Бош саҳифа / Жамият / Музработликлар мурожаати

Музработликлар мурожаати

Музработ туман маданият ва истиро-ҳат боғида вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди.

Аввало, қабул ўтказишга алоҳида тайёргарлик кўрилганини қайд этиш ўринли, деб ўйлаймиз. Боғда мактаб, коллеж, маҳаллаларнинг халқ ҳунармандчилиги, миллий қадриятларга бағишланган кўргазмалари ташкил этилган. Оқ ўтовлар тикилган. Дарахтларга шакл берилган. Сўлим ва осойишталик касб этган истироҳат боғига қадам қўйишингиз билан кўнглингиз тоғдек кўтарилади.

Қабул маросимида вилоят ҳокимлиги ходимлари, бошқармалар, “Маҳалла” жамғармаси, ташкилотлар ва корхоналар раҳбарлари, тумандаги барча маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари, журналистлар иштирок этди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов фуқароларни бирин-кетин қабул қила бошлади. Ўнлаб фуқароларнинг мурожаатлари шу ернинг ўзида ҳал этилди. Масалан, “Халқ йўли” маҳалласида яшовчи Дилдора Муродованинг икки ёшдаги ўғли юрак хасталигига учраган. Унинг юрагини операция қилиш зарур. Вилоят ҳокими вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғини чақириб, бугуннинг ўзида йўлланма бериш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш вазифасини топширди. Биринчи гуруҳ ногирони Нодира Тўхтаровага кам таъминланган оилаларга мўлжалланган бинонинг иккинчи қаватидан уй ажратилган. У эса иккинчи қаватга чиқиб тушишга имкони йўқлигидан шикоят қилди. Шу ернинг ўзида унга биринчи қаватдан уй берилди. Шунингдек, “Янги диёр” маҳалласида яшовчи Барно Раҳимовага ногиронлик аравачаси, икки нафар кам таъминланган оилага тикув машинаси топширилди.

Қабул жараёнида “Мен камбағалман, фалон маҳаллада яшайман, бунча хонали уйим бор. Шуни замонавий қилиб таъмирлаб беринг”, деб мурожаат қилган кишилар кўпчиликни ташкил этди. Аччиқ бўлса ҳам бир нарсани тан олиш керак. Ҳали халқимиз боқимандалик кайфиятидан қутилмаган. Кўпчилик ўз қобиғидан чиқа олмай, “Берсанг ейман, урсанг ўламан” қабилида яшаб келмоқда. Тоғни урса, талқон қиладиган эркак ва аёллар, уларнинг алпдай ўғиллари, қизлари бўла туриб, уйни таъмирламаса, томининг синган шиферини алмаштирмаса, томорқасининг ариғини қазмаса, ўзи яшайдиган кўчани супурмаса, дарвозасининг олдида бир парча жойга райҳон, гул экиб, 10 сотих томорқасини қишин-ёзин яшнатиб қўймаса, бундай хонадондан яна нимани кутиш мумкин? Онадан кўрган тўн бичар, отадан кўрган ўқ йўнар, деган гап бор. Хўш, ана шундай боқиманда кайфиятдаги ота-онанинг фарзандлари эртага нима бўлади?

Қабулда яна бир нарса маълум бўлдики, мурожаат учун асосан аёллар, келинлар келишган. Баҳодир Пўлатов бу ҳолатга: “Нега алпдай йигитлар уйда туриб, шикоятга аёллар келади? Эркак бўлсанг, оиланинг муаммосини ҳал қилиш учун ўзинг келмайсанми?” дея алоҳида урғу берди.

— Бугунги сайёр қабулдан ниҳоятда хурсанд бўлдим, — дейди Дилафрўз Саидова. — Мен “Дўстлик” маҳалласида яшайман. Фарзандимни кеча Тошкентдаги шифохонадан олиб келдим. Унинг юрагини операция қилиш керак. Бу иш қанчалик тез амалга ошса, бола шунчалик тез соғаяди, дейишди шифокорлар. Вилоят ҳокимининг ёрдами билан фарзандимга операция учун махсус йўлланма бериладиган бўлди.

Бундан ташқари, Ангор ва Шеробод туманидан келган мурожаатчилар ҳам ўз муаммоларини ҳал қилишга эришдилар. Шу куни 142 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди, кўпчилиги жойида ҳал этилди. Қолганлари эса қатъий назоратга олинди. Қабул сўнгида Баҳодир Пўлатов фуқароларга юзланиб, мурожаатларингиз 15 кун ичида ҳал этилади ва бу борада тегишли жавобни оласизлар, деб қатъий таъкидлади.

Аслида ўзини ҳурмат қилган, туғилган қишлоғини, туманини, вилоятини, Ўзбекистон аталмиш юртини севган инсон ўзининг қўлидан келадиган арзимас, икир-чикир нарса учун давлат идораларига ёки ҳокимиятга ариза-шикоят қилиб юрмайди.

Хуллас, бу галги сайёр қабулдан Музработ аҳли қониқиш ва мамнуният билан уйларига қайтишди.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири
Абдусалом ЙЎЛДОШЕВ,
“Музработ” газетаси бош муҳаррири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE