Бош саҳифа / Жамият / Нақшларидан ҳаёт зеб олар

Нақшларидан ҳаёт зеб олар

Мухтор ака “Ҳунарманд” уюшмасининг вилоят бўлимида ишлагани боис жуда кўп тадбир ва кўргазмаларга ўғли Нурбекни ҳам етаклашни канда қилмасди. Ана шундай кунларнинг бирида кўргазма иштирокчиларига берилган совға ёш Нурбекнинг эътиборини тортди.

Оддий ёғочга шундай ишлов берилган эдики, ундаги жимжимадор нақшларга маҳлиё бўлган болакай бир неча кун ўша сувенирларни ёдидан чиқара олмади. Ахийри отасига бу ҳақида айтганида, у киши:

— Ўша сувенир халқ амалий санъатининг ёғоч ўймакорлиги маҳсулидир. Бу санъат турини сен ҳам ўргансанг бўлади. Иштиёқ ва хоҳиш бўлса бўлгани, — дедию, ишга шошди.

Бу сўзлар Нурбекка куч бўлдими, хуллас қалбидаги қизиқиш мақсадга айланди. Мактабни битирибоқ, ҳунармандлар мактабида ўқийман, деб туриб олди.

Мухтор ака ўғлининг бу шаштини кўриб, уни пойтахт га олиб бориб, уста-ҳунарманд Ғулом Йўлдошевга шогирдликка топшириб қайтди. Тезроқ нималарнидир ясаш, ёғочга ишлов бериш иштиёқида ёнаётган Нурбекка устози Ғ. Йўлдошев нуқул сурат чиздирар, қоғозга нақш солишни ўргатарди. Бу иш Нурбек ўйлагандек осон иш эмас экан. Аммо шунга қарамай, тиришқоқ Нурбек шу йили Бадиий академия қошидаги Республика дизайн коллежининг кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтди.

— Коллежда бир йил давомида фақат нақш чизганмиз, — дейди термизлик Нурбек Содиқов. — Иккинчи йили эса ниҳоят ёғочга ишлов бериб, нақш тушира бошладик. Энг биринчи ишлаган ишимдан кўнглим тўлмаган. Шундан сўнг, янада яхши ишлашга ҳаракат қилдим. Ёғоч ўймакорлигида қўлим келишиб, нақшларим барчага манзур бўла бошлагач, устозларимнинг маслаҳат ва тавсияларига асосан ўз ишларим билан кўргазмаларда иштирок этдим. Санъат ҳафталикларида қатнашдим. Ҳар бир иштирокимда ёғоч ўймакорлиги намуналарини кўрарканман, уларни синчковлик билан кузатдим. Ўзим учун керакли ниманидир ўрганишга уриндим. Битирув малакавий ишимда ҳам ўрганганларим қўл келиб, аъло баҳоларга топшириб олдим.

2018 йил коллежни тамомлаган Нурбек Содиқов Термизга қайтибоқ ишга шўнғиди. Энди Нурбек 3 йил олдинги ҳаваскор ўспирин эмас, балки вилоятда саноқли бўлган уста-ҳунармандлардан бири. У нақш солган буюмлар шунчалик нафис ишланганки, ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Қаҳрамонимиз ҳозирда Тошкент наққошлиги услуби асосида ёнғоқ, чинор, дуб, ясин дарахтларидан ясаган ўйма лаган, шкатулка, қаламдон, лавҳ, панно, сувенирларга зеб беришдек ноёб ишни қилиб келаяпти. У ҳар бир ишга нозик дид, алоҳида қунт ва ижодкорона ёндашади.

— Ҳар бир ҳунармандлик буюми меҳр маҳсулидир, — дейди ёш ҳунарманд. — Баъзан биргина асар яратиш бир неча кунлаб вақт талаб этади. Ҳар бир асар ўзининг нафислиги, қаҳрамон табиатига уйғунлиги, воқеабанд характери билан ажралиб туриши керак. Ҳунарнинг мураккаблиги ҳам шунда. Иш бошлайман, десангиз, банк кредити нақд, харидор тайин. Давлатимиз томонидан берилган имтиёзлардан фойдаланиб, ҳунармандчилик мактабини ташкил этиб, кўплаб шогирдлар тайёрлаш ҳам режамда бор. Ҳозирча эса фақат ўз устимда ишлашни канда қилмаяпман. Ҳа айтганча, илк шогирдларим — укаларим Жасур ва Алижон. Айниқса, кичик укам 10 ёшда бўлишига қарамай ҳунармандчиликка жуда қизиқади. Келажакда зўр ҳунарманд бўламан, деган шаҳд билан нақш туширишга киришган.

Ёш ҳунарманд тайёрлаётган буюмларни 24 турдаги пичоқлар ёрдамида пардозлайди, моҳирлик билан туширилган бетакрор нақшу суратлар эса ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Унинг ижод намуналари жамланган буюмлар хонадондаги мўъжазгина устахонада дид билан териб қўйилганки, кўрсангиз уй музейига келиб қолдим, деган хаёлга борасиз.

— Машаққатли меҳнат, кўз нури ва қалб қўри билан туширилган бу сержило нақшлар менга устозимни эслатади, — дейди Н. Содиқов. — Ёғоч ўймакорлигида 3 та мактабнинг ўз услуб ва йўналишлари борлиги ҳақида ҳам устозимдан ўрганганман. У киши ишимни кўздан кечирар экан, доимо танқид назари билан қараб йўл қўйган камчиликларимни топиб берарди. Нуқул, ўз ишидан кўнгли тўлган ижодкор ижод қилишдан тўхтайди, дер эдилар. Шунданми, ҳар доим ўзимга нисбатан талабчанман. Ва ўз ишимдан қониқиш ҳосил қилмайман. Ана шу ақидага амал қилиб, кам бўлмаяпман.

Нурбек Содиқов томонидан яратилган нафис буюмларга солинган нақшлар жилоси кўзни қамаштиради. Уларда халқимизнинг пок қалби, олижаноб орзу-интилишлари, эзгу ниятлари мужассамдек, гўё. Айни шунинг учун ҳам бундай ижод намуналари ҳеч қачон ўз қимматини йўқотмайди.

Нурбек келажакда Алишер Навоий ва Бобур Мирзо асарларига нозик чизгилар билан ишланган миниатюралар чизишни, мураккаб ва нафис нақшлар акс этган катта ҳажмдаги лавҳ ясашни кўнглига тугиб қўйган.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE