Бош саҳифа / Жамият / Нима бўлди сизга, одамлар?

Нима бўлди сизга, одамлар?

Мол-дунё, бойлик аслида инсонлар ўртасига ташлаган бир хўрак, фитнадир. Ана шу фитнага учиб, унинг турли хил эврилишлари олдида ожиз қолаётган айрим замондошларимиз ҳам борки, беихтиёр кузата туриб, “аттанг”, дейсиз. Аксарият инсонлар умри давомида ҳаётий эҳтиёж ва заруратларидан ортиқча бўлган мол-дунё, бойлик учун елиб-югурадилар. Оқибатда, мол-дунёнинг қулига айланадилар. Энг ёмони шундаки, кўзимизга тиллодай товланиб кўринаётган бу дунёнинг ўткинчи матоҳлари аслида инсон умри, унинг қадр-қиммати олдида ҳеч қандай қийматга эга эмас.

Айниқса, ўртада талош мол-мулк қариндош-уруғ, янаям аниқроғи, ака-ука-ю жон-жигарлар ўртасида кечаётган бўлса, бундан ёмони йўқ. Бу каби ҳолатлардан нафақат тириклар, ҳатто марҳумларнинг ҳам руҳи азият чекиши аниқ. Ахир, бир кун уруш-жанжал бўлган уйдан қирқ кунлик файз-барака кўтарилади, деб бежизга айтишмаган.

Хат муаллифининг баъзи бир даъволарини эшитиб, хориж фильмларида кўрганларимиз ёдга тушади. Наҳотки, кишилар шу даражада оқибатсиз, андишасиз бўлиб кетишган бўлса, деган ўй кечади хаёлингиздан.

Денов туман “Сина” қишлоғи, “Файзобод” маҳалласида яшовчи фуқаро Гулнора Каримова бизга йўллаган шикоят хатида ўз ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётганлиги, опаси Гулбаҳор Каримова (марҳума) га тегишли бўлган ҳовли ва уй-жойни тириклигида унга оғзаки равишда васият қилиб қолдирганини ёзади. Хатда яна Г. Каримова ўз ака-укалари адолатсизлик қилишаётганлиги, унга мерос сифатида қолдирилган уйни номига ўтказишига қаршилик кўрсатишаётганлиги, ҳатто (“жиннихона”) руҳий асаб касалликлари шифохонасига жойлаштиришгани хусусида сўз юритади. Хатни ўқий туриб, “нақадар шафқатсизлик”, деган хаёлга борасиз. Хўш, аслида воқеа қандай бўлган эди?

Шикоят хатида келтирилган важларни Г. Каримованинг акаси Баҳодир Каримов ва унинг оила аъзолари ҳамда холислар—“Файзобод” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Зарнигор Қодирқулова, котиб Ибодулла Муллажонов, “Аёллар саломатлик ва гўзаллик маркази” Денов туман бўлинмаси директори София Шомуродовалар иштирокида ўргандик.

Ариза муаллифининг акаси Баҳодир Каримовнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам 2012 йил 20 ноябрь куни уй эгаси Гулбаҳор Каримова вафотидан 4 ёки 5 соатлар аввал уни ёнига чақириб, сингиллари Гулнора Каримовага ўз уй-жойини оғзаки равишда васият қилган; бу пайтда тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари беморга тиббий ёрдам кўрсатишаётган ва улар ҳам Гулбаҳор Каримованинг васиятига гувоҳ бўлишган.

“Файзобод” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан 27.06.2017 йилда Гулнора Каримова номига берилган 945-сонли маълумотномада “3-уй, 217-хонадонда истиқомат қилади”, дейилган. Хўжалик дафтаридан олинган кўчирмада уй марҳум Гулбаҳор Каримовага тегишлилиги кўрсатилган. Г. Каримованинг даъволари қай даражада ростлигини билмадик, аммо унинг акаси Б. Каримовнинг айтишича, ростдан ҳам руҳий асаб касалликлари шифохонаси билан боғлиқ шунга ўхшаш воқеа бўлган. Денов туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидан олинган маълумотга таянадиган бўлсак, Г. Каримова психиатр назоратида турмайди. Ҳақли бир савол туғилади, Г. Каримовани асаб касалликлари шифохонасига кимлар “тиқишди”? Бу кимга ва нимага керак бўлиб қолди? Гулнора Каримова, опаси Гулбаҳор Каримовани тириклигида парваришлаган, рўзғор ишларида қарашиб юрган. Опаси 2012 йилда вафот этгач, Г. Каримова 2016 йилнинг 9 майига қадар уйда бир ўзи ёлғиз яшаб юрган. “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас”, деган нақл бор. Ёлғизлик ҳар қандай одамга ҳам оғирлик қилади. “Иссиқ-совуғим” дан хабардор бўлар, деган мақсадда жияни Фирдавс Каримовни уйига олиб келгач, турли хил келишмовчиликлар, англашилмовчиликлар пайдо бўла бошлайди.

—2016 йил 15 август куни кечқурунги пайт хонамдаги сумкадан фуқаролик паспортим ва қўл телефоним йўқолди. Орадан бир муддатдан сўнг телефоним ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолди. Аммо паспортим ҳали-ҳануз топилгани йўқ. Сабаб шуки, опамдан қолган уй-жойни номимга ўтказиш учун фуқаролик паспорти керак бўлади. Буни билган жияним Фирдавс ғаразли мақсадда паспортимини яшириб қўйган. Ҳалигача бўйнига олмайди. Уйда улардан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Шу туфайли орада жанжал келиб чиқди. Фирдавс билан хотини мени икки-уч маротаба калтаклади,— дейди Г. Каримова.

Жанжал натижасида Г. Каримова ҳақиқатан ҳам Ф. Каримов ва рафиқаси томонидан калтакланганлиги, икки маротаба уларнинг чангалидан қутқариб олишганлигини Б. Каримовнинг иккала қизи ҳам тасдиқлашди. “Ўзингдан топ!” деганлари шу бўлса керак-да! Бир инсон жигарбандини уйига яхши ният билан киритса-ю, ур калтакнинг тагида қолса, бундан ёмони бўладими?

2016 йил 7 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Денов туман судида Каримова Гулнора ва Каримов Фир-давслар ўртасидаги можаро юзасидан очиқ суд мажлиси бўлиб ўтган. Унда айтилишича: Ҳуқуқбузар Каримов Фирдавс Фазлиддинович шу куни аммаси Каримова Гулнора Шабиддинова билан жанжаллашиб, уни қўпол ва уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, қасддан шаъни ва қадр-қимматини камситган ҳамда қасддан уриб енгил тан жароҳати етказган”. Оқибатда, Суд уларнинг ҳар иккаласини ҳам айбли, деб топган. Аммо Каримов Фирдавс Фазлиддиновичга нисбатан маъмурий жазо қўлланиб, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортилган.

Ваҳоланки, Сина қишлоғидаги “Файзобод” МФЙ ҳудудидаги марҳума Каримова Гулбаҳорга тегишли бўлган хонадонда Каримов Фирдавс рўйхатдан ўтмасдан, ҳеч қандай асоссиз равишда истиқомат қилиб келмоқда. Яна уруш-жанжал бўлиб қолишидан чўчиган Г. Каримова эса опасидан мерос қолган уйга келолмасдан, ижарада яшаб юрибди. Ариза юзасидан излаб борган кунимиз Г. Каримова Денов туман шифохонасида муолажа олаётган экан. Уни бемор ҳолига шифохонадан олиб, Сина қишлоғига йўл олдик. “Файзобод” маҳалласидаги Каримова Гулбаҳорга тегишли уйда Фирдавс Каримов рафиқаси билан яшаётган экан.

2017 йил 14 июль куни Г. Каримова Денов туманлар аро судига Каримов Дилшод ва Каримов Фирдавсларга нисбатан “уй-жойдан чиқариш ҳақида” даъво аризаси киритган. Аммо суд Г. Каримованинг бу даъвосини қаноатлантирмаган. Суд ажримида айтилишича, “…даъвогар Г. Каримова мазкур низоли уй-жойдан жавобгарларни чиқариш ҳақидаги даъво талаби билан судга даъво ариза тақдим қилиш ваколатига эга шахс ҳисобланмайди”. Ва даъво аризасини қабул қилиш рад этилади.

Шу ўринда ҳақли бир савол пайдо бўлади. Маҳаллада фаолият олиб бораётган ваколатли давлат органлари—маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари, участка инспектори, нега уйга эгалик ҳуқуқи бўлмаса ҳам Фирдавс Каримовга марҳума Гулбаҳор Каримованинг уйида яшаш учун имконият яратиб беришмоқда? Ф. Каримов бу уйда яшашга қанчалик ҳақли?..

—Опам раҳматли бу уйни ўз пешона тери эвазига қурган. Агар менга яшашга берилмаса, майли, бу уйни музейга айлантиришсин! Шунда ҳаммаси адолатли бўларди,—дейди Г. Каримова.

Ушбу мақолани якунлар эканман, унга нима деб сарлавҳа қўйсам экан, дея кўп ўйладим. Оқибатсизлик, дейми? Ёки оқибатсиз оға-иниларми? Нима десам ҳам камдай, нимадир етишмаётгандек туюлаверди. Тўғрисини айтсам, сўнгги пайтларда бу каби ҳолатлар жуда ҳам кўпайиб кетганлиги боис мавзуни ёритиш жараёнида юрагим ачишди. Ўзимни ўшаларнинг ўрнига қўйиб кўрдим, бўлмади. Бу ёғи ҳар кимнинг ўз виждонига ҳавола. Ишқилиб, улар ўз нафслари буюрган хато ишни қилиб қўйишмаса бўлгани.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энди «TikTok», «Twitter” га кириш имкони йўқми?

Ўзбекистон ҳудудида «TikTok», «Twitter»  ва «ВКонтакте»» ижтимоий тармоқлар фаолияти  чекланди. Бу ҳақда «Ўзкомназорат» ахборот хизмати …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan