Бош саҳифа / Иқтисодиёт / “НАРИМТЕКС”: дунё кезаётган бренд

“НАРИМТЕКС”: дунё кезаётган бренд

Беш қиз ичида Наргиза аёлларнинг қишки кийимларини тикиб, малакаси ошди. У Марғилон тўқимачилик техникумида таҳсил олган кезларида ҳам модельер-чевар сифатида янги фасонлар яратар, турли матоларни бир-биридан тўқилиши, сифатига қараб ажрата оларди.

2006 йилда шаҳарнинг Чилонзор кўчасида мўжазгина хонага оддий тикув машиналарини ўрнатиб, 20 нафар тикувчи билан иш бошлаганида ҳам мижозлари чевархонани излаб топиб келишарди. Одатда аёллар қишки кийимини тикиш учун махсус тикув машиналари керак. Билимдон тикувчи оддий тикув машиналарини қалин матолар тикишга мослаштириб, иш юритди. Аввало, сабр, касбга иштиёқ, муҳаббат Наргизанинг ишига унум, тайёр маҳсулотларига сифат бағишлади.

Янги Марғилон шаҳарчасида қад ростлаган пахта йигиришга мўлжалланган корхонанинг бўш турган биноси моҳир тикувчининг тадбиркорлик фаолияти ривожланишига пухта замин яратди. Ниҳоят, 2012 йилда тадбиркор Наргиза Аминова хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда ана шу бинода “Наримтекс” масъулияти чекланган жамиятга асос солди. Корхонани тубдан модернизация қилишга эришди, Германия, Япония, Италиянинг замонавий бичиш-тўқиш, безак бериш тикув машиналари билан таъминлади.

Бир йиллик ишлаб чиқариш қуввати 35-40 мингта пальто тикиш имкониятига эга корхонада бугун 120 нафар тикувчи хотин-қиз меҳнат қилади.

“Наримтекс” ёрлиғи остидаги бежирим, замонавий пальто, пиджак, куртка ва пальтолар бугун Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Исроил давлатларига экспорт қилинаяпти.

Яқинда Австриядан машҳур дизайнер Ютта Шваймберг хоним ташриф буюриб, тикувчиларга матони бичиш, моделлаштириш, конструкциялаш каби жаҳон андозалари даражасидаги чеварчилик усулларидан машғулотлар ўтказди. У Ёқутхон Мамадалиева, Мадинахон Эргашева, Нигорахон Мамаюсупова каби 1-разрядли тикувчиларнинг ишини юқори баҳолади, бажонидил иш ўргатди. 15 нафар коллежни битирган чевар қиз корхонага ишга қабул қилиниб, уларга меҳнат дафтарчалари очилгани, Марғилон маиший хизмат ва сервис, енгил саноат ва туризм касб-ҳунар коллежлари билан шартномалар тузилгани — ёшларга эътибор кучайиб, иш ўринлари кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Корхона цехларида 100 дан ортиқ энг замонавий, чет элда ишлаб чиқарилган махсус тикув машиналари бир маромда гуриллаб ишлаб турибди.

Наргиза Аминова замонавий атама билан айтганда, ўз бренди билан жаҳонга танилиб бормоқда.

Маъмура АБДУРАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сохта чипталар…

Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ва Олтинсой туман бўлими тумандаги электр таъминоти корхонаси ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE