Ноқонуний тадбиркорлик

0
51

Бугун тадбиркор бўламан деганнинг йўлига ҳеч ким ғов бўлмайди. Аксинча, бунинг учун барча имконият эшиклари очиб қўйилган.

Фақат давлат рўйхатидан ўтиб, барча солиқларни ўз вақтида тўлаб, пухта режа асосида қонуний ишласангиз бўлгани.

Бироқ шунга қарамай ҳудудларда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик қилаётганларга дуч келамиз. Кўра-била туриб ўзимизни бепарво қилиб кўрсатамиз. Аммо бизнеснинг бундай кўриниши қонунларимизга зид. Ҳатто, бунинг учун Ўзбекистон Республикаси маъмурий жиноят кодексининг 176-моддасида жавобгарлик ҳам белгилаб қўйилган.

Унда, асосан, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти тўғрисида қайд этилган бўлиб, унинг диспозициясида тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш ҳуқуқбузарлик ашёларининг мусодара қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Агар ҳуқуқбузарлик анча вақтдан бери содир этилиб, унинг даромади назорат қилинмай келинаётган бўлса, мавжуд ашёлар мусодара қилиниши билан бирга энг кам ойлик иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача, агар даромад миқдори жуда кўп бўлса, ўн бараваридан эллик бараваригача жаримага тортилади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қопласа, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса, унинг нарсалари мусодара қилинмай, жавобгарликдан озод этилади.

Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганлар учун ҳам 176-3-моддасида белгиланганидек фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса эллик бараваридан юз эллик бараваригача жарима белгиланган. Табиийки, кўп миқдордаги жарима оилавий бюджетга ҳам каттагина зарар келтиради. Шунинг учун барча фуқаролар ва мансабдор шахслар қонунларга амал қилиб яшаса, бундай кўнгилсизликлардан ҳоли бўлиб, хотиржам умр кечиради.

С.ХОЛМАТОВ,
вилоят маъмурий суди судьяси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг