Бош саҳифа / Жамият / Музработнинг “Маданият”и қачон ўзгаради?

Музработнинг “Маданият”и қачон ўзгаради?

“Маданият” маҳалласи  Музработ  тумани  марказидан  20 чақирим масофада  жойлашган. Аҳолиси  3485  киши. Ҳудуддаги  оилалар  сони  875та, томорқа хўжалиги билан шуғулланувчилар 582 та, фермерлар  9 та, тадбиркорлар 27 та,  нафақа  олувчилар   213 нафар,  кам таъминланганлар 7 нафарни ташкил этади. Юқоридаги  маълумотларни ҳаққоний  эканлигига шубҳа қилсангиз, шубҳангиз асосли. Биз ҳам “Маданият” маҳалласи  идорасида бўлиб, ҳудуд “паспорти” билан  танишар  эканмиз, ҳар ойида янгиланиб бориши белгилаб қўйилган маълумотлар охирги бор  жорий  йилнинг  3 январида қайд  қилинганлигига кўзимиз тушди. Начора, маҳалла  мутасаддиларики ўз  ҳудудларини  яхши билмаганликларидан  кейин бизнинг  ҳам  сизга  илинганимиз  шу  бўлди.

Маҳалла раиси Неъмат Ишқобилов, “Маҳалла посбони” жамоатчилик  кенгаши  сардори  Исмоил Ғундаевни шу куни ҳеч ким тополмади.

Давлатимиз томонидан маҳаллага ўзини-ўзи бошқариш органи сифатида ваколат берилган, аммо бу маҳалла раиси  хоҳлаганида  ишга келади, ҳалқнинг дарди, муаммосининг ўзи  истаганича  кўриб  чиқади, кам таъминланганларнинг  рўйхатини  ўзи   билганича  белгилайди, дегани  эмас.  Маҳалла  мутасаддилари   ҳудуд  билан боғлиқ қайд этиб бориш  керак  бўлган кўпгина маълумотларни  тақдим эта олишмади. Хусусан, маҳалла масъуллари аҳоли  бандлиги, жиноятчилик  даражаси, хорижга  чиққанлар, моддий ёрдамга муҳтожлар, фермерлар ва  савдо  шоҳобчаларининг сони  ҳамда  ҳолатини  яхши  билмасликлари ўз ишларига  ғоят  совуққонлик   билан  ёндошиб  келганликларидан  дарак   беради.

“Маданият” маҳалласида  439 ўқувчига эга, 13-ўрта таълим мактаби кўркам, замонавий шароитларга эга бўлсада, бу ерда ёш авлод вакилларига берилаётган  таълим-тарбиянинг  сифат  даражаси ачинарли аҳволда.

Синфларнинг икки навбатли дарс жадваллари бетартиб тузилган,  журналлар ўқув йилининг бир чораги ўтган бўлсада, ҳали ҳамон тутилмаган,  борлари эса мунтазам  тўлдириб  борилмаган.

Биз мактабдаги  иккита синфда бўлиб, бирида математика  фани  ўқитувчиси Исмат Раҳимовнинг “тўйга кетган”лиги сабабли,  информатика  ўқитувчиси дарс бераётганлигининг, бошқасида ўқитувчи Улуғбек Каримовнинг  “мазаси йўқлиги” туфайли келмаганлигидан бошқа фан ўқитувчиси Акбар  Худойқулов ўзи билганича сабоқ бераётганлигининг гувоҳи  бўлдик.

Мактаб  ўқувчилари дарсликлар  билан тўлиқ таъминланмаган.

Мўъжазгина кутубхонада китоб топшириш ва олишга нав батга турган  келажагимиз  эгалари  ҳамда уларнинг китобдан олган таассуротларини  эринмайгина  бирма-бир  сўраётган  кутубхоначи йигитни кўриб кўнглимизга бироз нур инди. Беъжизга кутубхона-нурхона дейишмайди-да.

Кутубхоначининг  бир гапни ҳадеганда такрорлаши  бехосдан эътиборимизни  тортди ва сўрадим.

— Хўш, ўзингиз шу асарни  ўқиганмисиз?

— Йўқ, бу асарни ўқиган эмасман. Чунки, мен кутубхоначи эмасман-да. Менинг онам  кутубхоначи, бугун онамнинг ўрнида  ишлаётгандим!

Маҳалла раиси ва  мактаб директори Қудрат Раҳимовни    ўз иш жойидану “еру-кўк”дан топиб  бўлмаганидан  шуни англаш  мумкинки, Музработнинг “Маданият” маҳалласида мутасаддиларнинг ишга бўлган муносабати  ҳаминқадар. Бугунги  кунда  давлатимиз томонидан маҳалла тизими ва таълимга берилаётган катта эътиборга жавобан ҳудуд масъулларининг ўз вазифаларини  тўғри  амалга оширмаётганликлари  киши дилини хира  қилади.  Хўш, Музработ туманининг  “Маданият” маҳалласида   ишга, вазифага, лавозимга, масъулиятга   бўлган  муносабат қачон   ўзгаради? Биз яна бу мавзуга қайтамиз.

Сарвар ТЎРАЕВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE