Бош саҳифа / Таълим / Нажот тилаган бола

Нажот тилаган бола

Мардон иккинчи синфда ўқийди. Бу гал ҳам ўқитувчиси ўтган мавзуни сўрашни Мардондан бошлади. Ўқитувчи дарсларни ўзлаштиришда тенгдошларидан бироз орқада қолаётганига қарамай, яхши ўқишга ҳаракат қилаётган ўқувчисининг оғиз жуфтлашини ҳам кутиб ўтирмай, уруша кетди:

— Уй вазифаларини бажармаганинг етмагандек, дарсда доим нўноқсан, ё эсинг пастми? Нега айтгандан тушунмайсан? Дарсларинг ни бажаришда оила аъзоларинг ёрдам берса бўлмайдими? Қанақа инсон улар, келажагинг билан сира қизиқмаса. Мени сендан бошқа ташвишим йўқми?

Шунча таъна-маломатларни эшитган Мардон кўзларини жовдиратганча бошини хам қилиб турарди. Бояқиш нима ҳам қилсин. Ота-онасидан эрта ажралиб, тоғаси қарамоғида қолган. Тоға эса ишдан бўшамайди. Бу ҳақда устозига қандай тушунтирсин. Юраги тўлиб, қабристон томон шошди. Онасининг қабри устига ўзини отиб, меҳрибонининг иссиқ бағрида ётгандек бир оз жим турди-да, бақириб йиғлаб юборди.

— Ойижон, нега мени ташлаб кетдингиз? Бир ўзи қандай яшайди деб ўйламадингизми? Ҳамма мени ёмон кўради. Устозим ҳам синфдошларимнинг ёнида изза қилади. Ойижон, илтимос сиз ҳам ҳамма болаларнинг онасидек менинг ёнимда бўлинг. Сизни соғиндим…

Ўша куни Мардон уйга келмади. Тоғаси ўқитувчисига хабар берди. Улар Мардонни роса қидиришди. Алламаҳалда қабристондан топишди. Болакай йиғлайвериб ўсал бўлиб қолган эди.

Хўш, бундай вазиятда тоғани айбдор қилиш мумкинми? Устозни-чи? У бола психологиясини билмайдими ё билса-да, унга амал қилмасмикан. Ҳар бир ўқувчи билан индивидуал шуғулланишни истамайдиган, дарсини номигагина ўтиб, уйига шошадиган бу кабилар устоз номига муносибмикан? Устоз Мардонга ўша куни бошқача муносабатда бўлганда эди, болакай ёлғизланиб қолмас, онасини қўмсаб бўзламасмиди.

Зарнигор БОБОМУРОДОВА,
ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Устамани устаси олсин

Газетамизнинг сўнгги сонларини ўқиб бораётган муштарийлар сезганки, таълим масканларидан муаллифлар фаол. Таътил бошланиб, фаолиятида танаффус …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan