Бош саҳифа / Жамият / Нурли излар

Нурли излар

Иш фаолиятим даврида кўплаб аёлларнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида баҳоли қудрат мақола, лавҳа ва очерклар ёзганман. Аммо бугун ўзим 55 йилдан буён яхши биладиган синфдошим ва курсдошим Хосиятхон Аҳмадқулова ҳақида ёзишга бир оз ийманиб турибман.

Хосиятхон тўғрисида билганларимни қоғозга сиғдира олармиканман, деган андишам бор. Чунки унинг самимияти, фазилатлари, ибратли томонларини санаб, адоғига етиш қийин.

Шўрчи туманидаги 1-ўрта мактабнинг 9-11-синфларида бирга ўқиб, Хосиятхоннинг она тили ва адабиёти фанларига ихлоси баландлигини пайқаганман. Шу фанлардан дарс берган устозимиз Туроб Эшбоев Хосиятхонни илиқ сўзлар билан рағбатлантиргани ҳамон ёдимда:

— Мактабимизни битирган Шаҳар Элмуродова ТошДУнинг журналистика бўлимида ўқиётир. У Шўрчининг, қолаверса, Сурхондарёнинг биринчи журналистларидан бўлади. Шаҳаройнинг изидан боришингга ишонаман.

Устознинг гаплари рост бўлиб чиқди. Бунга қадар Хосиятхон таҳририят тупроғини ҳам босиб кўришга улгурди. Мактабни битирадиган 1966 йили Тошкентда қаттиқ зилзила бўлиб, барчани ваҳимага солди. Аммо журналистикага бўлган қизиқиш Хосиятхонни ниятидан қайтармади. У Тошкент зилзиласи тинчиб қолар, бир йилча иш ўрганиб турайин, деган ниятда туман газетаси таҳририятида ишлади. Дастлаб котиба, сўнг мусаҳҳиҳлик қилди. Ана шу даврда ижодий ходимлардан анча иш ўрганди. Мақолалари билан газетхонларга танила борди. Қалами чархланиб, вилоят газеталарида ҳам қатнаша бошлади.

1967 йил Хосиятхон ҳаётида унутилмас бўлиб қолди. У ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети талабаси бўлди. Эътиборлиси, талабаликка қабул қилинган 55 нафар йигит-қизнинг 10 нафари сурхондарёлик бўлиб, орасида ягона қиз Хосиятхон эди. У талабалик даврида нафақат факультетда, балки университетда танилди. Пахта йиғим-теримида унинг олдига тушадигани йўқ эди. Чунки Хосиятхон ўқувчилик йилларидаёқ ғўза парвариши-ю, пахта, пилла йиғим-теримларида меҳнат қилиб, чиниққан эди. У талабалар ётоқхонасида курсдоши, кейинчалик Ўзбекистон халқ шоири бўлиб танилган Ҳалима Худойбердиева билан бир хонада туриб, дўстлашиб қолганди.

1972 йилда журналист мутахассислигини эгаллаган Хосиятхон ўзи илк бор қалам тебратган Шўрчи тумани «Коммунизм ғалабаси» («Жараён»нинг ўтмишдоши) таҳририяти жамоасига келиб қўшилди. Газетада бўлим мудири бўлиб ишлай бошлади. Ўша йили сентябрь ойида Жилибулоқ қишлоғига (марказдан 15 километр йироқда) келин бўлиб тушди. Самарқанд архитектура институтини тамомлаган қурувчи-муҳандис йигит билан ширингина турмушни бошлади. Оила ташвиши, фарзандлар тарбиясига қарамай, узоқдан қатнаб, ўз ишига улгурарди. Газета чиқариш қийинчиликларига дош берар, нолимасди. Баъзи кунлари навбатчиликда оғир бўларди. Чоп этиш арафасида саҳифалар сочилиб кетар, ишни қайтадан бошлашга тўғри келарди. Навбатчи тонгни таҳририятда кутиб олган кунлар кўп бўларди.

Турмуш ўртоғи Халил Бўриев қурилиш трестига таклиф этилганлиги боис оила Жарқўрғон туманига кўчди. 1975-1980 йилларда Хосиятхон «Жарқўрғон ҳақиқати» газетасида фаолиятини давом эттирди. Мазмунли мақола, лавҳа, очерклари ва қизиқарли ҳикоялари билан газетхонлар меҳрини қозонди. Нотаниш туман хўжаликлари, ташкилот ва муассасаларига бориб, одамлар дарди, фикрларини тинглаш, улар фаолиятни газетага олиб чиқиш осон кечмади.

Беш йиллик журналистлик фаолияти даврида Хосиятхон ҳақиқий жарқўрғонликка айланди. «Меҳнат қилган элда азиз», деганларидай, раҳбарият катта ишонч билдириб, уни туман марказий кутубхонаси директорлигига тайинлади. Ўз ишини ҳалол ва сидқидилдан бажаришга одатланган Хосиятхон китобхонликни кенг йўлга қўйди, қатор тадбирлар ташкил қилди. Китобсеварларнинг республика ва бутуниттифоқ анжуманларида иштирок этди.

1997 йилдан у яна ўзи келин бўлиб тушган “Жилибулоқ” маҳалласига кўчиб келиб, яшай бошлади. Ўғил-қизларини уй-жойли қилди, неваралар кўрди. Олтинсой туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси, 1998 йилдан туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар кўмитаси раиси бўлиб ишлади. Нафақага чиққандан сўнг ҳам масъул вазифани 2006 йилгача муваффақиятли бажариб, муносиб шогирдлар тайёрлади. Қаламини ҳам ташлаб қўймади, албатта. Газеталарда ҳикоялари, мақолалари билан қатнашиб турди. У воҳадош курсдошлари — Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Тоғай Мурод (мар ҳум), Эркин Аъзам, шоир Муҳаммад Раҳмон (марҳум), ёзувчи Нодир Нормат (марҳум)лар билан бирга ўқиганлигидан фахрланади.

Хосиятхон Аҳмадқулова меҳнат фаолияти давомида туман, вилоят ҳокимликларининг фахрий ёрлиқлари, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 10 йиллиги ва 25 йиллиги юбилей медаллари билан тақдирланган.

Ҳаётнинг кўп қиррали йўлларини дадил, шиддатли босиб ўтган Хосиятхон умрининг 70 баҳорини дўст-биродарлари, қариндош-уруғлари даврасида қаршилаганидан беҳад мамнун. Биз унинг ҳаёт йўллари давом этиб, довонлардан дадил ўтишини, фарзандлари, невара-чеваралари қуршовида юришини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

Б. МУҲАММАДИЕВ,
журналист, меҳнат фахрийси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan