Бош саҳифа / Жамият / Обод зиёратгоҳ зиёси

Обод зиёратгоҳ зиёси

Марказий осиёлик буюк мутафаккирлардан бири – машҳур муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизийдир. Унинг тўлиқ исми Абу Исо Муҳаммад ибн Савра ибн Мусо ибн Даҳҳок Сулламий Термизий бўлиб, у 824 йилда Термизда, унча бадавлат бўлмаган оилада таваллуд топди.

Термизий турли фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаган ва бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларини зиёрат қилган. Жумладан, у узоқ йиллар Ироқда, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган.

Кўп йиллар давом этган сафарлари чоғида Термизий илм-фаннинг турли соҳаларидан – илм ал-қироат, илм ал-баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшлигидан қизиққан ҳадис илми бўйича ўз даврининг йирик олимлари – машҳур муҳаддислардан таълим олади. Унинг устозларидан Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон ва бошқа машҳур муҳаддисларни кўрсатиш мумкин.

Мусофирчиликдан қайтган Термизий ўз юртида йирик муҳаддис олим сифатида шуҳрат қозонди ва ижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлди. У 892 йилда Термиздан узоқ бўлмаган Буғ қишлоғида, ҳозирги Шеробод туманида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.

Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. “Ал-жомеъ” (“Жамловчи”), “Аш-шамоил ан-набавия” (“Пайғамбарга хос сийрат ва фазилатлар”), “Ал-илал фил-ҳадис” (“Ҳадисларни нақл қилишдаги нуқсонлар”), “Рисола фил-хилоф вал-жадал” (“Ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “Ат-тарих” (“Тарих”), “Китоб аззуҳд” (“Тақво ҳақида китоб”), “Китоб уласмо вал-куна” (“Исмлар ва унвонлар ҳақида китоб”) каби асарлар шулар жумласига киради.

Термизийнинг асарлари ичида энг машҳури, шубҳасиз, “Ал-жомеъ” бўлиб, пайғамбар алайҳиссаломга доир олтита ишончли ҳадислар тўпламларидан биридир. Ушбу асар илмий адабиёт ва манбаларда “Ал-жомеъ ал-кабир” (“Катта тўплам”), “Алжомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”), “Жомеъи Термизий” (“Термизий тўплами”), “Сунани Термизий” (“Термизий суннатлари”) номи билан ҳам аталиб, пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти ва фаолиятига доир муҳим манбалардан ҳисобланади.

Анча хароба ҳолга келиб қолган ҳазрат зиёратгоҳи Президентимизнинг воҳага қилган ташрифлари чоғида берган кўрсатмалари ва топшириқлари асосида қайта таъмирдан чиқарилди. Янги масжид қурилди. Зиёратчилар учун қулай шароитлар яратилди. Сокин зиёратгоҳ мажмуасидаги анвойи гуллар, ўзига хос меъморий ечим ҳар қандай инсоннинг қалбига ажиб бир хотиржамлик шукуҳини олиб киради.

Исомиддин Ҳожиев

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE