Бош саҳифа / Жамият / Музработликларга керак

Музработликларга керак

ёки 12 йилдан буён ечимини
кутаётган муаммо хусусида

Аввало, гапни муддаодан бошлайлик.
Музработ туманидаги экин майдонлари ва аҳоли томорқалари ҳаддан ташқари захлаб кетаётганлиги хусусида ўтган йил ва жорий йилнинг ўтган ойларида газетамизда учта танқидий мақола эълон қилинди. Тўғри, айрим танқидий чиқишларга туман ҳокимлиги ва тегишли корхона раҳбарларидан жавоб хати олдик ва газетамиз саҳифасида чоп этдик. Лекин уларда экин майдонлари ва томорқалар шўрланишининиг олдини олиш ҳақида лом-лим дейилмаган.

Яқинда Музработ туман Таскент қишлоғи “Гулобод” маҳалласи фуқаролари номидан меҳнат фаҳрийси Юнус Холмўминов имзоси билан шикоят хати олдик.

Унда “Таскент қишлоғида жойлашган “Олтинкўл”, “Дуоба”, “Яккатол”, “Гулобод” маҳаллаларида қарийб тўрт ярим минг хонадонда ўн уч мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бир пайтлар қишлоқ аҳолиси томорқаларидан мева, сабзавот, полиз экинлари етиштириб, мўмай даромад қилишарди. Тонналаб майиз олишарди. Афсуски, Бандихон, Қизириқ, Шеробод туманларидаги зовур, дренаж, ёпиқ коллекторлардан чиқаётган зах сувлар тўғридан-тўғри занг каналига туширилган. Бунинг натижасида шусиз ҳам ер ости сизот сувлар яқин бўлган Музработ туманида зах сув туфайли экин майдонлари ҳосилдорлиги кескин пасайиб, томорқалардаги боғ-роғлар қуриб кетмоқда. Айниқса, энг кўп зарар фермер хўжаликлари ва томорқадорлар чекига тушмоқда. Муаммонинг ечимига масъул бўлган мутасаддиларни уйқудан уйғотиб қўядиган мард топилмаяпти”. Бу ачинарли сатрларда хат муаллифининг эмас, балки минг-минглаб музработликларнинг арзи доди мужассам бўлганлигини яхши англаб турибсиз.

БИЛИБ ТУРИБ НЕГА
БУЗАСИЗ?!

Яна бир гап. Биз кўриб-билиб туриб табиат ва экология мувозанатини бузаяпмиз. Донишмандларнинг заминга, табиатга милтиқдан ўқ узсанг, у замбарак билан жавоб беради, деган гаплари бугун ҳар жаб-ҳада ўз исботини топмоқда.

Ҳудуднинг эгаси туман ҳокими ҳисобланади. Шикоят хатини туман ҳокими Ж. Холмуродовга ҳавола қилдик. У киши фуқароларни қабул қилаётган экан. “Маҳалла раисига айттирамиз, у киши шикоятчини  топиб, сизларни кутиб туради”, деб масала моҳиятини англамай гапга якун ясади. Биз текшириш жараёнида Музработ туман ирригация бўлими бош ирригатори Зокир Чоршанбиев, “Гулобод” маҳалласи раиси Таваккал ҳожи Муҳаммадиев, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши масъул ходими Муҳиддин Хоналиев ва хат муаллифи Юнус Холмўминов билан шўр сув қўшиладиган жойга бордик.

Занг канали Қорасув дарёсидан дюкер орқали ўтади. Сойликдан шундоқ юқорига чиққандан собиқ О. Эшонов номли хўжалик дарвозаси ёнидан каттагина бетонланган анҳор келиб Занг каналига қўшилади. Биз ана шу анҳорнинг юқори қисмида ҳам бўлдик. Дарҳақиқат, Бандихон, Қизириқ, Шеробод туманидаги зовур ва коллекторлардан чиқадиган ўта шўр ва зах сувнинг олдига пойдевор бетон блоклар билан тўғон қилиниб, шу анҳор орқали ширин сувга қўшиларкан. Сув иншооти пештоқида шундай сўзлар битилган:

 3-РНР канал.

  1. Қурилиш бошланиши 28.04.06.
  2. Қурилиш тугади 01.07.06.
  3. Канал узунлиги 4,3 км.
  4. Сув ўтказиш қобилияти 10 мс/к.”

Демак, 12 йилдирки қишлоқ хўжалиги учун ҳам фойдаланиши мумкин бўлмаган сув Музработ экин майдонларига оқизилмоқда.

 ҲАЙВОН ИЧМАГАН
СУВНИ КИМГА
РАВО КЎРАСИЗ?

Биз сувдан татиб кўрдик. “Мен ўлик денгизида бўлганман. Зарурда унинг сувини ичса бўлади, лекин бу сувни мутлақо ичиб бўлмас экан”, деди ҳамроҳларимиздан бири.

— Кўриб турганингиздек, “Қорасув” маҳалламизнинг этагидан шу канал ўтади, — дейди ўзини Қодир Бўтаев деб таништирган нуроний. — Занг каналида сув қуриган куз ва қиш ойларида қўй ва подаларимизни шу ерга ҳайдаб келамиз. Шундоқ тумшуғини сувга теккизади-да, ўлсаки, бир қултим ичса. Бу сувдан биз ҳеч қачон фойдаланмаганмиз.

Тилсиз ҳайвон ҳазар қиладиган сувни биз билиб, кўриб туриб экин майдонларимизга, томорқа ва иссиқхоналарга ҳайдаймиз. Музработ туманида 135 минг 490 нафар аҳоли истиқомат қилади. Туманда 23 минг 499 та хонадон, 29 минг 329 та оила мавжуд. Шулардан 2 минг 805 таси томорқали. Умумий томорқалар 4 минг 728,7 гектарни ташкил қилади. Экиладиган томорқа эса 3 минг 418 гектар. Тумандаги 37 та маҳаллада 340 тадан ортиқ иссиқхоналар бўлиб, шулардан 66 таси янги ташкил этилган.

— Одамлар иссиқхона қуриш учун банкдан кредит олишган,— дейди маҳалла оқсоқоли Омонулла Расулов. — Қишда ҳам ёздагидек маҳсулот етиштираман, деб яхши ният қилишган. Иссиқхонадан йилига бир марта ҳосил олиш, қилинган меҳнат ва кетган харажатни қопламайди. — Айниқса, кеч куз ва қиш ойларида Занг канали суви қуригач, зардобдек сап-сариқ зах сувнинг ўзи оқиб келади. Бу эса иссиқхоналарни ҳам ишдан чиқаради. Бундан ташқари, қишда боғига чилла суви берган деҳқон ёз ва куз ойларида дарахтлар қай аҳволга келишини тасаввур ҳам қила олмайди.

 ШЎРЛАНГАН ЕРНИНГ
ХУНИНИ КИМ
ТЎЛАЙДИ?

Бундай гапларни меҳнат фахрийлари Эсон Раҳматуллаев, Равшан Аҳмедов, Аҳмад Холмўминов каби ўнлаб нуронийлардан эшитдик. Тажрибали агроном-энтимолог Ҳамза Алимов бу муаммо хусусида сўз юритиб, шундай дейди. “Агар эсласангиз, бир пайтлар Музработ тумани қишлоқ хўжалигининг барча турлари бўйича режани вилоятда биринчи бўлиб бажарарди. Чорак асрдан буён пахта тайёрлаш режаси бажарилмайди. Полиз-сабзавот экинларидан, боғ-роғлардан режадаги ҳосилни олиш йилдан-йилга қийин бўлиб бораяпти. Бунинг сабаби битта. Ер ости зах сувлари туманда жуда кўтарилган. Тупроқ банитети зах ва шўрлик туфайли йил сайин пасаймоқда. Дард устига чипқон деганларидек, 12 йилдан буён Занг каналининг Музработ туманига ўтадиган қисмидан 5-6 куб яроқсиз зах сув қўшилади. Занг канали тўлиб келганда бу унчалик ҳам билинмайди, лекин каналда чучук сув озайган пайтларда боғзорлар ва экин майдонларига кескин таъсир қилади.

Музработ туманида 27,5 минг гектар қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган ер майдони бўлиб, шундан 15 минг гектар ғалла, 10 минг 500 гектар пахта,  бир ярим минг гектари боғ, шоли, токзор, полиз ва сабзавот маҳсулотларини ташкил этади.

Айниқса, эрта баҳорда ғаллага сув қуйилиб, чигит экиш учун пушта суви олинади. Ана шу пайт далалар оппоқ ун сепгандек шўрланиб ётганини кўрсангиз эди. 2-3 баробар кўпроқ ширинсув қўшилганда ҳам зах сув экин далаларига кескин таъсир қилади. Ўсимликнинг қуриб қолиши, ҳосил элементларининг тўкилиши, кўчат туп сонининг камайиши ялпи ҳосилдорлик пасайишига олиб келади. Қисқароқ қилиб айтадиган бўлсам, келгусида тупроқ структураси қашшоқлашиб, шўрланиши натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда туманда глобал муаммони келтириб чиқаради.”

Туманда 715 та фермер хўжалиги бўлиб, шулардан 383 таси пахта, ғалла, 138 таси боғдорчилик, 10 таси чорвачилик билан шуғулланади. Улар ерни шудгорлаш, текислаш, пушта олиш, экин экиш, ишлов бериш, ҳосилни йиғиб олишгача бўлган жараёнда миллионлаб сўм маблағ сарфлайди. Сув, техника, ёнилғи, минерал ўғит, эҳтиёт қисмлар, турли хил солиқлар, иш ҳақи учун маблағни банклардан қарз олишади. Бу гапларни айтишдан мақсад, 12 йилдирки зах сув туфайли туман қишлоқ хўжалигига етказилаётган зарар биринчи     навбатда фермерлар ва деҳ-қонларнинг гарданига тушмоқда. Иккинчидан, туман ва мамлакат иқтисодий салоҳиятига жиддий зарба бўлмоқда.

АФАНДИ ЎЗИ ЎТИРГАН
ШОХНИ НЕГА КЕСАДИ?..

Биз икки кун давомида тумандаги ўнлаб маҳаллалардаги фермер хўжаликлари, то-морқа соҳиблари билан мулоқотда бўлдик. Уларнинг барчаси Музработ экин майдонларига зах сув оқизилаётганидан норози эканликларини изҳор этишди. “Гулобод” маҳалласи раиси Т. Муҳаммадиев “Бир пайтлар биз туманда бўлган йиғилишда  вилоят ҳокими бўлиб ишлаётган Т. Мамараимовга шу масала бўйича мурожаат қилдик. Ўнлаб фермерларнинг арзу додлари тинглангандек бўлди. Бироқ натижа ўзгармади”, дейди. Биз ҳам бу масалада тумандаги мутасадди ташкилотлардан маълумот сўраганимизда “Тошкентдан, вазирликдан мутахассислар келишиб, сувдан намуна олиб кетишди. Бизга фойдаланса бўлади, деган хулоса беришди”, — деган гапларни айтишди. Лекин ҳеч ким расмий ҳужжат кўрсата олмади.

— Қурғоқчилик ҳар йили келавермайди. Келганда ҳам насос орқали Амударёдан олиб, Занг каналига ташланаётган сув шунча йиллардан буён туман экинларига етиб, ортиб турганди. Зах сувни дамба қилиб, Занг каналига қуйиш қайсидир манфаатдор ташкилот  раҳбарининг ташаббуси билан бўлган иш. Агар экиндан чиққан поёноб бўлса, бу бошқа гап. Умрим давомида яроқсиз зах сувни гулдек экин майдонига бошқарган деҳқонни, раҳбарни кўрмаганман. Бу элга, юртга хиёнат-ку, — дейди нафақадаги агроном Н. Устоев.

АЛҚИССА…

Шу ўринда бир лирик чекиниш қилсак. Кунларнинг бирида… боғ қилсанг қарийди, қўрғон қурсанг эскиради, от қилсанг толиқади, кийган тўнинг унниқади, бойлик, мансаб, амал ҳам лаҳзадек ўтади. Бу — аксиома! Фақатгина нав-қирон ва сахий, туганмас қудрат соҳиби, киндик қонимиз тўкилган замин — ота мерос Ватанимиз ҳамиша боқий. Бу замин Одам ато, Момо ҳаводан буён фарзандларини онадек бағрига олиб, едириб, тўйдириб келаётганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин она ер беғараз хизматлари ва турфа неъматларини фарзандларига миннат қилмаган ва қилмайди ҳам. Шу маънода Аллоҳ битикларида заминга САХИЙ, деб таъриф берилади. Улуғ шоиримиз А.Орипов дунё аламларидан тўйиб кетганда: “Ўзинг она бўлгин менга табиат!” деб бежиз хитоб қилмаганди.

Хулоса шуки, бир томони Афғонистон, бир томони Туркманистон билан туташ, вилоятда энг катта ҳудудни эгаллаган Музработ тумани томорқа ёки бир кичик иншоот эмаски, вақти келиб уни бузиб, қайтадан қурсак. Бу ер, бу замин бир йиллик ёки ўн йиллик омонат эмас. Минг йиллардан буён аждодларимизни боқиб келган ва бундан кейин ҳам авлодларимизни боқади ва бағрига олади. Раҳбарлар, мутахассислар кабутарлардек келиб-кетгувчи. Лекин Музработ то маҳшар кунига қадар ўз ўрнида муқим қолажак. Балки туман ва вилоят сув хўжалиги бошқармаси, туман ҳокимлиги ёки тегишли вазирликларга бу муаммонинг қиймати йўқдир. Аммо минглаб музработликлар учун бу ҳаёт-мамот масаласи. Эҳтимол, бу масала кимларгадир аҳамиятсиздир, лекин музработликларга Музработ керак. Керак бўлганда ҳам барча экин майдонлари шўрланган, дашту адирларини зах босган, кўз ўнггида боғлари, экинлари қуриётган Музработ эмас, ҳамиша яшнаб тургувчи, чўпон таёғини тиқса кўкариб ҳосил бергувчи навқирон Музработ керак! Бу муаммолар қачон ҳал бўлар экан, деб музработликлар раҳбариятдан нажот ва имдод кутмоқда.

Биз бу борада туман, вилоят ва республикадаги тегишли идоралардан жавоб кутиб қоламиз.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” махсус мухбири   

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan