Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Нишона ҳосил баракаси

Нишона ҳосил баракаси

Вилоятимиз пиллакорлари “кумуш тола” териш
ва давлатга топширишни бошлашди

Жарқўрғон тумани меҳнаткашлари азалий анъаналарга содиқ қолиб, пилла теришга мамлакатда биринчилар қатори киришдилар. Жорий йилда туман меҳнаткашлари Хитойданкелтирилган 3 459 қути ипак қурти уруғини зооветеринария талаблари асосида парваришлади. Аввалига мавжуд 6 та инновацион пиллахонада уруғ жонлантирилди ва бир-уч ёшгача боқилиб, каттаргач, оилавий звеноларга тарқатилди. Шартнома тузган 2 735 та оилавий звенонинг пиллакорлари ҳар қути ипак қуртидан 65-70 килограмдан сифатли хомашё етиштириш учун меҳнат беллашувини авж олдирдилар. Мавсум давомида туман “Агро пилла” МЧЖ мутахассислари томонидан пиллакорларга маслаҳат бериб борилди, қоғоз, термометр ва бошқа зарур жиҳозлар таъминланди. Пиллакорларни ортиқча овора қилмаслик мақсадида корхона томонидан мавсумий ишга жалб қилинган ходимлар ҳар бир звенога етарлича барг етказиб туришди. Тажрибали пиллакорлар асосан ипак қурти уруғини намунали парваришлаш билан шуғулландилар. Натижада, бугунги кунга келиб оилавий звеноларнинг қуртхоналарида мажбуриятни қоплайдиган даражада ҳосил етиштирилди. Ипак қурти пилла ўраш даврида сунъий дасталардан фойдаланилгани туфайли қуртхоналарда етиштирилган ҳосил халқаро стандартлар талабига мослиги билан пиллакорларни қувонтираяпти.

Айни пайтда туман меҳнаткашлари етиштирилган ҳосилни тезроқ териб топшириш чорасини кўришмоқда. Бугунгача қабул пунктларига 66 тонна сифатли “кумуш тола” топширилди. “Коинот”, “Ширин мевалар файзи”, “Эргаш бобо” фермер хўжаликлари аъзолари режани ортиғи билан уддалади. Жамила Мисирова, Гулнора Тожиева, Ўрол Абдиев, Рўзихол Бердиева сингари оилавий звеноларнинг пиллакорлари ҳар қути ипак қуртидан 65 килограмдан ҳосил йиғиштириб олишди.

— Анча йилдан буён ипак қурти парвариши билан шуғулланаман, — дейдипиллакор Гулнора Тожиева. — Авваллари ипак қурти боқишдан ҳам кўра барг келтириш, даста топиш пиллакорларни кўпроқ ўйлантирарди. Бу мавсум туман “Агро пилла” МЧЖ мутахассислари баргни майдаланган ҳолда ўз вақтида етказиб туришди ва ипак қурти ўраш жараёнида сунъий дасталарданфойдаландик. Самара эса кутилгандан ҳам зиёда.Пилланинг сифати нафақат бошқаларни, балки ўзимизни ҳам қувонтираяпти. Мавсум давомида тайёрловчилар ҳамма имкониятни яратишди. Етиштириладиган ҳосилнинг 30 фоиз пули олдиндан бўнак сифатида берилди. Бу эса пиллакорларни ишга бўлган рағбатини янада кучайтирди.

— Туманимиз пиллакорлари бу мавсум икки марта ипак қурти парваришлайдилар. Биринчи мавсум 188 тоннадан зиёд “кумуш тола” топширишимиз керак, — дейди туман “Агро пилла” МЧЖ раҳбари Музаффар Жабборов. — Май ойи охирида иккинчи мавсумни бошлаймиз. Қисқаси, бу мавсум 250 тонна сифатли “кумуш тола” етиштириш нияти билан меҳнат қилаяпмиз. Ҳозирги кунда қуртхоналардаги ҳосилни йиғиштириб олиш билан бирга тутларни суғориш ва озиқлантиришга алоҳида эътибор берилаётир. Чунки ҳадемай, иккинчи бор ипак қурти боқишга киришилади.

Жарқўрғонлик пиллакорлар қаторида Термиз тумани пиллакорлари ҳам бу мавсум 133 тонна сифатли ҳосил тайёрлаш йўлида астойдил меҳнат қилишди. Куни кеча туман пиллакорлари дастлабки тонна ҳосилни тарозидан ўтказдилар. Жумагул Хўжаёрова бошлиқ оилавий звено аъзолари 90 килограмм ҳосил топширди. Туман қурт- хоналаридаги ҳосилни териш ва давлатга топшириш қизғин давом эттирилаяпти.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мен тадбиркор бўлмоқчиман

Тадбиркорлик қилиш учун яратилган шарт-шароит халқимизга берилган катта имтиёз бўлди. Тадбиркорликнинг қайси соҳасига қўл урманг, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan