Бош саҳифа / Таълим / Обрўнинг онаси — меҳнат, отаси — саъй-ҳаракат

Обрўнинг онаси — меҳнат, отаси — саъй-ҳаракат

Ўзим таҳсил олган мактабимга бормаганимга ҳам йиллар бўлибди. Эрта тонгдан олисдаги ўша қадрдон манзил сари йўл олдим. Бугун у ерда бешта муҳим ташаббус бўйича амалий семинар бўлиши керак. Тадбир иштирокчилари рўйхатида мен ҳам борман.

         Тепасига катта қилиб Қумқўрғон туманидаги халқ таълими бўлимига қарашли 27-умумтаълим мактаби деб ёзиб қўйилган дарвозадан кирар эканман юрагим энтикди, болалик хотираларим кўз олдимда жонланди.

         Биз кечагина ўйнаб, чангитиб юрган ҳовлига брусчатка ётқизилган, атрофга эса арча, 40 туп бодом кўчатлари экилган мўъжаз боғ қилинган. Мактаб биноси эски бўлса-да, озодаликни, йўлаклардаги қўл меҳнати орқали қилинган бири-биридан ажойиб безаклар, кўргазмали қуроллар, гуллар, деворга осилган санъат асарларини кўриб, буни сезмайсиз ҳам.

         Семинарга тумандаги мактаблардан ўқитувчилар ҳам ташриф буюришди. Меҳмонларни қарши олган мактаб директори Салим Саидов дастлаб, уларни мактаб бўйлаб саёҳат қилдирди.

         Дарвоқе, 27-умумтаълим мактаби тумандаги “Ҳуррият” маҳалласида жойлашган. Унда шу маҳалладан ташқари, “Киндиктепа”, “Элобод” ҳамда “Мунчоқтепа” маҳаллаларидаги 1160 нафар ўқувчи таҳсил олади. 864 ўринга мўлжалланган даргоҳда 91 нафар ўқитувчи 2 сменада ўқувчиларга таълим-тарбия беришади.

         Мактаб биноси икки қисмга ажратилган. Улардан бирида бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олишади. Бино ичига киришингиз билан бирорта ҳам бўш бурчакни тополмайсиз. Ҳар поғонасига карра жадвали ёзилган зиналардан тортиб деворларгача ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ўзлари қамиш қаламчаларию эски чарм бўлакларидан ясаган кичик санъат асарлари, турли кўзргазмали қуроллар билан безатилган.

— Бошланғич синфларда 664 та ўқувчи таҳсил олади, — дейди бошланғич синфларда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Собир Қурбонов. — Бу ерда шанба кунлари ўқувчилар учун бешта муҳим ташаббус бўйича рассомчилик, рақс, компьютер саводхонлиги, тикувчилик, таэквандо каби тўгаракларимиз мунтазам равишда ишлаб турибди. Уларда ўқувчиларимиз қатнашиб, ўзлари қизиққан йўналиш бўйича сабоқлар олишмоқда.

— Бугун болаларимиз замонавий телефону компьютерларни кўриб улғайишмоқда, — дейди информатика ўқитувчиси Улуғбек Маматмўминов. — Аммо, уларни замонавий технологиялардан тўғри фойдаланишни ўргатишимиз лозим. Мен бошланғич синфўқувчилари учун компьютер саводхонлигидан тўгарак машғулотларини олиб бораман. Ҳозирда 4-синф ўқувчилари компьютернинг умумий функцияларини бажаришдан ташқари, бемалол ворд дастурида ишлашни ҳам ўрганиб олишган.    

         Бинода 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш учун ҳам алоҳида хона ажратилган. У ерда 60 та бола илк саводхонлик сабоқларини олишмоқда. Яна болажонлар учун ташкил қилинган қўғирчоқ театрида эса мактабдаги ўқувчилар тез-тез кичик пьесалар ҳам қўйиб беришади. Қишлоқ болалари театрни фақат телевизорда эмас, балки жонажон мактабида ҳам кўриши, унда ўзларининг опа-акалари томонидан қўйилган пьесаларни томоша қилиши бу ибрат мактабининг кичик намунасидир.

         Таълим масканида олиб бориладиган дарслар мактаб директори ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари томонидан мунтазам равишда таҳлил қилиб борилади. Таҳлиллар, олинадиган ёзма иш намуналари эса мониторинг қилиб борилиб, ҳар икки ҳафтада педагогик кенгашда муҳокама қилинади. Қаерда бўшлиқ бўлса, кенгашда уни тўлдириш бўйича тажрибалар ўртоқлашилади.   

— Тарбияси оғир болалар билан ишлашда битта болага иккитадан ўқитувчи бириктирилган ҳолда амалга оширилмоқда, — дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Абулқосим Ортиқов. — Айни пайтда тарбияси оғир бўлган 5 та ўқувчи билан шу тартибда иш олиб бораяпмиз. Энг яхши йўл — бу болани бўш қўймаслик. Шу боис, биз ҳам уларни дастлаб, тўгаракларга жалб қилдик. Тўгаракда уларга бириктирилган фан ўқитувчилари улар билан инвидуал тарзда шуғулланади ва хулқ-атвори доимий равишда назорат остида бўлади.

         Спортнинг шахмат-шашка, волейбол, армрестлинг, миллий кураш, енгил атлетика, гимнастрада турлари бўйича тўгараклар доим гавжум. Ютуқлар ҳам шунга яраша.

— Яқинда волейбол бўйича мактаб жамоаси вилоятда фахрли 3-ўринни, “Қувноқ стартлар” спорт мусобақаларида эса биринчи ўринни эгаллаб қайтишди, — дейди жисмоний тарбия ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Шоира Туропова. — Шунингдек, миллий кураш бўйича Абдихолиқ Бойқобиловнинг шогирдлари вилоятда биринчиликни, республикада эса иккинчиликни қўлга киритиб қайтишди.

         Семинар доирасида синфларда барча фанлар бўйича очиқ дарслар ҳам ташкил қилинди. Сўнг, иштирокчилар, туман халқ таълими бўлими услубчилари билан биргаликда таҳлил қилинди, ижобий хулосалар айтилди.

         Албатта, таълим жараёнининг сифатли ўтиши, ўқитувчидан тортиб оддий ходимгача ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши бу шу даргоҳга раҳбарлик қилаётган кишининг қатъияти, тўғри ва адолатли иш принципига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Аксар мактабларда айни шу омилкорлик етишмаслиги натижасида мактаб жамоасидаги носоғлом муҳит, унинг таъсирида ўлда-жўлда қолган дарслар, болалар, абгор ҳолга келган синфхоналарни кўриб, ачинганмиз. Аммо, 27-мактабдаги ҳолат бунинг мутлақо акси эканини кўриб, биз ҳам қувондик. Негаки, бу даргоҳда фидойи раҳбарларни, кўзи ёни турган ёш ходимлару аҳил жамоани кўрдик. 

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

42 yil avval uchinchi Renessansni boshlagan ayol

Aksariyat odamlardan rahbarlikka ishtahasi boryo‘qligini so‘rasangiz, jon-jon, deya bunga rozi bo‘lishini aytadi, tag‘in boshqa birovlar …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan