Бош саҳифа / Адабиёт / Оққуш саройи

Оққуш саройи

(Термиз шаҳридаги муҳташам
 санъат кошонасига атаб)

Амударё бўйларида бир қуш кўрдим,
Интиқ турар ниманидир кутган каби.
Кўзи биллур, қанотлари кумуш кўрдим,
Интилгани арши-аъло, эрк — матлаби.

Мен у қушнинг юрагига кириб бордим,
Бир юракки, гувиллайди вулқон мисол.
Унда ажиб сеҳр кўрдим, тилсим кўрдим,
Чирпиратар замонларни тўфон мисол.

Шунда тушим рост чиқишин истаб қолдим,
Хоҳламадим рўёларга эврилишин.
Чунки унда ўйин кўрдим жуда қадим,
Кўрдим турфа найрангларни бирин-кетин.

Найрангларда солланарди бир одамлар,
Одамларки, мохов, соқов, кўр одамлар,
Қисматидан қочолмаган шўр одамлар,
Ғўр одамлар, ўр одамлар, ҳур одамлар…

Амударё бўйларида Оққуш кўрдим,
Селкиллайди қанотларин тараб-тараб.
Ё қуш кўрдим, ёки ажиб бир туш кўрдим,
Юксалибди зўр кошона кўкка қараб.

Саҳнасида кураш кечар нотенг, ёвуз,
Томоғингни бўғар дарди тугун бўлиб,
Ҳалигина садоқатдан лоф урган дўст,
Жонинг олар гўштларингни юлиб-юлиб.

Мен улардан кечолмасман, имкон етмас,
Вале, Оққуш ўз жойидан нари кетмас,
Қулоқ тутсам юрагига ўқтин-ўқтин,
Нидо келар, садо келар, келар бир сас.

У муҳаббат оҳангидир — боқий наво,
Тинглайверсанг танга — даво, дилга — даво.
Эй тириклик ибтидоси, янгра-янгра!
Чолғучилар Одам Ато, Момо Ҳаво…

Амударё бўйларида Оққуш кўрдим,
Ботиб кетдим юрагига тутқун бўлиб,
Гоҳо ҳушёр, гоҳ ўзимни беҳуш кўрдим,
Кейин яна милтилладим учқун бўлиб.

Ловуллаган алангага айландим сўнг,
Юракларни ёқаман деб, шайландим сўнг,
Юракларни ёқмоқ учун ёниб-ёниб,
Шу саҳнага бойландим сўнг, бойландим сўнг…

Зеро ундан қизиғи йўқ, кўрар эрсанг,
Ҳамдардинг бор йиғлар эрсанг, кулар эрсанг,
Олчоқ, қабиҳ, разил, аблаҳ йўлдошлар бор,
Синалмаган сўқмоқлардан юрар эрсанг.

Ўйинлари бу муҳташам дарсхонанинг
Ёзилмишми тақдир бўлиб пешонада?
Гўё менинг минг-минг йиллик курашларим,
Давом этар шу муаззам кошонада.

Аммо бари ўтар-кетар бир лаҳзада,
Ва тугайди спектакл кечга томон.
Яна уйқу бошланади, тушларимда —
Неларнидир интиқ кутар Оққуш ҳамон.

Амударё бўйларида бир қуш кўрдим…

Шавкат НИЗОМ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Китоб офтоб

Ҳақиқатдан ҳам китоб туфайли дунёни теран англай бошлаймиз. Унинг ёрдами билан ҳаётда ўз ўрнимизни топамиз. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE