Бош саҳифа / Сиёсат / Обрўнинг бозори қаерда?

Обрўнинг бозори қаерда?

Айрим кишилар қонунчилигимизда ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган сўз ва шахс эркинлиги, деган тушунчани ўзларича бошқача шарҳлашади. Сўз ва шахс эркинлиги бу бировнинг ҳамиятига, шахсиятига тегиш, унинг конституцион ҳуқуқ ва эркини поймол қилиш дегани эмас.

“Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги шу йил 21 февралдаги 4966-сонли қарорига кўра, 1 июндан эътиборан мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан фуқаролар мурожаатлари, ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш маъмурий судларга берилди. Шунингдек, майда безорилик, жамоат жойларида ўзини тута олмай уятли сўзлар айтиш, сўкиниш, беҳаё қилиқлар қилиш, шил- қимлик, жамоат тартиби ва фуқаролар осо- йишталигини бузиш каби  тартиб-қоидаларни менсимаслик ишлари ҳам маъмурий судларга берилганлигини айтиб ўтмоқчимиз. Бундай ножўя ҳаракатлар учун энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача жарима ёки ўн беш суткагача қамоқ жазоси берилиши маъмурий жавобгарлик тўғрисдаги кодекснинг 183-моддасида кўрсатиб ўтилган.

Халқимизда ўйламай сўзлаган, оғримай ўлар, деган гап бор. Шу йилнинг 22 апрелида Термиз туманидаги Ш. Рашидов маҳалласида яшовчи Ш. Махманов келинига қасддан туҳмат қилганлиги учун суд олдида жавоб беришига тўғри келди. Натижада, у киши энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима тўлаб, беш кун қамоқ жазоси билан сийланди.  Қовун-қовундан ранг олади, дейдилар. Термиз шаҳаридаги Ч. Сафаров кўчасида Ҳ. Мустафоқулов маст ҳолда С. Воҳидов билан тортишиб қолади. Ва уни жамоатчилик жойида қўпол сўзлар билан ҳақорат қилади. Воқеа устида бўлган гувоҳлар, тўпланган далилларга кўра, Мустафоқуловга беш сутка қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, Бойсун туманидаги “Ўрта Мачай” маҳалласида яшовчи Ж. Келдиёров ҳамқишлоқлари ҳузурида отаси С. Келдиёровни  қўпол сўзлар билан ҳақорат қилиб, жанжал кўтарган. Отаси яшаётган уйнинг дераза ромларини уриб синдирган. Бу безорилиги учун Ж. Келдиёровга беш сутка қамоқ жазоси тайинланди, ва  112330 сўм давлат фойдасига ундирилди.

Кейинги пайтларда майда безорилик ҳолатлари хотин-қизлар орасида кузатилаётганлиги кишини афсуслантиради. Термиз шаҳридаги “Маърифат” маҳалласида яшовчи Н. Бердиева собиқ қайнонаси С. Ҳайитованинг уйида жанжаллашиб, унинг иззат нафсига тегиб, уятли ва қўпол сўзлар билан ҳақорат қилган. Уйининг дераза ойналарини уриб синдирган, аёл шаънига тўғри келмайдиган бу қилмиши учун Н. Бердиева уч сутка қамоқ жазоси билан сийланди. Шаҳардаги “Каттабоғ” маҳалласида яшовчи Ф. Шомиров қўшни кўчада яшовчи Д. Чориевани жамоатчилик жойида ҳақорат қилганлиги учун қора курсига ўтиришига тўғри келди. Ф. Шомиров кечирим сўраб, айбига иқрорлигини тан олса-да, Д. Чориеванинг қалбидан бу жароҳатларни ўчириб бўлармикан. Майда безоричилиги учун Ф. Шомировга энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима қилинди.

Ичкилик ҳеч қачон инсонга обрў келтирмаган. Шу йил 22 июнда фуқаро У. Ҳолиқулов ва Н. Эшмирзаевлар “Осиё” тўйхонаси олдида ўзаро тортишиб, жанжал кўтаришган. Иккаласи ҳам олий маълумотли бўлган бу инсонлар жамоатчилик жойида ўзини тута олмаганлиги ва майда безорилиги учун тегишли жазосини олишди. У. Ҳолиқуловга энг кам иш ҳақининг икки баравари, Н. Эшмирзаевга эса бир баравари миқдорида жарима солинди. Шунингдек, Ф. Ҳасанов, Ў. Шаманов, А. Ҳайдаров, О. Назаровлар жорий йилнинг 7 июлида “Айритом” маҳалласида жойлашган “Termiz Cargo Centre” МЧЖга қарашли “Карвонсарой”нинг ёзги ҳовузида маст ҳолда ушбу маскан ходимлари билан жанжаллашиб, жамоат тартибини бузишган. ИИБ ходимларига ҳам қаршилик кўрсатишиб, ҳақорат қилишган. Натижада, оғзига эрк берган бу шоввозларнинг ҳар бири қилмиши учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима тўлашига тўғри келди.

Юқорида ёши бир жойга борса-да, ўзини тута билмайдиган кишиларнинг қилмишини бир-икки жумла билан қайд этдик. Ачинарли томони, ўзини англамаган, ўзгаларни ҳурмат қилмайдиган бу инсонларнинг кўпчилиги ўқимишли кишилардир. Булар қандай қилиб ёшларга, оила аъзоларига, маҳалла кўйга ибрат бўла олади. Қилмишидан хулоса чиқарса-ку, нур устига нур, лекин… Доно халқимизда обрўнинг бозори бўлмайди, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Чорак аср давомида мис- қоллаб йиққан обрў-эътиборларини бир лаҳзалик жаҳл устида ёки бир қултум заҳри қотил ичимлик эвазига қумга тўкиб юбориш бу инсон зотига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатдир.

Баҳодир ЭРГАШЕВ,
вилоят маъмурий суди судьяси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сайловнинг молиялаштириш тизимини бузганга қандай жавобгарлик бор?

Конституциямизда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб қўйилган. Бу қоида ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan