Бош саҳифа / Жамият / Оқибат чархпалаги

Оқибат чархпалаги

Рашид ота кексайиб қолди. Уч-тўрт йил бурун содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли аёлидан айрилган эди.

Шундан сўнг, на тўйиб овқат еганини, на тоза кийим кийганини билади. Икки ўғил ўстирди. Айни уларнинг роҳатини кўраман деганида, ўғиллари мол-мулк талашиб кунора жанжал кўтаради.

У қўни-қўшниларникига, чойхонага чиқишга уялиб қолди. Бир чиққанида ўғиллари ҳаж сафарига жўнатган оталарни, яна бир сафар эса юбилей ёшини нишонлаётган кекса дўстларини кўради.

Шундай пайтда Рашид отанинг “Мен ўғилларимни ҳеч кимдан кам қилмадим. Истаганини муҳайё қилдим. Наҳотки, мен ҳам шундай меҳрга муносиб бўлмасам”, деган ўй ўтади хаёлидан.

Ўғилларининг отасига қилган ҳурматсизлиги, келинларнинг ҳам қайнотасига бўлган муносабатини совуқлаштирди. Қайнотасини на иззат қилади, на бир пиёла иссиқ чой тутади. Шунинг учун ўз овқатини пишириб, кийимини ювиш ҳам ўзининг зиммасида. Агар келинларидан шу юмушни қилишни сўраса борми, жанжал чиқиши турган гап. Улар сен қил, мен қил, деб ғовға кўтаради. Қўни-қўшнига шарманда бўлишни эса Рашид ота хоҳламайди. Оч қорним, тинч қулоғим деганларидек, жимгина юмушларни ўзи бажаради.

Бир куни Рашид отанинг юраги хуруж қилди. Касалхонага олиб боришгач, шифокор дорилар ёзилган қоғозни кимга тутмасин, ўғиллари бири унга беринг деса, яна бири бунга, деб тортишишди. Шифокор ноилож бор дори-дармондан фойдаланди. Рашид ота ўзига келгач, ўғиллари “ҳол-аҳвол сўраб” кирди.

— Ота, биласиз-ку набираларингизни тўйини қилиш керак! Дори-дармоннинг нархи осмонда бўлса. Ҳозирча касалхонадан чиқиб туринг. Кейин ўзимиз сизни даволатамиз, дейишди.

Шифокор қанча эътироз билдирмасин, Рашид ота касалхонада ётмади. Ўғиллари отамизни қайси пулга даволатамиз, бу ёғда ошна-оғайнига ваъда қилинган “данғиллама тўй” турибди, деб отасини қариялар уйига олиб боришга қарор қилишди.

Ўғилларининг “Сизни даволатамиз отажон”, деган гапи ва сохта меҳри Рашид отанинг кўнглини кўтарди. Уларни узундан-узун дуо қилиб, эргашиб қариялар уйига борди. У ерга борганида, ўғиллари тез кунда келамиз деб, кетди. Ўша кундан бошлаб Рашид ота дарвозага тикилиб, “фарзанд”ларини кутди. Бу ерлар унга таниш. У анча йиллар олдин отасини шу ерга ташлаб кетганида, унинг нимани ҳис қилганини энди англади. Тилида эса “Кечиринг Отажон!”, деган сўз янграрди.

Дилдора АШУРОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE