Нуронийлар нимадан норози?

0
37

Ўзбекнинг улуғ шоирларидан бири (марҳум) Шавкат Раҳмоннинг: “Умринг узун бўлсин эй дарёжоним”, деган оташин сатрлари бор. Хасталаниб ётиб қолган шоир бошқа беморларга ўхшаб шифтга термулиб ётмасдан умрининг сўнгги дамларигача ижод қилганлиги ушбу сатрлардан ҳам маълум.

Аслида умрнинг мазмуни қанча яшашда эмас, қандай яшашда экан. Тобора қувватдан қолиб, кун сайин жилдираб қуриб бораётган умр дарёсига назар ташларкан, шоир унинг яна жилвакор, шиддаткор алфозда тўлиб оқишини Яратгандан илтижо қилиб сўрайди. Зеро, ҳали ҳеч ким ҳаётдан тўйиб кетмаган. Кексалик ёшига етганлар бор, етмаганлар бор. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, кекса нуронийларимиз яшашга, яшаганда ҳам яхши яшашга ҳақлидирлар. Тўғри, айрим истисно ҳолатларни инобатга олмаганда, бизда кексалар ҳурмат-эътибор марказида бўлиб, пиру бадавлат ҳаёт кечирадилар. Яъни, содда қилиб айтганда, фарзандларнинг меҳру эътибори туфайли улар ҳеч нимага муҳтожлик сезмайдилар.

Хабарингиз бор, 2016 йил 28 декабрда Президентимизнинг “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Унга кўра, барча туманларда “Нуронийлар маскан”лари барпо этилган ва бу кекса нуронийларнинг олқишига сабаб бўлгани бор гап. Жумладан, фармонда: “Мажмуаларни қуришда бой китоб фондига эга бўлган китобхонлар заллари, шахмат, шашка ўйнаш учун дам олиш хоналари, кексалар учун махсус тренажёрлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари, шунингдек, ошхона ва тиббий хона ташкил этилиши, уларни зарур мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан жиҳозлаш;“Нуроний” жамғармасининг буюртманомасига биноан “Нуроний” жамғармасининг ҳар бир бўлимини республикада нашр этиладиган камида 10 номдаги газета ва журналлар билан, шунингдек, “Нуронийлар маскани” комплекслари ўқув залларининг китоблар билан мунтазам равишда тўлдириб борилишини таъминласин”, дейилади. Ушбу фармон чиққандан бери салкам 2 йилга яқин вақт ўтди. Хўш, фармонда кўрсатилган вазифалар ўз ижросини топдими? Шу муносабат билан Жарқўрғон туман “Нуроний” жамғармаси фаолияти билан қизиқдик.

“Нуронийлар маскани” туман марказидаги собиқ ФҲДЁ биносида жойлашган. Бугунги кунда жам ғармага Султон Асадов раҳбарлик қилади. Жамғарма раисини изладик. Аксига олиб, раис иш ўрнида йўқ экан. Жарқўрғонлик фахрий журналист Пўлат Солиев билан раис келгунча кутиб турдик. “Нуронийлар маскани”да яратилган шароит билан танишдик, аммо ушбу бинога туман ҳокимлигининг топшириғи билан қандайдир қурилиш ташкилоти, агросаноат касаба уюшмалари туман бўлими ҳамда “Кўзи ожизлар жамияти” жойлашиб олган экан. Раисни телефон орқали изладик. Бир пасдан кейин етиб келган С. Асадов “Тумандаги 3-секторга жамоатчилик асосида бириктирилганлигини, шу боис, кўпроқ ҳудудларда бўлишини таъкидлади”.

— Жамғармада битта штат бор. Буёғи секторга бириктирилганман. Шу сабабли, ишхонада доимий ўтиришнинг имкони йўқ. Айни пайтда Алишер Навоий маҳалласида аҳолининг ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганиш бўйича ўтаётган тадбирда комиссия таркибида иштирок этяпмиз. Аммо шунга қарамай, қўшимча калитни касаба уюшмаларининг котибасига қолдириб кетаман; масканга ташриф буюрган нуронийлар бемалол кириб, кутубхонадан фойдаланишлари мумкин. Яқинда масканимиз қошида ижара асосида ошхона ишга тушди, — дейди С. Асадов.

Кутубхона фаолиятини кўздан кечирдик. Саноқли 10 дан зиёд китоб, 2-3 номдаги газета тахламларига кўзимиз тушди.

— Биз китоб ва вақтли матбуот нашрларини кузатиб боргимиз келади. Аммо бу ерда кўпинча эшиклар ёпиқ туради. Нуронийлар билан дилдан суҳбат қуриб, мамлакатимизда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлайлик, вақтимизни кўнгилли ўтказайлик, деган мақсадда бу ерга келамиз, аммо аҳволни ўзингиз кўриб турибсиз, — дейди фахрий журналист Пўлат Солиев.

Тиббиёт хонасини кўздан кечирдик. Бу ерда дори-дармонлар, зарурий буюмлар мавжуд эмас. Тренажёрлар, спорт инвентарлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бунинг устига, масканда биронта ҳам нуронийни учратмадик.

Кўча-кўй, маҳаллаларни ораласангиз, бекорчиликдан йўл чеккасидаги соя-салқинда қарта ўйнаётган, ўзаро гурунг қилиб ўтирган нуронийларга кўзингиз тушади. Президентимизнинг фармонларидан мурод ана шунақа зерикарли ҳаёт кечираётган нуронийларнинг турмуш тарзига кириб бориб, уларни жамиятнинг ижтимоий фаол қатламига айлантириш эмасми?

Кексаларни авайлаб-асрайлик, уларнинг иззатига етайлик. Бугун давлатимиз томонидан бунга тўла шароит яратиб берилаётган бир пайтда лоқайдликка берилиб, эътиборсизлик қилмайлик. Пиру бадавлат отахон ва онахонларимизнинг ҳовучлари тўла олтиндан қиммат дуоларини олишга шошилайлик! Зеро, ҳаётнинг ўзи шуни тақозо қилмоқда.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг