Бош саҳифа / Маданият / “Назм ва наво” кечаси

“Назм ва наво” кечаси

Ўзбек тили ва адабиётини, ўзбек миллатини дунёга танитган улуғ сиймолар Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур бугунги кунда ҳам давлатимиз, миллатимиз, адабиётимизнинг қўл етмас эталони бўлиб турибди. Куни кеча Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида Ҳазрат Навоийнинг 578 йиллиги, Мирзо Бобур таваллудининг 536 йиллигига бағишланган “Назм ва наво” адабий кечаси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Анъанавий ижрочилик” кафедраси ва вилоят маданият бошқармаси қошидаги “Мақом” ансамбли санъаткорлари иштирок этишди. Алоҳида таъкидлаш лозимки, бу кечага нафақат адабиёт ихлосмандлари, балки нуроний отахон ва онахонлар, талабалар ва ўқувчилар, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлдилар. Адабий кечани вилоят “Мақом” ансамбли ўзининг дилтортар қўшиқлари билан бошлаб берди. Шундан сўнг Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуджон Тожибоев, истеъдодли санъаткорлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Орифжон Ҳотамов, Сайёд Жўраев, Жасур Чоршанбиев, Умида Алламуродова, Зарифжон Маҳмадалиев, II халқаро мақом фестивали ғолиби Моҳичеҳра Шомуродова, Дилшод Имомов, Камола Бўриевалар Навоий ва Бобур ғазали билан айтиладиган мумтоз қўшиқларни маромига етказиб ижро этишди.

Айниқса, залга мақом ва мумтоз наволар маликаси, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева чиққанда, кеча иштирокчилари уни гулдасталар ва самимий қарсаклар билан кутиб олишди. Барча иштирокчилар мириқиб ҳордиқ чиқариш билан бирга адабий кечадан жуда катта маърифий-маънавий озуқа олишди. Бетакрор ҳофиз жонли ижрода “Қоракўзим”ни ижро этаркан, кўплаб нуроний отахону онахонларнинг завқ-шавқ ва Навоий даҳосига бўлган эҳтиромдан кўзларида ёш қалқди.

Адабий кеча якунида вилоят ҳокими ўринбосари Р. Чориев сўзга чиқиб, йиғилганларни қутлуғ сана билан самимий табриклади. Ўзбекистон халқ артистлари Маҳмуджон Тожибоев, Муножот Йўлчиева ва Ўзбекистон давлат консерваториясидан ташриф буюрган санъаткорларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурномасини тантанали суратда топширди.

Адабиёт, санъат, миллий маданиятимизга бўлган алоҳида эътибори учун вилоят ҳокими ўринбосари Р. Чориев, вилоят “Мақом” дастаси бадиий раҳбари Зариф Маҳмадалиев, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Умид Норбоевларга Ўзбекистон давлат консерваторияси маъмурияти номидан ташаккурномаларни Муножот Йўлчиева самимият билан топширди.

Кеча иштирокчиларига пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар яна учрашгунча дея самимий тилаклар билдиришди. Энг муҳими, Шарқнинг буюк даҳолари нафақат ихлосмандларнинг кўз ўнгида, балки қалб тўрида яна бир карра ўзининг мумтоз закоси билан муҳрланиб қолди.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE