Бош саҳифа / Таълим / Назария яратган олим

Назария яратган олим

Мана 14 йил бўлибдики, унинг йўқлигига кўника олмадик. Сафар Абдуназаров жуссаси пишиқ, сийратидан полвонлиги билиниб турадиган, камтарин, хушмуомалали йигит эди. Биз 1968 йил август ойи охирлари мандат комиссияси пайтида танишганмиз.

Комиссиядан кейин тўғри талабалар шаҳарчасидаги университетнинг янги механика-математика факультети жойлашган бинога боришимиз керак эди. Трамвайга тушиб бирга кетдик. Беш йил бирга ўқидик, бирга юрдик, бирга яшадик. Тақдир тақозоси биланми, Термиз давлат педагогика институтида яна бирга ишлай бошладик.

Сафар Абдуназаров 1979 йил Ўзбекистон Фанлар академиясининг М.Т.Ўразбоев номидаги механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги илмий-текшириш институти аспирантурасига ўқишга кириб, академик Т.Жўраев раҳбарлигида 1982 йилда номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Тиришқоқлиги, исътедодини сезган академик Тўхтамурод Жўраев Термизга қайтишига рухсат бермади ва ҳали жавобини кутиб ётган математика соҳасидаги катта масалалар устида илмий-тадқиқот ишларини давом эттиришга ундади. Йиллар ўтаверди, тинимсиз изланишлар натижасида қўйилаган масалалар бирма-бир ечимини топа бошлади ва бу янгиликлар чет эллардаги энг нуфузли журналларда инглиз тилида чоп этилди.

Ниҳоят, 1992 йилда “Каррали характеристикали тенгламалар учун чегаравий масалалар” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Бу ҳимоя замирида кўп йиллардан бери ўз ечимини кутиб ётган, хусусий ҳосилали дифференциал тенгламаларнинг фундаментал ечимлари топилиб, улар ёрдамида коррект қўйилган локал ва налокал чегаравий масалалар ҳал қилинади. Бундай дунёвий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал қилган олим Сафар Абдуназаров бу натижалардан мағрурланиб кетмади. Истеъдодли олим Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети математика факультетининг дифференциал тенгламалар кафедрасини бошқарди. Ёшларни илмга ундади. Натижада сурхондарёлик Баҳодир Жўраев, Одил Қурбонов, Муҳаммади Ортиқов, тошкентлик Абдукомил Ҳошимов, хоразмлик Зариф Собиров каби кўплаб олимлар Сафар Абдуназаров илмий раҳбарлигида Ўзбекистон математиклари орасидан муносиб ўрин эгалладилар.

Синфдошларининг эслашича, Сафар Абдуназаров отаси чўпон бўлганлиги боис ёшлигида яйловма-яйлов юриб, мактабга 1957 йил эмас,1960 йилда биринчи синфга борган. Тиришқоқлиги, хотирасининг ўткирлиги боис, у бир йилда уч синф дастурини ўзлаштириб, мактаб педагогик кенгаши қарори билан бирданига тўртинчи синфга кўчирилган.

Яқинда Термиз давлат университетида таниқли математик олим, профессор Сафар Абдуназаров таваллудининг 70 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, талабалар, олимнинг яқинлари, шогирдлари ва дўстлари иштирок этишди.

Математика фани мисоли уммон. Унда сузиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. У бутун умрини математика фанига бағишлади. Кечани-кеча, кундузни-кундуз демай изланди. Натижада, дунёда биринчи бўлиб юқори тартибли тоқ даражали тенгламалар таҳлил қилинди, уларнинг асосий ва элементар ечимлари ҳамда бу ечимларнинг асимптотик хусусиятлари ўрганилди. Ихтиёрий тартибли характеристикалари каррали бўлган тенгламалар учун потенциаллар назарияси яратилди. Бу эса, ўз навбатида совуқ плазмада ва кучсиз дисперсияланувчи муҳитларда тўлқин тарқалиши масалаларида кенг қўлланувчи Кортвега де Фриз тенгламасининг ечилишига олиб келади.

 Бу том маънодаги фидойилик дегани. Негаки, у ҳали 1982 йил, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган пайтларидаёқ қандли диабет касалига йўлиққан эди. Касалликка йўлиққандан кейин илмий-тадқиқот ишларини бир оз бўлса-да тўхтатиб, даволаниб яшаб юрса бўлар эди-ку. Йўқ, Сафар Абдуназаров бундай қилмади. Тараққиётни орқага суришга ҳаққим йўқ, деб ўйлади. Ўз жонини умуминсоният манфаати йўлида фидо қилди. 2005 йил 8 октябрда Бойсун туманидаги шифохонада бу ёруғ дунёни тарк этди. Бу борада буюк даҳо, Д. Менделеевнинг “Жон фидо қилиб ишланмаса, на истеъдодлар, на даҳолар туғилади”, деган гапларини тан оласан, киши.

Сафар Абдуназаров мустақил юртимизнинг илмий салоҳиятини юксалтиришга ўзининг ноёб изланишлари ҳамда етиштирган шогирдлари билан салмоқли ҳисса қўшган олимлардандир.

Мираҳмад МИРСОБИРОВ,
физика-математика фанлари доктори,профессор,
Ҳайдар ТЎРАЕВ,
физика-математика фанлари номзоди, доцент

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Китоб – мўжизага чорлайди

Китобхонлик, илму маърифат масаласи барча давр ва замонлар учун бирдек долзарб бўлиб келган. Китобга меҳр …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan