Бош саҳифа / Таълим / Натижалар қандай бўлади?

Натижалар қандай бўлади?

Янги 2018-2019 ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолмоқда.

Ёзги таътилда мароқли дам олган ўқувчилар қадрдон мактабларини соғинган бўлсалар, ота-оналар ҳам фарзандларини ўқув йилига тайёрлаш, уларга зарур буюмларни харид қилиш, уларнинг кўнглига йўл топиш билан банд. Ушбу масъулиятли мавсумга халқ таълими ходимлари, мактаб жамоалари ҳам қизғин тайёргарлик кўришаяпти. Айни жараёнга ҳозирлик хусусида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдурасул Эргашевга саволлар билан мурожаат қилдик.

— Мактабларимизнинг бугунги қуввати ўқувчилар қамровини таъминлаш учун етарлими? 3 навбатда ишлайдиган мактаблар сони қанча? Ўқув йилига тайёргарлик ишларидан қониқаяпсизми?

 — Бугунги кунда вилоятимизда 854 та умумий ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатмоқда. Янги ўқув йилида 1-синфларга 52 398 нафар бола ўқишга қабул қилиниши муносабати билан 2018-2019 ўқув йилида ўқувчилар сонининг ортиши кутилмокда. Бу эса ўз навбатида, мактабларимизда бино қувватига нисбатан ўқувчи сони коэффициентининг ортишига олиб келади.

Шу боис, жорий йилнинг бошидан буён бу масалада зарур тайёргарлик ишларини олиб бораяпмиз. Давлат дастури асосида қурилаётган мактаб бинолари, қўшимча ўқув бинолари қурилиши, касб-ҳунар коллежларидан бўшаётган биноларнинг мактабларга берилиши, шунингдек, мактаблардаги синфхона ва бошқа қўшимча хоналарни мувофиқлаштириш ҳисобига ушбу муаммони тўлиқ бартараф этиш чоралари кўрилди. Янги ўқув йилида мактабларимизнинг уч навбатда ишлашига эҳтиёж қолмайди.

— Вилоят мактаблари учун қайси фанлардан педагоглар муаммоси бор? Бу қандай бартараф этилмоқда?

— Вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларида 11 йиллик мажбурий таълим амалга оширилиши муносабати билан таълим муассасаларида 1 ставка ҳисобидан 2921 нафар педагог кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлиб, уларнинг 998 нафарини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидан бўшайдиган ўқитувчилар, 860 нафарини олий таълим муассасалари битирувчилари, 478 нафарини ўқитувчиларнинг дарс соатларини ошириш, 162 нафарини нафақадаги ўқитувчилар, 144 нафарини Термиз давлат университетининг 4-босқич талабаларини узоқ муддатли амалиётга жалб қилиш ҳамда 279 нафарини бошқа корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган педагогик мутахассисликка эга ходимлар ҳисобидан қоплаш режалаштирилмоқда.

Эҳтиёжнинг асосий қисми — инглиз тили (700 нафар), рус тили ва адабиёти (396 нафар), бошланғич таълим (214 нафар), информатика (170 нафар), она тили ва адабиёт (200 нафар), математика (180 нафар), психолог (95 нафар), кимё (127 нафар), физика (87 нафар), тарих (101 нафар), география (93 нафар), мусиқий таълим (112 нафар), тасвирий санъат ва чизмачилик (109 нафар) фанларидан мавжудлиги аниқланиб, ушбу йўналишлар бўйича вилоятдаги олий таълим муассасаларининг кундузги ва сиртқи бўлимларига қабул квоталари ҳам кўпайтирилди.

Қолаверса, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб икки хафтада бир марта ўқитувчилар учун компьютер саводхонлиги бўйича ўқув маш ғулотлари ташкил этмоқчимиз. Бу эса ўқитувчиларимизнинг билим-малакасини оширишга ёрдам беради.

— Мактабларда касбга ҳам ўргатилади. Мавжуд ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларидаги шароит қониқарлими?

— Ҳозирги вақтда вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган 153 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилиши кутилмоқда. Ушбу ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларидан 102 таси касб-ҳунар коллежларида, 51 таси умумий ўрта таълим мактабларида ташкиллаштирилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2018-2019 ўқув йилида жами 66 083 нафар 10-11-синф ўқувчиларига 51 та йўналиш бўйича касб сирлари ўргатилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, жорий ўқув йилида ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги масофалар узоқ бўлган ҳудудлар учун қўшимча равишда 17 та ўқув ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилиши режалаштирилди. Ўтган ўқув йилида вилоятда жами 136 та ўқув ишлаб чиқариш мажмуаси фаолият юритган бўлса, янги ўқув йилида уларнинг сони 153 тага кўпайтирилади.

— Кейинги ўқув йили халқ таълими учун ҳисобот йили бўлиши кутилмоқда. Мактаб ўқувчиларининг олий таълимга ўқишга кириши натижалари таҳлил этилади. Шу борадаги тайёргарликлар ҳақида нима дейсиз?

— Тўғри, кейинги йилларда мактабларимизнинг 9-синфларини битирган ўқувчиларимиз ўқишни академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида давом эттирганлиги туфайли уларнинг олий ўқув юртларига кириш натижалари бир оз назоратимиздан четда қолганди. 2018-2019 ўқув йилининг якуни билан эса мактабларимизнинг мавқеи 11-синфни битирган ўқувчиларнинг олий ўқув юртига кириш натижалари билан ҳам белгиланади.

Бу борада катта тайёргарлик ишларини олиб бораяпмиз. Вилоятимизда таянч мактаблар ташкил этиб, уларда ўқитувчиларнинг касб маҳорати оширилмоқда. Мактаб раҳбарларига ҳам, ўқитувчилар олдига ҳам ўз устида мунтазам ишлаб маҳоратини ошириб бориш, ҳар бир дарсни “очиқ дарс” даражасида ташкил этиш, фан тўгараклари фаолиятини ривожлантириш, ўқувчилар билан якка тартибда машғулотлар ташкил этиш каби катта вазифалар қўйилган.

Шунингдек, педагогларимизнинг фаолияти, улар таълим бераётган ўқувчиларининг ўқув дастурларини давлат таълим стандарт лари даражасида ўзлаштириши, сифат ва самарадорликка эришишдаги имкониятлари мунтазам мониторинг қилиб борилади.

Ўйлаймизки, бу борадаги ишларимиз самарали бўлади. Ҳисобот йилида ҳар бир умумтаълим мактабимиз ўз олдига қўйган вазифаларни муваффақиятли уддалаб, ҳавас қилгулик натижаларга эришади.

Суҳбатни
Баҳром НОРМУРОДОВ
ёзиб олди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Ёш журналистлар” тўгараги

Иқтидорли ёшлар ҳар бир мактаб, коллеж ва олийгоҳда кўп. Ёшларнинг иқтидорини янада юксалтириш, талаб ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE