Бош саҳифа / Таълим / Навоий ворислари

Навоий ворислари

Албатта, бундай мақомга эришиш осон эмас. Бунинг учун улуғ мутафаккирнинг бизга қолдирган хазинасини пухта ўрганиб, ундаги инсоний фазилатлар, эзгу ғояларни англаб етиб, онгимизга, шууримизга сингдиришимиз лозим бўлади. Шундагина шоирнинг ҳақиқий вориси бўла оламиз.

Яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши, Халқ таълими вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Навоий ворислари” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, асарларининг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уларни китобхонликка ошно қилиш мақсадида ташкил этилган мазкур танловда шоирнинг камида 30 та ғазалини ёд олган 11-15 ёшли ўқувчилар ўзаро беллашишди. Унда кўрик-танловнинг туман босқичида ғолибликни қўлга киритган жами 15 нафар ўқувчи иштирок этди.

— 4 ёшимдан буён улуғ бобокалонимизнинг ғазалларини ёд олишни бошлаганман, — дейди Сариосиё туманидаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шаҳзода Раҳмонова. — Бугунги кунга келиб Навоий ижодидан ёд олган ғазалларимнинг сони 205 тага етди. Албатта, мумтоз шоирнинг ижодини ўрганишимга асосий сабабчи онам бўлгани учун, улар менинг биринчи устозимдир.

Танловда иштирокчилар 4 та шарт, яъни Навоийнинг камида 30 та ғазалини ёд олиш, ғазални бехато ва ифодали ўқиш, уларнинг нас- рий баёнини ярата олиш ҳамда қийин сўзларнинг луғавий маъноларини тушунтириб бериш бўйича куч синашишди. Қатнашчиларни навоийшунос олималардан иборат ҳакамлар жамоаси баҳолаб боришди.

— Аввало, Алишер Навоий ижодини ўрганишга киришган ёшларни кўриб, қувондим, — дейди ТерДУ ўзбек филологияси факультети декани, филология фанлари номзоди Муҳайё Ҳамроева. — Аммо, Навоийнинг ҳақиқий вориси бўлиш учун ғазалларини ёдлаш билан кифояланмасдан, ундаги айрим сўзларнинг луғавий маъноларини ҳам билиш ва ғоявий ифодасини ҳам англаш лозим.

Кўрик-танлов натижаларига кўра Шеробод туманидаги 56-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳичеҳра Абраматова ғолиб деб топилиб, 2018 йил февралда Навоий вилоятида ўтказиладиган танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбий ўқув қуроллар

улардан фойдаланишни ўқувчилар ҳам ўрганади Вилоят мудофаа ишлари бошқармасида мактаб ва касб-ҳунар коллежларининг чақирувга қадар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan