Бош саҳифа / Маданият / Нега Турон деб аталган?

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби атамаларни кўп учратамиз. Бу номланишлар бир ўринда табиий-географик ўлка сифатида қўлланилса, бошқа ўринда сиёсий-маъмурий атама ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Турон бу паст текисликнинг номи бўлиб, Ўрта Осиёнинг шимолий-ғарбий ва Қозоғистоннинг жанубий ғарбидаги текисликдир. Шимолий ғарбда Каспий бўйи ботиғи, шимолда Урал олди букилмаси ва Урал билан чегарадош. Уни ғарбий Сибирь текислигидан Кустанай сойлиги ажратиб туради. Шарқда марказий Қозоғистон ва Тяншаннинг шимолий ва жанубий этаклари, Помир тоғлари, жанубда Копетдоғ олди букилмаси, ғарбда Каспий денгизи билан чегарадош.

Туркистон Туроннинг кунчиқар ва кунботар кенглиги бўйича чамаланганда нақд марказидир. Беруний, Қошғарий, Яссавийлар замонида ҳам, Улуғбек ва Бобурлар даврида ҳам Турон сўзи билан бирга Турон замин ва Туркистон иборалари ишлатилган. Туркистон деганда бутун Турон, Турон деганда эса бутун Туркистон тушунилган. “Туркистон” атамаси мамлакат маъносида 539 йили араб халифалиги вакиллари бу ҳудудга келмасданоқ форс манбаларида учрай бошлаган. Унгача юртимиз Турон деб аталган.

Туркистон – XIX аср ва XX аср бошларида собиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистонни, шунингдек, Марказий Осиёнинг туркий халқлар яшовчи қавмини ўз ичига олган тарихий географик ҳудуд бўлган. Туркистон шартли равишда ғарбий ёки рус Туркистони (Қозоғистоннинг жанубий қисми ва Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олинган қисми), Шарқий Туркистон (Хитойдаги Цинзян провинцияси ҳамда Афғон Туркистони (Афғонистоннинг шимолий қисми)га бўлинган. 1867 йили Россия империясига қўшиб олинган ғарбий Туркистон ҳудудида Туркистон генерал губернаторлиги ташкил қилинган. 1886 йилдан расман Туркистон ўлкаси деб атала бошланган. Инқилобдан сўнг 1918 йил апрелда ғарбий Туркистон ҳудудида Туркистон автоном совет социалистик республикаси тузилган. Ўрта Осиёда миллий давлат чегараланишининг ўтказилиши натижасида Турон номи истеъмолдан чиқиб, Ўрта Осиё термини билан алмаштирилган.

Ўрта Осиё табиий географик ўлка. Ўрта Осиё берк ҳавза бўлиб, Евроосиё материгининг деярли қоқ ўртасида жойлашган. Ўлканинг чегараси жуда кенг. Баъзи бир олимлар Ўрта Осиёнинг географик ўрнини белгилашда 4 та собиқ иттифоқдош республикаларнинг ҳудудини эътироф этишади.   Агар Ўрта Осиё табиий географик ўлка сифатида олинса, унинг ҳудудида 4 та республика (Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон) тўлиқ жойлашган. Қозоғистон республикасининг маълум қисми шу табиий географик ўлкададир. Иқтисодий географик нуқтаи назардан 5 та республикани умумий ҳолда Ўрта Осиё мамлакатлари деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам собиқ иттифоқ даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикалари деб номланарди.

Истиқлол шарофати туфайли юқорида номлари зикр этилган мустақил республикалар тарихий алоқаларни қайта тиклашга ўтди. Ушбу республикалар раҳбарларининг 1993 йил Тошкент ва Ашхоботда бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И.Каримов республика номларини эътироф этган ҳолда уларни умумлаштириб “Марказий Осиё давлатлари” деб юритилишини таклиф қилди ва кўпчилик бу таклифни қўллади. Аммо Марказий Осиё деганда Осиёдаги табиий географик ўлкани тушунмаслик керак. Шу жиҳатдан олганда, мактабларда ўқитилаётган “Ўрта Осиё мамлакатларининг иқтисодий ва сиёсий географияси” курсининг номини “Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ва сиёсий географияси” деб аташ мақсадга мувофиқ бўларди.

Роза АЛТИБАЕВА,

Шўрчи туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маданий бойликлар тўхтатиб қолинди

“Айритом” чегара божхона постига кириб келган хориж фуқароси А.Ш. назоратдан ўтказилганда, унга тегишли бўлган сумка …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE