Бош саҳифа / Жамият / “Обод қишлоқ” муаммолари…

“Обод қишлоқ” муаммолари…

Мамлакат тараққиёти, аввало, инсон манфаатларининг қай даражада қадр топгани ва бу йўлда олиб борилаётган хайрли ишларнинг салмоғи билан боғлиқ, десак асло янглишмаймиз. Бу борада “Обод қишлоқ” дастури доирасида бошланган кенг кўламли ишлар халқимиз томонидан катта мамнуният билан қарши олинмоқда.

Дарҳақиқат, замонга муносиб турмуш тарзи таъминланган қишлоқларда яшашга нима етсин.

Вилоятимизда «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш учун тегишлича ташкилот ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари ҳузурида махсус штаблар ташкил этилган. Шунингдек, ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш мақсадида жойларда вилоят ва туман ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга  қўйилган.

Айни пайтда Музработ туманидаги Ал Ҳаким ат Термизий маҳалласида ҳам “Обод қишлоқ” дастури бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Сафаримиз давомида бу ҳудуддаги Ўзбекистон, Ёшлик, Шодлик, 8-Март, Кимёгарлар, Меҳнат-Роҳат кўчаларидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдик.

Бизни қувонтиргани шуки, аҳоли томорқасига турли сабзавот маҳсулотлари, мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда гул кўчатлари экиб, парваришлашга алоҳида эътибор қаратишган. Аммо оқар сув таъминотидаги мавжуд муаммо парвариш ишларини қийинлаштирмоқда. Сабабини излаймиз. Шу кунгача ички кўчаларнинг атрофи аҳоли томонидан тозаланиб, йўлларга асфальт қопламалар ётқизилиши, пиёдалар йўлакчалари барпо этилиб, сув йўллари (лоток) ўрнатиш ишлари бошланиши лозим эди. Аммо аҳоли томонидан ҳанузгача белгиланган йўл ёқалари ортиқча қурилиш иншоотлари ва чиқиндилардан тозаланмаган.

— Маҳалламизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури  лойиҳасидан мамнунмиз. Бугунги жадал бунёдкорлик ишларидан, ўзгаришлардан умидимиз катта, — дейди “Ўзбекистон” кўчаси, 25-уйда яшовчи фуқаро Зуҳра Холмирзаева. — Аммо бизга архитекторлар келиб, кўча кенглигини ўлчаб, девор тўсин учун пойдевор қўйишимизни тайинлаб кетса, эртаси яна бир штаб вакили келиб, жойини ўзгартиради. Цементимиз бор, қурувчи усталар эса ишни бошлаймиз, деб турибди. Аммо, аниқ чегарани белгилаб берадиган одам йўқ.

Биз бу масалага аниқлик киритиш мақсадида туман архитекторига телефон қилдик, аммо, қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Шундан сўнг, қурилиш штабига бордик ва навбатчидан штаб иш бошқарувчисининг телефонини олиб, боғландик. Кун кечга оғаётгани ва вақтимиз зоя кетганига ачиниб, маҳалла посбони Баҳодир Жўрақобилов билан йўл чегарасининг тахминий ўлчовини белгилаб қайтаётганимизда туман архитектори пайдо бўлиб қолди. Биз мутахассисга уларнинг ўлчовларидаги номутаносибликлар ҳақида айтганимизда бизнинг ўлчовнинг тўғрилигини тасдиқлаб, эртаси куни маҳалладаги бу борадаги тушунмовчиликларни ўрганишини айтди.

Катта қурилиш ишлари кетаётган ҳудудда маҳалла раисининг айтгани ва ўзимиз гувоҳ бўлганимиздек “Сувоқова” ДУК томонидан аҳолини тоза  ичимлик ва экинларни суғориш учун сув билан таъминлаш борасида бирон-бир иш (қувурларни алмаштириш, янги артизиан қудуқлар қазиш, насос ва трансформатор ўрнатиш ва таъмирлаш ишлари) олиб борилмаган. Электр энергияси таъминотида ҳам ишлар суст олиб борилмоқда, яъни симёғочларни ўрнатиш, сим тортиш 20 фоизга, ёпиқ кабель тортиш ишлари 10 фоизга бажарилган, холос.

Бу билан маҳаллада олиб борилаётган ишлар умуман қониқарсиз демоқчи эмасмиз. 31-умутаълим мактаби, Музработ саноат ва касб-ҳунар коллежи, 9-мактабгача таълим муассасаси ҳамда маҳалла биносида ва 2 та кўп қаватли уйларда таъмирлаш ва қурилиш ишлари жадал бормоқда.

Маҳалла фуқаролари мурожаатлари билан қизиққанимизда эса маҳаллада 19 нафар кам таъминланган оила мавжудлиги, қурилиш ишларида  амалий ёрдам сўраган 7 та оиладан 4 тасига деворларини цемент сувоқлаш, бўёқлаш ишларида кўмак берилгани маълум бўлди. Ёшлик кўчаси, 23-уйда яшовчи Б. Амонқулов 14 ёшли биринчи гуруҳ ногирони бўлган ўғлини оилавий шароитини ҳисобга олиб “Мурувват”  уйига жойлаштира олмаётган экан.

1999 йилда туғилган Садоқат Абдиназарова эса ота-онаси вафот этгани,  қарамоғида 2 нафар вояга етмаган (2001, 2002 йилларда туғилган) укалари билан қолгани, боқувчисини йўқотганлик нафақасига чиқа олмаётганини таъкидлади.

Юқоридаги масалалар юзасидан штабнинг масъул ходимларидан Усмон Туропов, туман ҳокими Жовли Холмуродов, маҳалла раиси С. Нурмаҳматов, масъул котиб Баҳодир Жўрақобилов ва маҳалла мутахассиси О. Назаровалар билан боғландик ва бу масалалар ўз ечимини топадиган бўлди.

Шу ўринда бизни ажаблантирган ҳолат, айрим хонадон эгаларининг “Обод қишлоқ” дастури доирасида кетаётган амалий ишларга камарбаста бўлиш ўрнига боқиманда муносабатда эканлиги бўлди. Ачинарлиси, ҳатто айримларининг ҳовлиси ортидаги ўзларига тегишли кераксиз қурилиш чиқиндиларини ҳам қурувчилар ёки қайсидир ҳомий ё маҳалла фаоллари саранжомлаб, ариғини қазиб бериши керак экан. Бу ҳам аслида туман мутасаддиларининг тарғибот ишларига  етарли даражада эътибор бермаганидан бўлса керак, деган хаёлга бордик. Агар маҳаллада тушунтириш ишлари тўғри олиб борилганда эди, бу сингари англашилмовчиликлар юзага келмаган бўларди. Қарс икки қўлдан чиқади. Биргина бу маҳалладаги йўл масаласидаги муаммо масъуллар томонидан ҳалигача ечилмаган, масъулият ҳамин қадар бўлса, архитектор йўлига интизор аҳолидан нимани кутиш мумкин?

Умид қиламизки, бу маҳалладаги “Обод қишлоқ” ободлиги ҳақидаги келгуси таассуротларимиз, албатта, ижобий бўлади.

Алиёр РАЖАБОВ,
Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбирлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги масжид муборак

Кеча Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий номидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги жомеъ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan