Никоҳ шартномасига зарурат борми?

0
46

Оила — авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак насллар учун бетакрор тарбия қўрғонидир. Шу боис, қадим замонлардан оила муқаддас саналиб келинган. Зеро халқнинг, миллатнинг келажаги оила билан боғлиқ. Чунки ҳар бир инсон оилада туғилади, вояга етади, боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб улғайишида оила муҳим ўрин тутади.

Ҳар бир янги оиланинг бун- ёд бўлишида нафақат икки ёш, балки ота-она, қариндош уруғлар ҳам уларга йўл-йўриқ кўрсатиш билан қайсидир маънода иштирок этади. Қудалар бир-бирлари билан ёшларга бошланғич ҳаётларида зарур бўладиган буюмларни ўзаро келишган ҳолда олиб беришади, бу ҳам узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган ўзаро келишув, норасмий шартнома ҳисобланади. Муқаддас динимизда никоҳланаётган келин-куёвлар эр-хотинликнинг шартлари, бурч ва мажбуриятлари билан таништирилиб ўтилади. Динимизда эр хотинини боқиши, рафиқасига нисбатан меҳр-шавқатли бўлиши, хотиннинг эрига нисбатан итоатгўй, вафодор бўлиши каби бир қатор шаърий мажбуриятлар айтиб ўтилади.

Шу билан бирга, никоҳнинг расмий шартномаси ҳам борки, унинг ёрдамида ёшлар турмушда мулкий ва ўзаро муносабатларни тартибга солишади. Бу Оила кодексида ўз аксини топганига ўн йиллардан ошган бўлса-да, миллий менталитетимиз сабаб, жамият ҳаётига тўла сингиб улгурмади. Никоҳ шартномаси ҳақида сўз кетса, тан олайлик, кўпчиликда савол пайдо бўлади. Дарвоқе, никоҳ шартномаси нима?

“Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади”, деб кўрсатилган Оила кодексининг 29-моддасида. Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланади.

Никоҳ шартномасига кўра, биргаликда умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, барча мол-мулкка унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир. Эр ва хотин шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий муносабатлар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олишга, шунингдек, никоҳ шартномасига эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бош қа қоидалар ўрнатишга ҳақли. Никоҳ шартномаси ҳақидаги ушбу кўчирмани ўқиб, ҳеч ким ёмон ниятда, ажрашиб кетиб, мол-мулкни бўлиб олиш учун оила қурмайди-ку, нима кераги бор бу шартноманинг де- йишингиз мумкин, лекин бундай хулоса чиқаришга шошилманг!

Қадимда ҳам келин-куёвнинг мол-мулки бўлган ва бу қози томонидан васиқа қилиб берилган. Бугун бозор иқтисодиёти шароитида одамлар бойиди, мулкка эга бўлди. Бу эса ўз навбатида никоҳ шартномаси тузишни тақозо этмоқда. Ушбу шартноманинг қонун-қоидалари билан танишганда, “турмушимизни ёмон ниятлар билан бошлаймизми”, дея фикр юритади кўпчилик. Дейлик, сиз тадбиркорсиз, турмуш ўртоғингиз кўпинча чет элда бўлганлиги сабаб, сиз ўз тасарруфингиздаги мол-мулкингизнинг олди-сотдисида турмуш ўртоғингизнинг ҳам розилиги сўралмоқда, унинг узоқдан келиб розилигини олгунингизча мулкингизнинг баҳоси пасайиб кетди, хўш, бундан кўпроқ ким зарар кўради? Албатта, сиз!

Никоҳ шартномасида ҳар ким ўз тасарруфидаги мулкни ўзи мустақил бошқариши, мумкинлиги кўрсатилади. Никоҳ бекор қилинган тақдирда ҳар кимнинг мол-мулки ўзида қолиши ва иккинчи тараф бу мулкни талаб қилишга ҳақли эмаслиги ҳақида банд киритилган. Ушбу кўчирма никоҳ шартномасининг фақатгина ажрим учун тузилмаслигини англатади.

Эндигина оила қуриш остонасида турган ёшларга никоҳ шартномаси тузиш имкониятлари ҳақида айтилганда, улар шартнома номини эшитиши билан қўл силтайди, ажралиш бизнинг ҳаётимизда рўй бермайди, биз бир-биримизга қаттиқ ишонамиз, дейишади, лекин бу ҳаёт, унда ҳамма нарса содир бўлиши мумкин.

ФҲДЁ мудираси ажрим билан боғлиқ бир ҳолатни қуйидагича изоҳлади: “Оилавий келишмовчилик туфайли эр-хотин ажрашиш учун судга ариза топширдилар. Никоҳ бекор қилинди, келиннинг номида ўз отасининг ЯТТ( Якка тартибдаги тадбиркорлик) корхонаси қўйилган эди. Ажримдан кейин куёв қасддан қилдими билмайман, корхонага даъвогарлик қилди”. Албатта, ушбу ҳолатда фуқаро судга ариза ёзишга мажбур бўлади. Ўз-ўзидан иш чўзилади, низолар янада чигаллашади.

Сўнгги пайтларда бундай ҳолатларга кўп гувоҳ бўлаяпмиз. Бир сўз билан айтганда, никоҳ шартномаси доим сизнинг мулкий ҳуқуқларингизни ҳимоя қилади, қимматли вақтингизни, асабларингизни асрайди ва оилавий тушунмовчиликларнинг олдини олади.

Албатта, икки фуқаро ўртасидаги мулкий муносабат ҳақидаги шартномани мажбурий тусда йўлга қўйиб бўлмайди. Аммо хусусий мулк бўлган жойда никоҳ шартномаси ҳам амал қилиши ҳаётий зарурат. Никоҳ шартномасининг кенг оммалашиши фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва бу борадаги ҳуқуқий тар ғибот билан боғлиқ.

Никоҳ шартномасини истаган пайтда ўзгартириш, янги шарт, ҳуқуқ ва мажбуриятларни киритиш мумкин. Никоҳ шартномаси институтининг моҳиятини кенг оммага тушунарли тартибда етказишда ФҲДЁ органлари қошидаги ташкил этилган “Ёш оила” мактаблари машғулотларида бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Шу ўринда муҳим бир хабарни эслатиб ўтмоқчимиз. Президентимиз “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бунга кўра, 2018 йилнинг 1 июлидан никоҳ шартномасини ва алимент тўлаш ҳақида келишувни нотариал тасдиқлаганлик, судлар томонидан оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек, туғилган вақти фактларини аниқлаш тўғрисидаги аризаларни кўрганлик учун давлат божи ундирилиши бекор қилинади.

Ушбу қарорнинг имзоланиши, фуқароларимизга никоҳ қуриш, ундан кейинги муносабатларда ҳақ-ҳуқуқларнинг поймол бўлмаслиги учун мус- таҳкам заминдир.

Никоҳ шартномаси оила мустаҳкамлигининг гарови ҳисобланади, никоҳнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини зиммасига олиб, имзо чеккандан кейин, ҳар икки тарафнинг масъулияти ошиши табиий.

Хулоса қилиб айтганда, никоҳ шарномаси ўзаро ишонч ва мустаҳкам муносабатлар гаровидир!

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг