Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Нозик қалбда унган шижоат

Нозик қалбда унган шижоат

Парашютчи бўлиш учун сакраш техникасини эгаллашнинг ўзи камлик қилади, сакрашга чоғланган инсон жасоратли ҳам бўлмоғи лозим. Техникавий билим ва жасорат уйғунлашган ҳаракат албатта, муваффақият келтиради.

Бу Ўзбекистондаги илк машинист аёл — машҳур Башорат Мирбобоеванинг ҳаётий шиори бўлган. Бугун орамизда ана шундай шиор билан ютқизиқлардан қўрқмай, илдам одимлаётган тадбиркор аёлларимизни кўриб, Башорат Мирбобоеванинг шижоати, матонати кўз олдимизда қайта жонланаверади.

Рисолат Пардаева 25 йилдирки, Узун туманида мустақил тадбиркор сифатида фаолият юритади. У киши раҳбарлик қилаётган “Шуҳрат 1” кўп тармоқли хусусий ишлаб чиқариш фирмаси вилоятдаги кўплаб тиббиёт муассасалари, мактабгача таълим муассасаларига кўрпа-ёстиқлар, чойшаблар, махсус кийимлар етказиб беради. Ўнлаб узунлик чевар хотин-қизлар корхонада тикувчилик қилишиб, рўзғор тебратишади.

— Асли эгаллаган соҳам иқтисодиётнинг товаршунослик йўналиши, — дейди Рисолат Пардаева. — Тадбиркорликка қўл уришдан аввал, савдо-сотиқ бўйича кўп йиллар тажриба тўпладим. Ўз имкониятларимни чамалаб билсам-да, бизнес сирларини эгаллаш учун ўқиб-изландим. Шундан сўнггина ўз бизнесимни ташкил қилишга киришдим.

Жамиятда ишбилармонлик муҳитининг яратилганлиги Рисолат Пардаеванинг ҳам ўзанидан тошаётган сувдек ҳаракатга кела бошлаган қалбига куч берди. 1995 йилда биринчи корхонасини ишга туширди. 2010 йилда эса “Садо чеҳра” номли иккинчи савдо ишлаб чиқариш хусусий корхонасини ташкил этди.

Сўнгги икки йилда тадбиркорларга берилган имтиёзлар Рисолат опани ушбу корхона негизида яна бир янги ғояни амалга оширишга ундади. Дастлаб, 3-4 ой мобайнида ўсимликлар данагидан ёғ ишлаб чиқариш технологиясини мутахассислардан ўрганди. Шундан сўнг, ушбу лойиҳа устида тинимсиз иш олиб борди. Мавжуд имкониятларнинг барчасини аниқ ҳисоб-китоб қилиб чиқди. 2017 йилда Рисолат опага ЎзЛиДеПнинг кўмаги билан “Ишбилармон аёл — 2017” танловида иштирок этиш янги лойиҳани ишга тушириш учун имкониятлар эшигини очиб берди. Танловда Рисолат опанинг лойиҳаси мутахассислар томонидан маъқулланиб, ғолиб деб топилди.

Бироқ шунга қарамай, тадбиркорнинг муаммолари осонгина ҳал бўлиб қолмади. Гаров ва бошқа зарур ҳужжатларда камчилик бўлмаса-да, кичик завод учун кредит олиш масаласи ҳа деганда ечим топавермади. Тадбиркор бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат йўллади.

— Ниҳоят, шу йилнинг январь ойида АТБ “Asaka bank”нинг Термиз филиали томонидан 250 минг АҚШ доллари миқдорида 7 йилга 2 йиллик имтиёзли даври билан 8,8 фоизга кичик завод қуриш учун кредит ажратилди, — дейди Рисолат Пардаева. — Ҳозирда ушбу маблағга Хитой давлатидан замонавий технологиялар олиб келаяпмиз. Улар келгач, бир суткада 7 тонна маҳсулот ишлаб чиқарадиган кичик заводимиз май ойида ишга тушади. Унда узум, қовоқ данаги, аччиқ бодом ва кунгабоқар мағзидан ёғ ишлаб чиқарилиб, қадоқланади. Заводда махсус лаборатория ҳам ташкил этилиб, маҳсулотлар сифати назорат қилиб борилади.

Корхонада турмуш ўртоғим, фарзандларим билан бирга туманимиздаги 60 нафар кишини доимий иш билан таъминлаш имкони яратилади.

“Бизнес бошласаму, ўхшамасачи” деб ўйланиб ўтирадиганлар ютқизади, деб ҳисоблайди қаҳрамонимиз. Айниқса, аввал қўл урмоқчи бўлган ишининг сирини пухта ўрганиб, керак бўлса ўқиб, кейин харажат ва фойданинг ҳисобини аниқ олган одам муваффақиятга эришади. Бу жараёнда омад бирда келиб, бирда келмай қолишидан чўчимаслик керак. Зеро, тадбиркор бу бир кўприк. Уни яхши-ёмон ҳам, шоҳ ҳам, гадо ҳам босиб ўтади. Тадбирли одам эса ҳамма нарсага тайёр туриб, қийинчиликларни чидам ва ақл билан енгиб ўтиши лозим, дея уқтиради.

Рисолат опадаги шижоат, дадиллик, ҳар бир ишни оиласининг маслаҳати ва кўмагида бошлашини кўриб, ҳавасим келди. Аслида табиат аёлларимизга кўплаб фазилатлар ато этганига амин бўлдим. Фақат бу фазилатлар бўй кўрсатиши учун уларга хира эмас, ярқираган, тиниқ кўзгу тутилса кифоя.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бир ўлкаки… тупроғида олтин гуллайди

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович гўзал воҳамизга ташрифлари чоғида “Янгиобод инвест сервис” хусусий корхонасига бориб, у …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan