Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Қоғоз чиқиндисидан уч ҳил маҳсулот

Қоғоз чиқиндисидан уч ҳил маҳсулот

ТЕРМИЗЛИК ТАДБИРКОРЛАР “УЧҚИЗИЛ” ҚЎРҒОНИДА БЎШ ТУРГАН БИНОНИ НОЛ ҚИЙМАТДА ОЛИБ ҚАЙТА ТАЪМИРЛАШДИ ВА ҚОҒОЗ ЧИҚИНДИЛАРИДАН ХАЛҚ ХЎЖАЛИГИДА ЗАРУР МАҲСУЛОТЛАР ТАЙЁРЛАШАЯПТИ

Замон ишбилармони Рустам Неъматуллаев банкдан ажратилган 625 минг АҚШ долларлик сармоя ва таъсисчиларнинг 2 миллиард сўмлик ҳомийлик маблағи ҳисобига “Учқизил” қўрғонида “Сурхон қоғоз қайта ишлаш” корхонасини ташкил этди.

Шу пайтгача вилоят аҳолиси хонадонларидан чиқадиган эски   қоғоз чиқиндилари, савдо дўконларида тўпланиб ётадиган картон ҳамда қоғоз қутилар, мактаблар, коллежлар кутубхоналаридаги эскирган китоблар, газета тахламлари, корхона, ташкилотлардаги муддатини ўтаб бўлган ҳужжатлар ва қоғоз чиқиндилари  йиғилиб, асосан, Тошкентга олиб кетиларди. Энди қоғоз чиқиндиларини “Сурхон қоғоз қайта ишлаш” МЧЖ жамоаси чекланмаган миқдорда қабул қилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган цехларда қайта ишлашмоқда. Хом ашё — макулатура туманларда фаолият юритаётган воситачилар томонидан бир жойда тўпланмоқда ҳамда корхонанинг техникалари билан олиб келинапти.

Айни пайтда, янги корхонада 33 нафар киши қизғин меҳнат билан банд. Ишчиларнинг ўн нафари касб-ҳунар коллежини битирган ёшлар. Хитойдан олиб келинган замонавий технологияни ишлатиш ва цехларда қоғоз чиқиндиларидан халқ хўжалигига зарур қоғоз маҳсулотлари тайёрлаш жараёнини пойтахтдаги “Ўзбек қоғоз” ва “Картон” фабрикаларидан таклиф қилинган Адхам Гайлиев, Нуриддин Мўминов каби мутахассислар маҳаллий ишчиларга ўргатишмоқда.  Аҳмад Жўраев, Баҳром ва Отабек Аллазов, Алишер Бобонов каби ишчилар қисқа муддатда ишлаб чиқариш жараёнини мукаммал ўзлаштиришди.  Корхона шу йилнинг бошида фаолиятини бошлаганига қарамай, аллақачон 150 тонна қоғоз маҳсулотлари тайёрланди. Тажрибали муҳандис Норсоат Бўронов, ишбилармон иш бошқарувчи Асадулла Ражабов раҳбарлигида ишчилар цехларда қоғоз чиқиндиларидан ўров қоғози, ҳар хил ҳажм ва сиғимли картон қутилар ҳамда паррандачилик фабрикалари учун зарур тухум солгич қолиплар (флейка)  ва  флейка солинадиган қутилар тайёрланмоқда.

— Фаолиятимизни энди бошлаганимиз учун ҳозирча Ангор, Жарқўрғон, Шеробод туманлари ва Термиз шаҳридан қоғоз чиқиндиларини тўплаб олаяпмиз, — дейди МЧЖ раҳбари Рустам Неъматуллаев. — Ўйлаб кўрсак, вилоят миқёсида ҳар йили тонна-тонна қоғоз чиқиндилари ва картонлар тўпланиб, марказий шаҳарлардаги қайта ишлаш корхоналарига олиб кетилган, бир қисми эса ёқиб юборилган ёки чиқиндихоналарга ташланган. Дастуримизга кўра, яқин келажакда вилоятнинг барча туман ва маҳаллаларида қоғоз чиқиндиларини қабул қиладиган шохобчаларни ташкил қилиб, йиғилган макулатурани цехларимизда тўлиқ қайта ишлаш чорасини кўрамиз…

— Цехларимизда тайёрланаётган ўров (рулон) қоғози, тухум жойлаштириладиган қолип (флейка) ва қутиларга эҳтиёж тобора ортиб бораяпти. Нафақат вилоятимиздаги паррандачалик фабрикалари, чинни идишлар тайёрлайдиган корхоналар, балки Сирдарё, Қашқадарё вилоятларидан ҳам харидорлар келиб, маҳсулотимизни олиб кетишаяпти, — дейди бош муҳандис Норсоат Бўронов. — Ҳадемай ипак қурти боқиш мавсуми бошланади. Ипак қурти парваришланадиган сўкчаклар устига тўшаш учун рулон қоғоз жуда кўп керак. Ҳозирдан пиллачилик корхоналари буюртма бера бошлади. Уларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, маҳсулот тайёрлаш ҳажмини ошираяпмиз. Бундан ташқари, тўқув ва тикув фабрикалари мутахассислари келиб, калава ип ўраш картон ўзаклари (конуслари) тайёрлаш  бўйича буюртма беришди. Ҳозир мутахассисларимиз ана шу маҳсулотни тайёрлаш лойиҳаси устида бош қотиришаяпти…

Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, корхона энди иш бошлаган бўлсада, маъмурият томонидан ишчи-хизматчилар, муҳандис-техник ходимлар ижтимоий ҳимоясига беқиёс ғам- хўрлик кўрсатилмоқда. Узоқ туманлардан қатнаб ишлаётган ишчиларга 40 ўринли ётоқхонада ҳамма қулайликлар мавжуд. Ишчиларга корхона ошхонасида бепул иссиқ овқатлар тайёрланаяпти. Ғамхўрликларга жавобан ишчи-хизматчилар қоғоз чиқиндисидан кўпроқ турфа халқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш учун бор тажриба ва маҳоратларини ишга солишаётир.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Божхонадан ўтиш янада қулай!

Қўшни давлатлар билан алоқаларимиз янада кенгайиб, чегарадан ўтиш тартиби анчайин осонлашгандан сўнг, кўпчиликда ташқи ҳудуддан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan