Бош саҳифа / Жамият / Никоҳ узуги

Никоҳ узуги

Баҳор. Шаҳарнинг насронийлар ибодатхонаси қаршисидаги бир замонлар қурилган икки қаватли уйнинг кўримсиз ҳовлисида югур-югур. Турли хил енгил машиналар ўйдим-чуқур йўл четида тизилган. Ўтаётган машиналарнинг орқа баллонидан сачраган лойқа сув уларнинг ойналарини бўяб кетаяпти…

— Шу бугун ёғмай турса бўлмасмиди, — деди куйиниб, ҳовлининг бир четида хоналарга сиғмай қолган меҳмонлар учун чодир тикаётган мезбон…

— Нон синдиришга ҳам шунча киши келадими? — деди аста, меҳмонларга эшиттирмай, хизматдаги қўшни. — Эркакларнинг ўзидан олтмиш киши. — Тағин ароқ-пароғи билан. — У оғзидаги носни аччиқ билан кўлмакка тупурди.

— Ундай деманг, қўшни. Кўнгилни кенг қилайлик… Меҳмон келар эшикдан, риз-қи кирар тешикдан. Опкеган қўйларининг бирини сўйиб, ўзларига едирамизда, жўнатиб юборамиз… Лекин ароқ келтиргани яхши бўлмапти, — деди мезбон брезент чодирнинг ипларини тортиб таги ерга кўмилган устунга боғларкан…

— Шундай дейсизу, қўшни, бу худога ҳам, бандага ҳам тўғри келмайдиган иш-да! Бирор жойда бунақасини кўрмаганман. Икки тақдирни қўшиш пайти, яъни нон синдирилаётганда, Қуръон оятлари ўқилади, яхши орзу-тилаклар айтиб, дуо қилинади…

Мезбон қўшнисининг ҳақлигини билиб турса ҳам, уни тинчлантириш учун деди:

— Келинг, бугун қудаларни қандай келишган бўлса, шундайича қабул қилайлик…

Ёмғир мезбонларнинг раҳмини едими ёки меҳмонларними, қандай бошланган бўлса, шундай тўхтади. Ёмғирдан сўнг, ибодатхонанинг кўк рангга бўялган қуббаси, унинг учидаги тилла суви юритилган хоч қуёшда ярақлаб турарди.

Бир-икки соат давом этган зиёфат ва нон ушатилгандан сўнг, қудалар, халқ удумига кўра, уларга ёпилган тўн ва бошқа совға-саломларини белбоққа боғлаб, мезбонлар билан илиқ хайрлашдилар, сал кайфи ошганлари келиннинг ака-укалари, ота-амакилари билан қучоқлашиб, ўпишиб хўшлашди…

Кейин тўй ташвишлари бошланиб кетди: ресторан танлаш, тўйга чақириладиган кишилар сони, таклифнома, артист, видео, саҳна, карнай-сурнай, келин либоси (фата) ва ҳоказолар. Уларнинг харажати бир дунё пул…

— Шу… ресторан-песторан демасдан, келинни тўғри уйга тушириб келсак бўлмайдими? — деди сочларининг оқига, кўз ости ажинларига қараганда, олтмишларга бориб қолган киши. — Иккита қўчқор сўямиз. Катта-катта қозонларда ош дамлаймиз, элга ош берамиз. Маҳалланинг аренда стол-стуллари бор…

— Келин билан куёв-чи? Улар қаерда ўтиради?— деди йигитнинг бош қуда бўлиб борган тоғаси.

— Қаерда бўларди? Келин-чимилдиқда, дугоналари билан, куёв — даврада.

— Нима деяпсиз? Уялмайсизми, ўғилларингиз ўнта эмас, бор йўғи битта-ку! Унинг жўралари орасида ҳурматини ўйламайсизми? Улар шаҳарнинг энг чиройли, кўшкилари, саҳналари ярақлаб турган тўйхоналарда никоҳ тўйини ўтказишсаю, сиз ўғлингизнинг тўйини ҳовлингиздаги бедапояда ўтказсангиз… Саҳнасиз, — куйиб-пишиб жаврай кетди сочларига оқ оралаган аёл.

— Саҳнанг нимаси? Театр килмоқчимисан? Бўлмаса тўйни бирдан шаҳардаги Санъат саройида ўтказишни мўлжалла, хотин! — деди кесатиб ота. — Бор будингни, ҳовлидаги охирги сигирингни ҳам сотасан-да, келинни олиб келиб, икки қўлни бурнингга тиқиб ўтирасан. Кейин манов пата-маталаринг нимаси? Икки соат шу жим-жимадор тўр кўйлакни келин кийиб ўтирса, нима ўзгарар экан? Унинг пулига бир неча тах хонатлас беради-ку, ахир! Сен тўйимизда пата кийганмидинг ёки атласми?

— У даврда фата мода эмас эди. Ҳозир хонатлас ҳам модадан чиққан. Нима десангиз денг, лекин тўйни шаҳарнинг энг чиройли, биллур қандиллар порлаб турган тўйхонасида ўтказмасак бўлмайди…

Кўпчилик бўлиб ахийри бобони кўндиришди. “Топамиз, ғам еманг”, дейишди улар бобога. Тадбир шаҳарнинг миллионерларга мўлжалланган “Мерси” тўйхонасида ўтди: карнай-сурнай ҳам бўлди, “пата” ҳам, саҳна ҳам, машҳур артистлару телесухандонлар ҳам… Одат бўйича, келин-куёвни табриклаш, уларга тилак билдириш ниятида сўзга чиққан меҳмонлардан бири, ҳатто америкалик миллионер ҳам бундай тўйни ўтказишга журъат эта олмайди, деб меҳмонларнинг олқишига сазовор бўлди.

Ҳар бир табрик сўзидан кейин (уни ҳеч ким эшитмаса ҳам) маст-аласт қарсаклар…

Мана анъанаю, мана дабдаба! Мана обрўю, мана эътибор! Келиннинг қайнонаси томондан келган хотин-халаж тўй охирида бош бармоқларини кўрсатиб, тўйни, “зўр ўтди”, “гап йўқ” дея, юқори баҳолади, яъни, замонавий баҳо мезонлари билан айтганда, унга энг юқори “балл” қўйди… Қайнонанинг оғзи қулоғида, денг…

…Чимилдиқ осилган уй ростданам безатилганди: деразаларга элита пардалар осилган, полга қолин гиламлар тўшалган, диван, трюмо, хона шифтида чиройли қандиллар… Сандиқлар устида тах-тах бахмал кўрпаю кўрпачалар…Буларнинг ҳаммаси келинни қувонтирар, ўзи орзу қилган бахтли кунлар бошланаётганига ишонч туғдирарди.

Ҳамма нарса жойида эдию, тўйдан сўнг, бир ҳафта ўтар-ўтмас қайнона келиннинг хонасига кириб:

— Келин, бир гап айтай, хафа бўлманг, майлими?

— Айтаверинг хола…нега хафа бўларканман…

— Бўйнингиздаги олтин занжирни қарзга олган эдик. Пулини тўлашга ҳозир имконимиз йўқ. Шуни эгаси “ё қарзни тўланглар, ё товарнинг ўзини қайтаринглар” деяпти. Бериб юбормасак, бўлмайди.

Келин бўйнидаги тилла занжирни оғриниб-оғриниб ечиб берди. Яна ўзини тинчитди: “Жон соғ бўлса, топармиз”.

Бир ой ўтар ўтмас тағин қайнона сўраб келди:

— Келин, хафа бўлмасангиз бир гап айтсам.

Айтаверинг, хола, айтаверинг, — деди у ва шу заҳоти хаёлидан кечди: “Бугун нимани сўрар экан?”

— Шу зиракни ҳам қарзга олган эдик. Эгаси сўраб келди… Тўлашга илож йўқ. Ўзингиз тушунасиз, тўйга катта харажат қилдик. Эвазига бутун шаҳарда обрўйимиз ошди…

Келин миқ этмай тилла зиракларни қулоқларидан олиб берди. Кўнгли алланечук бўлиб кетди… эзилди. Сўнг ўзини қўлга олиб, ичида деди: “Соғ бўлсак, зирак ҳам топилар”.

Кечқурун куёвидан бу ҳақда сўрамоқчи бўлдию, унинг кайфиятини бузмаслик учун фикридан қайтди: “Ким билади, элдан ажралиб қолмай, деб қарз кўтаришгандир. Мени, ота-онамнинг кўнгли учун қарзга тиллалару қимматбаҳо кийим-кечакларни олишгандир. Ахир ўша куни, тўққиз келганда, ким неча қизу жувон, дугоналарим нарсаларни бирма-бир кўриб чиқишди… Уларнинг олдида келинимизнинг боши эгилмасин, деб шундай қилишгандир-да”.

Бўлаётган ғайри табиий воқеаларни ўзича тушунишга ҳаракат қиларди келин. Шу хаёллар билан эрини, ҳеч нарса бўлмагандай, кутиб олди. Барибир, келиннинг юзида хомушлик аломати сезилди, чоғи, у сўради:

— Тинчликми, хоним, хафа кўринасиз?

Келин ҳар доимгидай майин жилмайиб қаради:

— Тинчлик. Уй ишлари билан бир оз ҳориганимдан сизга шундай туюлаётгандир.

…Шундан кейин қайнона бошқа нарса сўрамаса эди, балки ҳаммаси унут бўлиб кетармиди? Йўқ, у яна бир неча кунни ўтказиб, ҳали чимилдиқ йиғилмаган хонага кириб келди-да, худди бирор гуноҳ иш қилгандай, келинининг чап қўлига қаради:

— Келин, шу никоҳ узуги ҳам қарзга келганди…

Келин бунисига чидай олмади. Қайнонаси гапини тугатмасдан бармоғидаги никоҳ узугини еча бошлади. У шу пайтгача бу хонадонда ҳеч кимга гап қайтармаганди. Ҳозир эса ўзини тутиб тура олмади:

— Хола, иш қилиб, куёвим ўзимникими, ёки у ҳам…

Қайнона ҳеч нарса деёлмай қолди. У тилини тишлаб, келин узатган узукни кафтига қисдида, уйдан чиқди ва дарвоза ёнида уни кутиб турган шубҳали хотинга қараб юрди…

Келин хонадаги жиҳозларга лоқайд боқди. Буларнинг бари унга худди хўжакўрсинга қўйилгандай, омонатдай туюлди. Шу дам ибодатхона қаршисидаги эски икки қаватли бинода оддийгина жиҳозлаган ўз уйлари кўз олдига келди. Унинг учун бу кўримсиз уй яна ҳам чиройли, яна ҳам қадрли эди, зеро унда ҳеч бир нарса омонат эмасди…

Бозор Илёс ал-АМИН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE