Бош саҳифа / Жамият / Музработлик болаларнинг айтар сўзи бор

Музработлик болаларнинг айтар сўзи бор

Бундан 17 йил олдин Музработ тумани “Орият” маҳалласидаги фаолияти тўхтаб қолган болалар боғчаси биноси ташландиқ аҳволда эди. Кейинчалик гоҳ пиллахонага, гоҳ ишчиларнинг ётоқ жойига айланган эски бино бугун барча шароитларга эга шинам, ёруғ хоналардан иборат кўркам боғчага айланди.

Музработ туманида вилоят ҳокими ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида тумандаги 8-мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Янгидан барпо этилган мазкур таълим муассасасининг капитал таъмирлаш ишларига давлат бюджетидан 935 миллион сўм маблағ ажратилди.

— Туманимиздаги “Орият”, “Дарбанд”, “Янги ер” маҳаллалари ҳудудида мактабгача таълим муассасаси йўқ эди, —  дейди 8-МТМ мудираси Садоқат Муқимова. —  Энди ушбу маҳаллалар  болалари ҳам бошқа тенгдошлари каби замонавий, барча қулайликларга эга мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия олишади. Эътиборлиси, муассасада тарбияланадиган болаларнинг 15 фоизи, яъни кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади. Улар бадал пулини тўлашдан озод этилади.

— Тиббиёт коллежини тамомлаганман, аммо фарзандларимга қаровчи бўлмагани туфайли ишлай олмасдим, — дейди “Орият” маҳалласи фуқароси Сабрина Қурбонова. — Мана энди, фарзандимни ушбу мактабгача таълим муассасасига бериб, ишламоқчиман. Ниҳоят, орзуим ушалиб, фарзандларим мана шундай чиройли, шаҳарникидан қолишмайдиган боғчада тарбияланадиган бўлди. Энди мен ҳам бошқа аёллар каби ишлашим, ўзимга вақт ажрата олишим мумкинлигидан жуда қувоняпман.

Масканда ошхона жиҳозларидан тортиб, кир ювиш, ювиниш, машғулот ўтказиладиган хоналаргача жиҳозланган. Муҳими, бу ерда тарбияланадиган жажжиларнинг ота-оналари боғчадаги шароитдан кўнгли тўқ. Энди улар аввалгидек хоналарнинг иссиқ-совуқлиги ёки фарзандининг нима овқат егани билан эмас, балки қандай шеър, эртак ёд олгани, инглиз тилида қандай қўшиқ айтиб бериши мумкинлиги билан қизиқади. Болаларнинг ҳам момою бобосига эртакдаги саройдек ясатилган боғчаси ҳақида айтар сўзи бўлади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
Сурхон тонгимухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE