Бош саҳифа / Жамият / Никоҳ ёши ўзгарадими?

Никоҳ ёши ўзгарадими?

Муниса ўзи кўнгил қўйган йигитга турмушга чиқди. Куёв томоннинг бувиси оғир бетоблиги сабаб тўйни тезлаштиришди. Маҳалла-кўйнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, тўй икки ёш истагандек бўлди. Муниса ҳам ўқиш, ҳам уй юмушлари билан чарчаб қолар, бари у истагандек осон эмаслигини тушунганида эса кеч эди.

Бошқа томондан ўзидан тўрт ёш катта қайнисинглисига ғаши келар, арзимаган сабаб билан тортишиб қоларди. Қайнонасига ҳам гап қайтариб ташлайдиган одат чиқарди. Қайнона-келиннинг тортишуви устига келган ўғил ғазаб отига минди. Тўйига бир йил бўлмай, эр-хотин ўртасига совуқлик тушиб, ҳатто гаплашмай қўйишди. Бошқалар ҳам уни хуш кўрмас, айни эътиборга ва ғамхўрликка муҳтож ҳомиладорлик даврини сиқилиш билан ўтказаётган Муниса туғруқ даврига етмай, кўзи ёриди. Чақалоқнинг яшаб кетиши номаълум деган хабардан сўнг, Мунисанинг кўзларига бу дунё янада қоронғу кўрина бошлади.

Бу каби воқеалар ҳаётимизда тез-тез содир бўлади. Қизларнинг оилавий ҳаётга жисмонан ва маънан тайёр эмаслиги оилавий низоларга, ажримлар сони ортишига сабаб бўлаяпти. Бир тасаввур қилинг, 17-18 ёшли қиз ҳали мактабни, касб-ҳунар коллежини тамомламаган ёшда она бўлиш учун ҳал қилувчи қадам ташлайди. Энди ўқиб ўрганаётган бу даврда қизлар на пазандаликни, на хонадонини саришта тутишни билади. Бу ҳам етмагандек, ўзини тута билиш, доимо тавозеда бўлишга келганда бу ёш давридаги қизиққонлик оилавий ҳаётда панд беради.

—    Эрта турмуш қурган қизлар ҳомиладорлик давридаги ўзгаришлар, оғриқлар ҳақида ўзи ҳам тушунмаган ҳолатда врачга нима бўлаётганини тушунтириб бера олмайди, — дейди Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ тизими бошлиғи, акушер-гинеколог Раъно Ядгарова. — Натижада, керакли муолажа қилинмайди. Бу ўз навбатида, ҳомилага салбий таъсир қилади. Эрта турмуш қуриш, фарзанд кўриш онада руҳий ва жисмоний зўриқишни келтириб чиқаради. Эрта туғруқ натижасида сут безлари яхши ривожланмаган бўлади. Кўп ҳолларда ёш организмнинг оналикка тайёр эмаслиги она соғ лиги учун хавф туғдиришини унутмаслик лозим. Йигирма ва ундан каттароқ ёшда аёл организми фарзанд кўришга тайёр бўлади.

Муаммоларнинг олдини олиш никоҳ ёшининг белгиланишига бориб тақалади. Бунда ҳар бир давлат аҳолисининг никоҳга муносабати ва репродуктив ҳолатидан келиб чиқиб иш юритади. Бу қонун ва қонунос- ти ҳужжатларида ўзининг ҳуқуқий аксини топади. Аксарият давлатларда никоҳ ёши йигит ва қиз учун бир хил этиб белгиланган. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида таъкидланганидек, 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахсларнинг барчаси бола ҳисобланади. Аммо ҳали 18 ёшга кириб улгурмаган қизларни у ёки бу сабаб билан турмушга бериб, келиб чиқадиган муаммога ота-оналарнинг ўзи айбдор бўлиб қолмаяптими? Айбларини эса “Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасида қайд этилган “Никоҳ ёши эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин”, деган баҳона билан ҳаспўшлашга уринишади. Белгиланган тартиблар, қизларнинг турмушга чиқишдаги минимал ёш чегараси бугунги кунда энг мақбул қарорми, деган ҳақли савол туғилади. Бу масалага Ўзбекистон ахборот агентлигининг расмий сайтида Ўзбекистон хотин қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Аббосхонова шундай фикрларни билдирган:

— Албатта, хотин-қизлар қўмитаси бу масалага жиддий эътибор қаратади ҳамда белгиланган нормадан қаноатланмайди, биз никоҳ ёшининг ўн етти ёш этиб белгиланишига қаршимиз. Бундан аввал никоҳ ҳолати қайд этишга монелик қилувчи вазият мавжуд эди, яъни мажбурий 12 йиллик таълим тизимини назарда тутмоқдаман. Эндиликда таълим тизимида жорий қилинган 11 йиллик мактаб таълим тизими мантиқан никоҳ ҳолатини қайд этишга тўсқинлик қилмайди. Шундай экан, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қизларнинг никоҳ ёшини ошириш масаласини кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқмоқда.

Бизнингча ҳам, бу фикрда жон бор. Сабаби 18 ёш бу вояга етганликни билдиради. Агар қонунчилигимизда никоҳ ёши қизлар учун ҳам 18 ёш этиб белгиланса, қизларимизнинг ўзи учун ҳам, туғилажак фарзанд- лари учун ҳам фақат фойдали бўларди.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун- нинг 3-моддасида таъкидланганидек, 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахсларнинг барчаси бола ҳисобланади.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan