зиёрат жойларига ташрифлари уюштирилди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг