Нима эксанг, шуни ўрасан…

0
57

Касбим ҳамшира бўлганлиги сабаб вилоят наркология диспансерида бир муддат фаолият юритдим.

Шу даврда даволанаётган алкоголь ва гиёҳвандликка ружу қўйган инсонлар ҳаёти билан яқиндан танишишга ва уларнинг умрлари шу заҳри  қотил туфайли чексиз жарликка ғарқ бўлаётганлигининг гувоҳи бўлдим.

Бир ёш йигитнинг менга сўзлаб берган аянчли қисмати бу воқеани ёзишга мажбур қилди:

— Мен ота-онамнинг ёлғиз эрка ўғли эдим, — деди йигит кўзларидаги ёшни яширишга уриниб. —  Ёшлик — бебошлик, деганлари рост экан. Мактаб чоғимданоқ ота-онамдан беркиниб безори болалар билан юришни одат қилдим. Дарсларга ўз вақтида бормас, ўртоқларим билан чиқиша олмас эдим. Ота-онам доимо ишда бўлганликлари сабаб менинг саёқ юришимни сезишмас, ўқитувчиларим мен ҳақимда шикоят қилишса, менинг ёнимни олиб, айбсиз эканлигимни исботлашга уринишар, уларнинг сўзларига беписанд қарашарди. Бу эрк мени янада кўпроқ ёмон одатлар чиқара бошлашимга замин яратди. Аввалига чекиш, спиртли ичимликлар ичишни, давраларда отам берган пулларни кўз-кўз қилиб сочишни одат қилиб олдим. Йиллар ўтиб бу одатларим энди катта-катта давраларга кўчди ва натижада, гиёҳвандлик кўчасига кириб қолдим. Ота-онам бу вақтда мени уйлантириб қўйиш пайига тушди. Гўёки шундай қилишса, мен ёмон одатларимни ташлаб, оилапарвар бўлиб қолар эмишман. Эҳ, қани эди шундай бўлса…

Улар мени яқин дўстининг қизига уйлантиришди. Ҳаётим бундан баттар чигаллашиб кетди. Мен бу заҳри қотил қулига айланиб  ҳатто, очиқчасига уйдаги нарсаларни сота бошладим. Хотинимнинг  барча тилла тақинчоқларини ҳам гиёҳванд моддасига алмаштириб юбордим. Шу орада аёлим ҳомиладор бўлди. Бу хабарни эшитиб ҳам хурсанд бўла олмадим, чунки гиёҳвандлик мени ўз домига тортиб бўлган эди. Ҳар куни уйга ширакайф ҳолда келадиган, оғироёқ хотинимни урадиган, ота-онамнинг қаршилигига қарамасдан уйдаги қўлга илинган нарсани сотадиган, уйни остин-устун қиладиган одат чиқардим. Рафиқамнинг ота-онаси бу воқеадан хабар топиб, уни уйига олиб кетди. Орадан вақт ўтиб, фарзандим ногирон, яъни бир қўлсиз туғилганини эшитдим. Фарзандимнинг ҳолати мендек манқурт отага заррача таъсир қилмади. Оғунинг кичик дозаси энди оғриққа кучи етмас, ҳар сафар дозани ошириб, умримни қисқартириб борардим. Бу ҳам етмагандек, уни оғайнилар даврасида битта шприцдан фойдаланиб қабул қилардик. Оқибатда, ОИВни ўзимга юқтириб олдим. Қанчалик аянчли бўлмасин, мен энди ўлимга маҳкумман. Бу ҳукмни мен ўзимга  ўзим била туриб, иродасизлигимдан ўқидим. Ота-онамни, бировнинг гулдай қизини, мурғак гўдакнинг ҳаётини барбод қилдим.

Ҳа, ҳаёт гўзал эканлигини у жуда кеч англади. Бебош ҳою ҳавас, манманлик ва иродасизлик уни бетакрор ёшликнинг кўчасидан жуда узоққа олиб кетди. Бундан хулоса “нима эксанг, шуни ўрасан”, шу боис, фарзандлар тарбияси борасидаги барча амалларимиз фақат хайрли бўлсин.

Муқаддас БОЛИҚУЛОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг