Бош саҳифа / Адабиёт / Нима учун келажагимиз китоб мутолаасига боғлиқ?

Нима учун келажагимиз китоб мутолаасига боғлиқ?

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ АҚЛЛИ БЎЛИШЛАРИ УЧУН
ЗУДЛИК БИЛАН КЎРИЛАДИГАН ЧОРАЛАР

Инсонлар кимнинг тарафида эканлигини билдириш муҳим. Бу ўзига хос манфаатлар декларациясидир. Шундай қилиб, мен сиз билан мутолаа ҳақида, шунингдек, бадиий адабиётни ўқиш ва кўнгил учун мутолаа қилиш инсон ҳаётидаги энг муҳим нарса эканлиги ҳақида сўзлашмоқчиман.

Мен балким нохолис туюларман, чунки ўзим ҳам адибман ва бадиий асарлар ёзиб тураман. Мен болалар учун ҳам, катталар учун ҳам бирдек ёзаман. Мана, 20 йилдирки мен асар яратиб, уларни қоғозга битиб, шунинг ортидан кун кўраман. Шубҳасиз, мен инсонларнинг мутолаа қилиши, айнан бадиий адабиётларни кўпроқ ўқиши, кутубхоналар ва кутубхоначиларга иш топилиши, ўқиш мумкин бўлган жойлар мавжуд бўлиб туришидан манфаатдорман. Хуллас, адиб сифатида тарафкашдирман. Лекин мен ўқувчи сифатида ундан-да кўпроқ иштиёқлиман.

Саводли инсонлар бадиий адабиётни мутолаа қилишади. Бадиий адабиётнинг иккита мақсади бор: Биринчидан, у мутолаага боғланиб қолиш йўлини очади. — Кейин нима бўлиши, саҳифани тезроқ варақлаш истаги, гарчи оғир бўлса ҳам давом эттиришга иштиёқ, чунки асарда кимдир фалокатга йўлиққан ва сен у билан кейин нима бўлганини билишни истайсан… бу чинакам драйв. Бу янги сўзларни ўрганиш, бош- қача фикрлаш ва олдинга интилишга мажбурлайди. Мутолаанинг ўзи ҳузурланиш эканига гувоҳ бўлади киши. Буни бир марта анг- лаган инсон, доимий мутолаа йўлига тушиб олади.
Саводли болаларни тарбиялашнинг кафолатли ва энг оддий йўли уларга ўқишни ўргатиш ва мутолаа ёқимли машғулот эканини кўрсатишдир. Энг оддийси — уларга ёқадиган китобларни топинг, уларни шу китобларга етказинг, ўқишга шароит яратиб беринг.

Токи болалар унинг китобини ахтариб, уни ўқишни исташса, билингки, болалар учун мўлжалланган ёмон муаллифлар бўлмайди, чунки болалар ҳар хил бўлишади. Улар ўзларига керакли ҳикояларни топишади ва унинг ичига шўнғишади. Сийқаси чиққан ва кўп такрорланган ғоя улар учун сийқаси чиқмаган янгилик. Чунки бола уни ўзи учун биринчи марта очаяпти. Болалар нотўғри нарсаларни ўқияпти, деб ҳисоблаб, уларнинг ўқишга бўлган иштиёқини ўлдирманг. Сизга ёқмайдиган адабиёт — сизга ёқадиган адабиётлар томон қўйилган қадамдир. Ҳамманинг ҳам диди сизники билан бир хил бўлмаслиги мумкин.

Бадиий адабиёт амалга оширадиган иккинчи иш — у эмпатияни пайдо қилади. Сиз телекўрсатув ёки фильм томоша қилганингизда, бошқа инсонлар билан содир бўлаётган воқеаларни кўрасиз. Бадиий асар — ҳарф- лар ва тиниш белгилари воситасида бир ўзингиз, ўз тасаввурингиздан фойдаланиб яратадиган оламингиздир. Сиз бу оламни тўлдириб, четдан туриб ўзгача назар ташлайсиз. Сиз ўзингиз билмаган нарсаларни ҳис қила бошлайсиз, ҳеч қачон хаёлингизга келмаган жойлар ва оламларга сайр қиласиз. Ташқи олам ҳам ўзингиз эканингизни англаб етасиз. Сиз бошқа инсонга айланасиз ва ўз реал оламингизга қайт- ганингизда ўзингизда ҳам нимадир ўзгарган бўлади.

Болаларни мутолаага бўлган муҳаббатини ўлдиришнинг ишончли усули — унинг ён атрофида китоблар йўқлигига амин бўлишдир. Болаларнинг китоб ўқишига шароити ҳам бўлмаслигидир. Менга бу борада омад кулиб боққан. Мен улғайган жойларда ажойиб кутубхона бор эди. Ишга кетаётган ота-онам ҳам таътилга чиққанимда жон-жон, деб мени йўл-йўлакай кутубхонага ташлаб кетишар эди.

Кутубхоналар — бу эркинлик дегани. Мутолаа эркинлиги, мулоқот эркинлиги. Бу туганмас таълим (мактаб ёки университетни тарк этган кунимиз тугайдиганга ўхшамайдиган), бу мазмунли бўш вақт, бу бошпана ва ахборотга эга бўлиш имконидир.

Модомики сиз кутубхонани қадрламас экансиз, сиз ахборот, маданият ва донишмандликнинг қадрига етмайсиз. Сиз ўтмишнинг товушини бўғиб, келажакка зиён етказасиз.

Биз болаларимизга китобларни овоз чиқариб ўқиб беришимиз керак. Уларни хурсанд қиладиган нарсаларни ўқишимиз лозим. Ўзимиз эшитавериб чарчаган ҳикояларни ўқийлик. Асар қаҳрамонларининг сўзларини турли товушларда ўқиб бериб уларни қизиқтирайлик, токи уларнинг ўзи бу юмушга ўрганишсин. Овоз чиқариб ўқиш бирлашиш онлари бўлади, шу вақт ҳеч ким телефонга қарамайди, дунёнинг барча дарду-ташвишлари чекинади.

Биз тилдан тўлиқ фойдаланишимиз керак. Сўзлашда ривожланиб, янги сўзлар нимани билдириши, улардан қай ўринда фойдаланиш кераклигини англаш, тушунарли тилда мулоқот қилиш, ўзимиз нимани назарда тутаётган бўлсак, ўшани гапиришни ўрганишимиз керак. Биз тилни музлатишга, уни жонсиз нарса каби авайлаб-асрашга уринмаслигимиз керак. Биз тилдан жонли нарса сифатида фойдаланишимиз, уни ҳаракатланувчи, сўзларни элтувчи, унинг маънолари ва талаффузини вақт ўтиши билан ўзгарадиган нарса сифатида қабул қилишимиз керак.

Биз ўқувчиларимизга ҳақиқатни гапиришимиз керак, уларни қуроллантиришимиз, ҳимоя тақдим этишимиз, ўзимиз ушбу яшил дунёда қисқа вақт бўлиш мобайнида баҳраманд бўлган доноликни узатишимиз лозим. Биз воизлик қилмаслигимиз, маъруза ўқимаслигимиз, тайёр ҳақиқатларни она қуш полапонларига озиқ бергандек “чайнаб” бермаслигимиз керак. Шунингдек, биз ҳеч қачон, нечоғлик заруриятлигига қарамасдан, ҳар қандай шарт-шароитда болалар учун ўзимиз ҳам ўқишни истамайдиган нарсани ёзмаслигимиз шарт.

Биз нарсаларни гўзал қилишимиз керак. Дунёни бизга бўлганидан абгорроқ қилиш, океанларни қуритиш, ўзимизнинг муаммоларимизни келгуси авлодларга қолдирмаслигимиз керак. Биз ўз ортимизни йиғиштириб юришимиз, болаларимизга биз томонидан талон-торож, расво ва вайрон қилинган дунё қолдирмаслигимиз керак.

Кунларнинг бирида Альберт Эйнштейндан болаларимизни қандай қилиб ақлли қилиб тарбиялашимиз мумкин деб сўрашибди: У “Фарзандларингиз ақлли бўлишини истасангиз, уларга эртак ўқиб беринг. Улар янада ақлли бўлишини истасангиз уларга янада кўпроқ эртак ўқиб беринг,” дебди. У мутолаа ва ўйлашнинг аҳамиятини жуда яхши биларди.

Умид қиламанки, биз фарзанд ларимизга китоб ўқийдиган, китоб ўқиб беришадиган, улар ўй-хаёл суриб, нималарнидир англай бошлайдиган дунёни тақдим эта оламиз.

Нил ГЕЙМАН.

Нил Ричард МакКиннон Гейман (Neil Richard MacKinnon Gaiman, 1960 йилнинг 10 ноябрида Буюк Британиянинг Портсмут шаҳрида туғилган) — инглиз фантаст-ёзувчиси, график романлар ва комикслар, кўплаб фильмлар сценарий муаллифи. Унинг энг машҳур асарлари “Юлдуз чанги”, “Америка маъбудлари”, “Коралина”, “Қабристон воқеаси” романлари, “Қум одам” комикслар сериясидир. Гейман адабиёт соҳасидаги кўплаб мукофотлар соҳиби ҳамдир.

“Kun.uz”дан қисқартиб тайёрланди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёшларга ҳавасим келди

“Ёш китобхон” танлови ҳақида гап кетганда, ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилган телевизион танловдаги лавҳалар, тиллари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE