Бош саҳифа / Маданият / Навоийда инсон талқини

Навоийда инсон талқини

Отанг боласи бўлма, 
Одам боласи бўл.
А.Навоий

Навоий ҳазратлари, аввало, инсониятнинг икки дунё, бахт-саодати, келажак тақдири нокас, разил одамлар, мол-мулк бандаси, ишрат ва шуҳратпараст шоҳларга эмас, ақли олий, аҳли дониш даҳолар, қалби очиқ, меҳри дарё,

бир сўз билан айтганда, Одамий, яъни комил инсонлар билан боғлиқлигини қалб кўзи билан кўра билган.

Шоир одамни фазилатига қараб яхши ва ёмонга ажратган: ёмон одамга нисбатан нокас, яхши одамга нисбатан одамий атамаларини қўллаган.

Дунёга нима учун келганлигини, умр нима учун берилганлигини билмайдиган, фаҳмлай олмайдиган, яшаш еб-ичиш, ишратдангина иборат деб биладиган, фақат ўзи учунгина яшайдиган одамлар — нокас: тарбия таъсиридан узоқ, қалбларини занг ва чанг босган, тирикликларидаёқ «ўлик» зотлар, Жалолиддин Румий айтганидек, «Ҳайвони нотиқа» («Гапирувчи ҳайвон»)дирлар деган хулосага келган.

Унингча ҳаётини, ақл-заковатини ўзи ва ўзгалар, яъни элу халқ бахт-саодати, тақдири, ғаму ташвиши, жамият тараққиёти, илм-фан, маънавият, маданият равнақи билан боғлиқ, Навоий таъбири билан айтганда, умрини зое қилмай меҳнат қилиб, илму ҳунар ўрганиб, бу ҳунарни «Саодат калити»га айлантирган инсон — одамийдир.

Шоирнинг бу ғоялари:

Одами эрсанг
         демагил одами,
Онингки йўқ халқ
         ғамидин ғами.

* * *

Халққа қилсанг
                бир жафо,
Минг карра
       фарёд айларам.
Менга қилсанг
              минг жафо,
Бир карра фарёд
                 айларам,

каби мисраларида мукаммал акс этган.

Навоий ҳазратларининг: «Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам», деган шиорига айланган фикри шоирнинг Одамийлик ғоясини янада мукаммаллаштиради. Зотан, инсон ўзидаги Аллоҳ ато этган, табиатан берилган қобилият ва имкониятларини тарбиялаб, эъзозлаб юзага чиқарганда — камолга етгандагина ўзини топган, таниган, англаган бўлади. Сўнгра элу халқ томонидан эътироф этилади. Бошқача айтганда, одам жисмидаги барча салбий унсурлари устидан руҳияти, иймон-эътиқод, зухд-тақво, поклик ғалаба қилгандагина, комиллашади — Одамийлик унвонига сазавор бўлади. Шоирнинг:

Одам ул ким сайд
         этиб нафсоният,
Ғолиб ўлса умрида
                   руҳоният,

байти  ана шу ғоянинг  тараннумидир. Навоий ҳазратлари Хусрав ва унинг ўғлини   нокасу ножинслар,   Фарҳодни эса зоти олий, яъни одамий деб атайди. Ёки шоирнинг:

Кимки бир кўнгли
   бузуқнинг хотирин
             шод айлагай,
Онча борким Каъба
       вайрон бўлса,
            обод айлагай,

байтида кимки бир   бечора кўнгли синиқнинг кўнглини кўтарса, дардига малҳам бўлса, вайрон бўлган Каъбани қайта тиклаш билан тенг бўлиши, бу Одамийликнинг олий  намунаси  эканлиги таъкидланган.

Ҳазрат Навоийнинг даҳолиги яна шундаки, шоир XV асрдаёқ зулм-зўрлик, тенгсизлик устидан адолат, жаҳолат устидан ақл, моддият устидан маънавият, нафсоният устидан руҳоният тантана қилмагунча, одам покланиб комиллашмагунча, эл шод, мамлакат обод бўлмаслигини англаб етган: Яъни шоир:

То ҳирсу ҳавас
      хирмани
            барбод ўлмас,
То нафсу
ҳаво қасри
        барафтод ўлмас.
То жабру зулм
       жонига
             бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас,
        мамлакат
               обод ўлмас,

дейдики,  буғоя (башорат) бугунги кунимизда ҳам, келажакда ҳам инсониятни ҳидоятга элтувчи «Бахтнома» деб қаралмоғи керак.

Ривоят: Бир кун Қуёш Ерда нокас махлуқ табиат одамлар кўпайиб кетганлиги, буларнинг юзига юзи тушмаслиги учун чиқмасликка жазм қилгач, Аллоҳ: Ерда тақводор, иймонли бандаларим ҳам бор-ку, шулар учун чиқавер, улар юзингни кўришга муштоқдирлар, деган экан, Қуёш чиқа бошлабди.

Ҳа, Қуёш (Аллоҳюзи)нинг кўриниш, кўринмаслиги, чиқиш, чиқмаслиги Ерда яхши ёки ёмон одамларнинг кўпайиши ёки камайиши билан боғлиқлиги ҳақидаги бу ривоят ғоят гўзал ақида ва ибрат эканлигини англаб тагига етиш керак, азиз ўқувчи.

Хулоса: одамнинг яшаш тарзи, жамият тараққиёти, тақдири, истиқболи муаммоси сифатида барча давр буюклари эътиборларини жалб этган. Жумладан, ҳазрат Навоий халқни таназзулдан сақловчи, ҳидоятга бошловчи, элтувчи ақли дониш, комил инсон, маърифатли шоҳ истаган, бироқўзи ўйлаган, «қидирган» нажоткору халоскорларни топа олмаган, армонга айланган бу орзу.

Қон ютуб умри
    жаҳон аҳлида
         бир ёр истадим,
Лекин ул камроқ
    топилди, гарчи
          бисёр истадим.

                ***

Кимга қилдим бир  
    вафо, юз жафосин
                 кўрмадим,    

каби мисраларида қолиб кетган.

Комил мафкурасиз жамият «Бахт уйи»га борган муҳаббатсиз келин-куёвга, қалбида иймони бўлмаса ҳам жаннат кутиб юрган одамга ўхшайди. Бироқ, келажаги порлоқ, бахтли жамиятни юксак маънавиятли, комил инсонлар, баркамол авлодларгина барпо қилади.

Жаббор
ОМОНТУРДИЕВ,
профессор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Soniyasi hayajonga esh

Roviylarning hikoyasi ba’zan shunchalar afsonaviy tuyuladiki, etim jimirlab, ishonchim shubhadan panoh topadi. Kubroning ahdida qat’iy …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan