Бош саҳифа / Жамият / Қоғозда эмас, амалдаги ишлар

Қоғозда эмас, амалдаги ишлар

Қизириқ тумани мисолида

Сарлавҳани кўрибоқ, сергак тортдингиз-а, амалдаги ишлар нима экан деб? Улар ҳақида тўхталишдан олдин, бир нарсани таъкидламоқчимиз. Гарчи ҳали ҳануз топшириқларни фақат ҳисоботлардагина бажариш, хизмат вазифасига совуққонлик билан қараш, нафақат халқни ёки раҳбарларни, балки ўзини ҳам алдашни касб қилиб олган айрим соҳа мутахассислари борлигига қарамай, Қизириқ туманида вилоят ҳокимлигининг учинчи жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати билан кўплаб муаммолар ўз ечимини топди.

Муҳими, бундан қизириқликларнинг юрагида “бизни қўллаб-қувватловчилар бор экан” деган ишонч, ҳаётга, бахтли яшашга бўлган иштиёқ уйғонди.

Тумандаги ташкилий ҳудудий сектор раҳбарлари фаолиятини ўрганганимизда айримларида, хусусан, иккинчи секторда анча суст фаолият олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Шундан сўнг, кузатув жараёнида аксарият муаммоларни аниқлаб, уларнинг тезда ҳал этилишига киришдик. Мисол учун, мулоқот давомида аҳоли орасида кўпчилик суюлтирилган газ баллонларини олиш билан боғлиқ масалада ёрдам сўрашди. Натижада, 400 га яқин газ баллонлари ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга тарқатилди.

Сир эмаски, аҳолига электр токи етказиб берадиган нимстанциялар таъмирталаб ҳолатга келиб қолса, ёғин-сочинли кунларда хонадонларда электр энергияси тез-тез узилишидан кўпчилик зада бўлиб қолади. Аслида, электр тармоқлари корхоналари томонидан янгиланиб бериладиган бундай нимстанциялар эса аҳолининг жамғарган пул маблағи эвазига тузатилса, тузатилади, йўқса у билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. “Етимқум” маҳалласи фуқароларини ҳам неча йилдирки, ана шундай муаммо қийнаб келаётган эди. Жамоатчилик назорати ишчи гуруҳ аъзоси Парда Холматов ҳамда вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг ёрдами билан атрофи очиқ ҳолатда ҳовлига ўрнатилган эски трансформатор янгисига   алмаштирилди. Энди етимқумликларнинг уйи- да чироқ ўчмайдиган бўлди.

Неча йиллардан буён одамларни қийнаб келаётган яна бир масала, фуқаролик паспорти ҳамда аҳолининг  шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолари маълум маънода ўз ечимини топмоқда. Буни шахсини тасдиқловчи ҳужжатини қўлига олиб, кўзига ёш олаётган одамларнинг кайфиятидан ҳам фаҳм- лаш мумкин.

Бундан беш йил олдин фуқаролик паспортимни айрим  сабабларга кўра миграция ва фуқаролик расмийлаштириш бўлими ходимлари томонидан олиб қўйилганди, — дейди “Қалдирғоч” маҳалласидан Абдуғани Юсупов. — Шундан сўнг, ҳужжатим йўқлиги сабабли ишлаб турган жойимдан бўшашга мажбур бўлдим. Тошкент педиатрия институтини тамомлаганимга қарамай, ишсиз бўлиб қолдим. Кимга бормай, арзимни эшитишни хоҳламайди. Ахийри, адолат бор экан, ҳужжатимни ҳам олдим, иш жойимга, яъни Шеробод тиббиёт касб-ҳунар коллежига ўқитувчи бўлиб тикландим. Бундан нафақат менинг, балки оила аъзоларимнинг ҳам қувончи чексиз. Вилоятимиз раҳбари ҳамда учинчи жамоатчилик назорати ишчи гуруҳидан жуда миннатдормиз.

Айниқса, Бандихон қўрғонидаги миграция ва фуқаролик расмийлаштириш бўлимида тўловларни қабул қилишда тижорат банк лари шахобчаси фаолияти йўлга қўйилиши кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди.

—    Шу пайтгача  фуқаролик паспортини олиш ёки бошқа ҳолатлар билан боғлиқ тўловларни туман марказига бориб тўлаб келишимизга тўғри келарди, — дейди “Бағрикенг” маҳалласидан Мамаражаб Бобоназаров. — Энди шу ернинг ўзида ҳам тўловларни амалга оширишимиз мумкин. Бундан ҳам вақтимиз, ҳам пулимиз тежалади.

Саломатлик. Унинг энг катта бойлик эканини ҳамма ҳам ҳис қилавермайди. Лекин, соғлиғида айрим муаммолари бор кишилар буни яхши англайди, чунки улар ҳам хасталикдан, ҳам ҳаловатсизликдан азият чекади. Буни 9 йилдан буён фарзанди туғма юрак хасталиги билан оғриятган Салима Қодирова ҳам яхши ҳис қилади. 2017 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кўмаги билан Тошкент педиатрия институти клиникаси кардиожарроҳлари томонидан фарзанди режали операция бўладиган болалар рўйхатига олинганига қарамай, бир йилдан буён жарроҳлик операцияси учун зарур бўлган дори-дармонларнинг харажати учун ёрдам сўраб, нажот кутиб юришдан наф бўлмади.

—    Ниҳоят, ишчи гуруҳ аъзоси М.Базарова ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг ёрдами билан қизимни даволатиш учун тўрт миллион сўм пул маблағи ажратилди, — дейди С.Қодирова. — Энди менинг ҳам фарзандим соғлом тенгдошлари сафидан жой оладиган бўлди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ажратилган пул маблағлари яна беш нафар боланинг саломатлигини тиклаш учун сарфланадиган бўлди.  Шунингдек, 30 нафар кам таъминланган оилаларга газ плита ва суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди.

“Бектепа” маҳалласида яшовчи 75 ёшли Эрон бобо Норқулов ҳам икки йилдан буён уйига келган мутасаддиларнинг “ногиронлик аравачаси берамиз”, деган ваъдасини кутиб яшарди. Шу пайтгача хўжалик аравачасида олиб юрилишга мажбур бўлган нуронийга янги ногиронлик аравачаси берилганда кўзига ёш олиб, кўмак берганларни дуо қилди. Бундай аравачалар яна беш нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга ҳам берилди.

Худди шу маҳаллада яшовчи Қўзи бобо Саидовнинг электр ҳисоблагичи эскиргани боис, бир йил олдин тармоқдан узиб қўйилган эди. Бобо турмуш ўртоғи иккинчи гуруҳ ногирони Ҳалима Эргашева билан шунча вақтдан буён электр токисиз яшаб келишмоқда. Ушбу масала юзасидан ёрдам сўралганида, хонадон соҳибларига ҳомийлик ёрдами сифатида янги электр ҳисоблагич олиб келиниб, электр тармоғига қайта улаб берилди.

Бундан ташқари, бошқа кўплаб, жумладан, ишга жойлаштириш, даволаниш учун ордер олиш, газ, электр энергияси билан боғлиқ масалалар ҳам ижобий ҳал этилди.

“ЎРАГА СИЧҚОН
ТУШДИ, ГУЛДУР-ГУП”

Аслида аниқланган муаммолар борасида бундай ёндашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Негаки, давлат раҳбаридан тортиб энг кичик лавозимдаги ходимларгача жон куйдириб ишлаётган бир пайтда бундай эътиборсизлик муаммо устига муаммо олиб келаверади. Туманда ҳали кўпчилик ечимига кўз тикиб ўтирган муаммолар эса талайгина.

Биргина мисол, “Гулбоғ” маҳалласидаги 66-умумтаълим мактаби 2013 йилда янгидан қурилиб, синфхоналар жиҳозланган. Бироқ иш охирига етказилмаган. Мактабнинг маънавият, ўқитувчилар ва лаборатория хоналари мебель ҳамда ўқув жиҳозлари ўрнига эски, яроқсиз ҳолга келиб қолган стол-стуллар билан тўлдирилган холос. Мактаб директори Менгпўлат Рўзиевнинг эса “оҳи”ни ҳеч ким тинглашни истамайди.

Тумандаги “Истара” маҳалласига маҳалла гузари, унинг ёнида эса нуронийлар чойхонаси қурилиши режалаштирилган эди. Бу хайрли иш қурилишни тендерда ютиб олган тадбиркор Гулноз Исломованинг зиммасига тушганди. Бироқ у ваъдасида турмади. Қурилиш учун ажратилган 10 сотих ер участкасининг бир четига яқинлари учун уй-жой қурдирдию аммо маҳалла гузари биносининг пойдеворини қуйиш билан чекланди. Бошқалар қатори замонавий, шинамгина маҳалла гузари ва нуронийлар ҳордиқ чиқарадиган мўъжазгина чойхонада чақчақлашишни истаётган маҳалла оқсоқоллари эса сарсон-саргардон. Тадбиркорга қонуний чора кўрадиган бирорта мард топилишидан умид қилиб яшаяпти.

Қолаверса, туманда ичимлик, томорқа сувлари, ички йўлларни таъмирлаш, сим ёғочларни алмаштириш, умумтаълим мактабларидаги иситиш печларини янгилаш, спорт залларини жиҳозлаш каби муаммолар ҳам мавжуд. Агар тумандаги айрим масъул шахслар зиммасига юклатилган вазифалар моҳиятини англай олмай, эътиборсизликда давом этса, бу муаммолар яна чигаллашиб, илдиз отиб кетаверади.

ЮРГАН ДАРЁ,
ЎТИРГАН БЎЙРА

Ҳа, халқда шундай нақл бор. Зеро бу ҳикматнинг маъносини ҳар бир маҳалла, қишлоққа оралаганимизда, хонадонларда бўлганимизда қайта-қайта чақдик, хулосалар чиқардик. Зеро, аҳолининг олдига бориб, улар билан юзма-юз дилдан суҳбат қилсакгина ҳақиқий аҳволни, аслида ким ижтимоий ёрдамга муҳтожу ким дангаса, боқиманда эканини англай олар эканмиз. Чунки мурожаат қилувчилар орасида аксарият одамларнинг иккиталаб қорамоли, 20-70 сотихлаб томорқаси бўлса-да, боқибеғам бўлиб, “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида иш тутиб яшаяпти. Лекин, минг афсуски, уларнинг  уялмай “Маҳаллада мендан кам таъминланган оила йўқ” деб гапиришидан юрагимиз оғриди. Шундан англадикки, демак, ҳар бир ишчи гуруҳ аъзоси фуқароларимизнинг фақат муаммосини эшитиб, ўрганибгина қолмай, балки уларни меҳнат қилиш лозимлигига, фаровон ҳаётнинг калити ўз қўлида эканлигини, давлат фақатгина ҳақиқатда ҳаётда ноилож қолганларгагина ёрдам беришини уқтириши лозим. Биз эса буни амалда қўллаб ҳам кўрдик. Натижа эса ёмон бўлмади. Бундай тушунтиришлардан сўнг, одамларнинг виждони уйғониб, хатосини тушуниб, ҳатто кечирим сўраб, аҳдидан қайтганлари ҳам бўлди.

Азалдан ота-боболаримиз меҳнаткаш, бағрикенг, ғурури баланд бўлган. Демакки, бундай фазилатлар аслимизда бор, уларни ҳали уйғотиш, одамларнинг кайфиятига таъсир кўрсатиш мумкин.

Райҳон РАҲИМОВА,
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Gulmiraning yoqimtoy qo’g’irchoqlari

Sizningcha bola tarbiyasida u o’ynayotgan qo’g’irchoqning ahamiyati qay darajada? Farzandlaringizga qanday o’yinchog’u qo’g’irchoqlar sovg’a qilasiz? …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan