Бош саҳифа / Жамият / Никоҳ шартномаси низоларга барҳам беради

Никоҳ шартномаси низоларга барҳам беради

Илгари амалда бўлган оила қонунчилигида эр ва хотиннинг фақат қонуний мулк тартиби маълум эди. Ҳозирги вақтда қонуний мулк тартибини сақлаб қолиш билан бирга, мулкнинг шартномавий тартибига ҳам ўрин берилди. У никоҳ шартномаси деб юритилади.

Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврда ёки никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.

Никоҳ шартномаси фуқаролик ҳуқуқий шартномаларнинг турларидандир. Фақатгина уни тузишда қатнашувчи тарафларнинг ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Никоҳ шартномаси никоҳдаги эр ва хотин ўртасида тузилади ва унинг мазмунини томонларнинг мол-мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари ташкил этади. Ундаги аёл ва эркак ўртасидаги шахсий муносабатларни тартибга солишга қаратилган шартлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек, никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Фақат у никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Мазкур ҳужжат ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланади. Бу қоидага риоя қилмаслик шартномани ҳақиқий эмас, деб топиш учун асос бўлади.

Албатта, ушбу шартнома ихтиёрий равишда тузилади.

Эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир.

Эр ва хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳ бузилганда, улардан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олишга ҳақли. Шартномада назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар эса муайян муддат билан чекланишга ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши ҳам мумкин.

Кузатувларимизга кўра, бугунги кунда юз бераётган оилавий ажримларнинг аксариятида мол-мулк сабабли ўртада кўплаб ихтилофлар келиб чиқаяпти. Аксар ҳолларда аёллар ва болалар кўпроқ жабрланиб, уйсиз, таъминотсиз қолишмоқда. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш, ана шундай ихтилофлар келиб чиқмаслиги учун ҳам эр ва хотин никоҳ шартномасини тузиши мақсадга мувофиқдир. Ҳатто, давлатимиз томонидан ушбу шартномани тузишда тўланадиган бож бекор қилинди. Аммо шунга қарамай, бу ҳолат ҳали оммалашгани йўқ. Сабаби кўпчилик бундан бехабар. Қолаверса, мазкур ҳужжатнинг фойдали томонларини ҳали тўла англаб етмаяпмиз. Агар буни англаб етганимизда, қанча-қанча низоларга барҳам бериларди. Жабрдийдалар камаярди.

Дилором АЛМУРАТОВА,
фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди
раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE